Ўзбекистон | 13:01 / 15.06.2023
21732
2 дақиқада ўқилади

“Биз ҳеч кимни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз” – Шавкат Мирзиёев Қўқон бозоридаги ёнғин ҳақида

Фото: Президент матбуот хизмати

Айни пайтда фарғоналик сайловчилар билан учрашувда иштирок этаётган президентликка номзод Шавкат Мирзиёев Қўқон бозорида содир бўлган йирик ёнғин ҳақида ҳам муносабат билдирди.

— Бир масалага алоҳида тўхталиб ўтсам. Шу ҳафтада Қўқондаги буюм бозорида содир бўлган ёнғин юзлаб тадбиркорларимизга зарар етказди. Қўқонлик тадбиркорларимиз хотиржам бўлсин, биз ҳеч кимни ўз ҳолига ташлаб қўймаймиз. Бу бозор узоғи билан бир ойда тўлиқ тиклаб берилади, бунга барча куч ва воситаларни сафарбар қиламиз. Ким қайси дўконда фаолият юритган бўлса, ўша ерда тадбиркорлигини давом эттиради, деди у.

Номзоднинг қўшимча қилишича, ёнғиндан зарар кўрган барча тадбиркорларнинг кредит ва солиқ тўловлари муддати кечиктирилади. Уларнинг қайта оёққа туриб олишларида айланма маблағ учун имтиёзли кредитлар ажратилади. Ёнғин оқибатида бозорга туташ ҳудудларда зарар кўрган аҳоли хонадонлари тўлиқ таъмирлаб берилади.

“Умуман, етакчи лойиҳа ташкилотларини жалб қилиб, бозорларни замонавий, қулай, барча хавфсизлик талабларига жавоб берадиган савдо комплексларига айлантириш бўйича катта дастур қабул қиламиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид