Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ливерпул» бозорни портлатмоқда: клуб янги футболчилар учун аллақачон 300 млн евродан ортиқ маблағ сарфлади
Ва бу билан тўхтамоқчи эмас. Клубда бунча пул қаердан?
Фото: Getty Images
«Ливерпул»нинг энг оптимистик фанатлари ҳам ёз бундай ўтишини кутмаганди: июл охирига келиб клуб аллақачон беш нафар янги футболчи сотиб олиб, трансферлар бўйича рекордини янгилади – июн ойида Вирцга 125 миллион евро тўланганди, энди эса 80 миллион евро эвазига (15 миллион еврогача етадиган бонуслар ҳам ваъда қилинган) «Энфилд»га Экитике ташриф буюрди.
Англиянинг амалдаги чемпиони бу билан тўхтамоқчи эмас: кўплаб инсайдларга кўра, Арне Слот янги марказий ҳимоячи олинишини ҳамда ҳужум чизиғи янада мустаҳкамланишини кутмоқда.
Бундай фаоллик кўпчиликни ажаблантирди, чунки «Ливерпул» сўнгги вақтларда Европанинг трансферлар ойнасида анча вазмин ишлайдиган ва қимматбаҳо трансферларга жазм этмайдиган топ-клуби ҳисобланарди.
2025 йил ёзида эса стратегия ўзгарди ва бунинг ўз сабаблари бор.
«Ливерпул» кучли трансфер кампанияси ўтказиш учун йиллар давомида пул тежаганди
2015 йилдан кейинги трансферлар ойнасидаги ҳаражатлар олинганда «Ливерпул» тоза харажатлар бўйича (сотувдан тушган пуллар айириб ташланганда) еттинчи ўринни банд этган: жамоа АПЛдаги анъанавий олтиликнинг беш вакили ҳамда «Нюкасл»ни олдинга ўтказиб юборган.
Грандлар трансфер рекордларини янгилаш билан банд бўлганида, мерсисайдликлар ўз академиясидаги футболчиларга эътибор қаратиб, уларни янги босқичга олиб чиқишга ҳаракат қилган.
Сўнгги ўн йилликда қимматбаҳо харидлар ҳам бўлган – ван Дейк, Алиссон, Нунес. Аммо «Ливерпул»нинг ҳозирги раҳбарияти учун бу истисно ҳолатлар эди – бу футолчилар олиниши туфайли клуб бошқа позицияларни кучайтирмаган ва кам сонли трансферлар билан чекланган.
Энди эса барчаси ўзгарди.
Ёзнинг дастлабки икки ойида «Ливерпул» Флориан Вирц, Милош Керкез, Жереми Фримпонг ва Уго Экитикени трансфер қилди. Шунингдек, трансфери ҳақида бир йил муқаддам келишиб қўйилган Георгий Мамардашвили расман сафга қўшилди, ҳисоботларда бу футболчи ҳам янги мавсум учун трансфер сифатида қайд этилади.
Бу футболчилар учун харажатлар 300 миллион еврога етди, олдинда эса яна икки-уч трансфер бўлиши мумкин. Лекин бу захира ўриндиғи учун эмас — инсайдерлар «Реал»даги Родриго, «Нюкасл»даги Энтони Гордон ва ҳатто Александер Исак бўйича музокаралар ўтказилаётганини ёзишган. Шу тариқа, «Ливерпул» ёзги трансферлар ойнасидаги харажатлар бўйича 400 миллион евролик нуқтадан ўтиши мумкин.
Агрессив трансфер сиёсати ташаббускори – Майкл Эдвардс, у «Ливерпул» эгаси ҳисобланган Fenway Sports Group компаниясида 2024 йилдан бошлаб барча футбол амалиётларини назорат қилувчи менежер ҳисобланади. Аввал у клуб спорт директори эди (айнан унинг даврида Мане, Салоҳ, ван Дейк, Алиссон ва бошқа кўплаб юлдузлар олиб келинган, шунингдек, Коутинио 140 миллион еврога пулланганди). Энди у клубдаги асосий раҳбарга айланди ва афтидан айнан у Moneyball вектори бўйича бозорда шов-шув кўтараётган қимматбаҳо трансферлар учун масъулдир.
Бунча пул қаердан?
Ҳал қилувчи омил – иқтисод қилингани: клуб ҳар мавсумда турнирлардаги иштироки учун катта пуллар ишлаб олган, аммо сўнгги икки трансфер ойнасида фақат 12 миллион евро сарфлаган. Федерико Киезани сотиб олиш учун. Таққослаш учун, 2024/25 йиллар мавсумидаги натижалар туфайли (АПЛ чемпионлиги, Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичидаги биринчи ўрин) 220 миллион евродан ортиқ даромад келтирган. Бундан ташқари, тижорий даромадлар ҳамда ҳомийлик келишувларидан тушадиган маблағлар ҳам ошиб борган – масалан, adidas билан янада яхшироқ шартларда янги келишув тузилган.
Шунингдек, «Ливерпул» ҳали асосий активларини сотишга улгурмаганини ҳам ҳисобга олиш керак, эҳтимолий трансферлардан тушадиган маблағ молиявий ҳисоботни мувозанатга келтириши керак: Луис Диас «Бавария» билан музокаралар олиб бормоқда, Дарвин Нунесга эса Саудия Арабистонидан таклиф бор. Иккиси учун қўшимча 100-150 миллион евро ишлаб олиниши мумкин.
Қизиллар бу ёзда Кевин Келлеҳер, Трент Александр-Арнолд ва Жарелл Куанса каби футболчилари трансферидан 60 миллион евро ишлаб олган.
Ҳарви Эллиотт ҳам кетиши кутилмоқда, клуб унинг учун камида 50 миллион евро ишлаб олишни кўзлаган, шунингдек, академия тарбияланувчилари Тайлер Мортон ва Бен Доак ҳам бир неча ўн миллион еврога пулланиши мумкин.
Лекин шунда ҳам «Ливерпул» трансферлар ойнасини барибир минусда якунлаши эҳтимоли юқори. Аммо «Энфилд»дагилар буни ўзига эп кўра олади.
Бошқа масала муҳим: доимий равишда АПЛ грандларига муаммо туғдираётган молиявий қоидалар билан нима бўлади? Аммо бу ерда ҳам ҳеч қандай муаммо йўқ: кўп йил давомида иқтисод қилингани ва трансферлар масаласидаги интизом клубга АПЛдаги даромадлилик ва барқарор ривожланиш (PSR) қоидалари, шунингдек, молиявий фейр-плей нормалари доирасида катта захира яратиш имконини берган. Молиявий экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, «Ливерпул» бу трансферлар ойнасида ҳисоботлар билан боғлиқ муаммолардан қўрқмасдан, футболчиларини сотмасдан ҳам яна 100 миллион евродан ортиқ маблағ сарфлаши мумкин.
Бунга битимлар тўғри тузилиши туфайли ҳам эришилган: трансферлар учун пуллар бирданига эмас, траншларга бўлиб тўланади, бу эса ҳисоботга маблағнинг фақат бир қисмини киритишга имкон беради: масалан, бу ёз учун ҳисоботларда Вирц учун 100 миллион фунт эмас, 20 миллион фунт ёзилади. Бундай йўлдан «Ливерпул»дан бошқа клублар ҳам фойдаланади, аммо бошқа омиллар билан биргаликда бу клубга молиявий масаларда хотиржам бўлиш имконини беради.
Шунингдек, кўп йиллардан буён илк бор шу йил «Ливерпул» инфратузилма учун пул сарфлашига ҳожат йўқ. Стадион максимум кенгайтириб бўлинди, ўта замонавий машғулот базаси барпо этилди, 2015 йилда «Энфилд»ни кенгайтириш бошланганидан буён ҳар йили қўшимча маблағлар ажратиб келинганди, энди ишлар якунланган. Қолаверса, стадионда янги ташкил этилган ўриндиқлар ҳам клуб учун қўшимча даромад манбайи бўлади.
«Ливерпул» мухлислари тежамкорлик шароитида ажойиб натижаларга эришган ҳамда клубни янги даражага олиб чиққан Юрген Клоппдан миннатдор бўлишлари керак. Энди мерсисайдликлар Европанинг энг яхши жамоаларидан бири бўлган ҳолда таркибни янада кучайтириш учун жуда кўп пул сарфлаши мумкин бўлади.
Ўтган мавсумда клуб даромадлари тарихда илк бор 800 миллион евродан ошди, бунгача Англияда бундай рақамни фақат «Манчестер Сити» қайд эта олган. Қолаверса, августда ТВ-трансляциялар ҳуқуқлари бўйича янги цикл бошланади ва АПЛ клублари даромадлари ўртача 17 фоизга ошади. Буларнинг барчаси клубнинг келажакда ҳам молиявий жиҳатдан барқарор бўлиб қолишини англатади.
Бироқ, бундай трансфер сиёсати одатий ҳолга айланишини кутиш қийин: ёзги харидлар билан Слот янги жамоаси учун пойдевор қўяди ва катта эҳтимол билан «Ливерпул» кейинги ёзларда ўзини анча хотиржам тутади.
Мавзуга оид
14:34 / 14.12.2025
Салоҳ қайтди ва рекорд ўрнатди, «Арсенал» ва «Барса»да қийин ғалаба
23:35 / 11.12.2025
Салоҳ «ёрилди»: муаммо нимада?
20:53 / 09.12.2025
Салоҳнинг демарши. Нега бундай бўлди ва буёғига нима бўлади?
19:26 / 07.12.2025