Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Индонезиядаги масжидда портлаш: 55 киши жароҳатланди. Гумондор 17 ёшли ўқувчи
Жакартадаги мактаб мажмуасида жойлашган масжидда – жума намози вақтида содир бўлган портлашлар оқибатида ўнлаб одамлар куйиш жароҳатини олди. Дастлабки тахминларга кўра, портловчи мослама – қўпол муомалага учраб юрган ўқувчи томонидан мактабга олиб келинган.
Фото: Reuters
Полиция маълумотига кўра, ҳодиса маҳаллий вақт билан соат 12:15 атрофида пойтахт Жакарта шаҳрининг Келапа Гадинг туманидаги мактаб мажмуасида жойлашган масжид ичида юз берган.
Портлашдан сўнг 55 киши турли даражадаги — енгил ва оғир, жумладан, куйиш жароҳатлари билан шифохоналарга ётқизилган. Вафот этганлар ҳақида маълумот йўқ.


Индонезия полиция бошлиғи Листё Прабовонинг айтишича, гумонланувчининг ўзи ҳам жароҳат олган.
Унинг сўзларига кўра, ҳодиса юзасидан тергов олиб борилмоқда, жумладан, «гумондор портловчи мосламани қандай тайёрлагани ва ҳужумни қандай амалга оширгани» ўрганилмоқда.
«Машъум товушни эшитганимизда жуда ҳайрон бўлдик — портлаш жуда кучли эди. Юрагимиз тез ура бошлади, нафас олиш қийинлашди ва биз ташқарига югурдик», — деди Reuters билан гаплашган 43 ёшли Люциана. У ҳодиса пайтида мактаб ошхонасида ишлаётган эди.
Унинг сўзларига кўра, бир неча портлаш содир бўлган, деразалар синиб кетган ва ўнлаб одамлар саросимага тушиб, мажмуадан қочиб чиққан.
Мактаб ўқувчиларидан бирининг ҳукуматга қарашли Антара ахборот агентлигига айтишича, портловчи мослама қўпол муомалага учраб юрган ўқувчи томонидан мактабга олиб келинган.
Бошқа ўқувчилар эса гумонланувчини «ёлғиз юрадиган шахс» деб тасвирлаган. У тез-тез зўравонлик саҳналарини чизган ва портлашдан кейин ерда ётган ҳолда топилган.
Жакарта полицияси юқори лавозимли расмийси воқеа жойида қуролга ўхшаш икки буюм топилганини тасдиқлади. Антара нашри эълон қилган суратларда уларнинг бири автомат қуролга, бошқаси пистолетга ўхшаб кўринган. Шунингдек, воқеа жойидан қурол ўқлари учун мўлжалланган тўқ яшил рангли белбоғ ҳам топилган.
Автомат қуролга ўхшаш буюмда «Brenton Tarrant. Welcome to Hell» – «Брентон Таррант. Дўзахга хуш келибсан» деган ёзув бор эди. Брентон Таррант – 2019 йилда Янги Зеландиядаги Ислом марказига ҳужум қилиб, 51 кишини ўлдирган террорчи ҳисобланади.
Кейинроқ воқеа жойига ташриф буюрган вазир қуроллар ҳақидаги даъволарни рад этди — «расмларда кўрсатилган нарса аслида ўйинчоқ қурол бўлиб чиққан», деди у.
Шунингдек расмийлар тергов ҳали давом этаётганини таъкидлаб, жамоатчиликни портлашни «терроризм ҳаракати» деб тахмин қилмасликка чақирган.
8 ноябрга ўтиб, Индонезия полицияси масжидда содир бўлган портлашлар юзасидан тергов давомида портловчи модда бўлиши мумкин бўлган кукун топганини маълум қилди.
Полиция бошлиғининг айтишича, гумондор – 17 ёшли ўқувчи ҳозир жарроҳлик амалиётидан сўнг соғайиш босқичида.
«Бир нечта далилий буюмлар топилди. Хусусан, ёзма материаллар ва портлашга сабаб бўлиши мумкин бўлган бироз кукун топилди», — деди полиция бошлиғи Листё Прабово.
Унинг айтишича, бошқа маълумотлар – ижтимоий тармоқлар ва гумондорнинг оила аъзолари орқали барча тафсилотлар аниқлаштирилмоқда.
Прабово шунингдек, гумондор талаба жума куни ўтказилган жарроҳлик амалиётидан сўнг соғаяётганини билдирди.
«Унинг аҳволи яхшиланмоқда, бу эса тергов жараёнини давом эттиришимизни осонлаштиради деган умиддамиз», — деди полиция бошлиғи.
Мавзуга оид
10:17 / 25.03.2026
272 та масжидда фавқулодда огоҳлантириш ускуналари ўрнатилди
11:22 / 24.03.2026
Ўмонда Темурийлар изи топилди: сарой ва масжидларда Самарқанд услуби
09:25 / 06.03.2026
Малайзия ва Индонезиядан жалб қилинган сайёҳлар учун субсидия ажратилади
11:46 / 28.02.2026