Жамият | 15:27
5600
3 дақиқада ўқилади

Онанинг туши орқали очилган Қўқондаги қотиллик ишида ҳукм ўқилди

Суд уч ўсмирга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади. Уларнинг иккиси қасддан одам ўлдириш, мурдани таҳқирлаш ҳамда ўғрилик, бири эса қотиллик жинояти ҳақида хабар бермасликда айбли деб топилди. Қўшимча тергов ҳаракатларида қотиллик содир бўлган вақтда судланувчиларга ҳамроҳлик қилган Абдуллоҳ Содиқов айбсиз деб топилиб, ишнинг у ва бошқаларга оид қисми ҳаракатдан тугатилган.

Фото: Kun.uz

Қўқон шаҳрида 17 ёшли Хуршид Ҳайдаровнинг ўлдирилиши билан боғлиқ жиноят иши юзасидан суд ҳукми ўқилди.

Kun.uz танишган ҳукмга кўра, 2007 йилда туғилган Шоҳжаҳон Ғаниев ҳамда 2009 йилда туғилган Муртозхон Мансуров 2025 йил 20 июн куни Хуршид Ҳайдаровни Қўқон шаҳар Кичик Ганжиравон маҳалласи ҳудудидаги дала майдонига таклиф қилган. Улар ёғоч сўрида пиво ичишган. Сўнг Шоҳжаҳон Ғаниев ўзи билан олиб келган сиқма клейни тайёрлаб, Хуршид Ҳайдаровга ҳидлатган. Оқибатда Хуршид ўзини-ўзи ҳимоя қила олмайдиган ожиз аҳволга тушиб қолган. Шунда Шоҳжаҳон унинг орқа томонига ўтиб, бўйнидан бўғган. Бу вақтда Муртозхон Хуршиднинг оёқларидан ушлаб, унинг қаршилик қилиш имкониятини чеклаб турган. Шоҳжаҳон шу ердаги ип билан Хуршиднинг бўйнидан қаттиқ тортиб боғлаб қўйиб, уни қасддан ўлдирган.

Сўнгра судланувчилар жиноят изини яшириш ва Хуршид гўёки ўз жонига қасд қилгандай қилиб кўрсатиш мақсадида унинг мурдасини темирйўлга чиқариб қўйишган. 2025 йил 20 июн куни тунда “Қўқон–Поп” йўналишида ҳаракатланиб келаётган юк поезди Хуршид Ҳайдаровнинг мурдасини босиб кетган.

ЖИБ Қўқон шаҳар судининг 2026 йил 26 февралдаги ҳукми билан Шоҳжаҳон Ғаниев қасддан одам ўлдириш, қабрни таҳқирлаш ва ўғрилик, Муртозхон Мансуров одам ўлдириш ва ўғрилик жиноятларини содир этганликда айбли деб топилган. Шоҳжаҳон Ғаниевга 12 йил, Муртозхон Мансуровга 10,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Шунингдек, жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш жиноятида айбли деб топилган Муҳаммадфаёзхон Ёқубовга 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, у суд залидан қамоққа олинган.

Маълумот учун, Муҳаммадфаёзхон Ёқубов Хуршид Ҳайдаровга нисбатан содир этилган ўта оғир жиноят ҳақида аниқ билгани ҳолда бу ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга хабар бермаган.

Жиноят иши аввалроқ суд ажрими билан терговга қайтарилганди. Маълум бўлишича, қўшимча тергов ҳаракатлари давомида вояга етмаган Абдуллоҳ Содиқовнинг қотиллик жиноятига алоқадорлиги аниқланмаган ва ишнинг унга оид қисми ҳаракатдан тугатилган.

Судланувчиларнинг ҳар иккиси ўз кўрсатмасида Абдуллоҳ Содиқов воқеа жойида бўлганини тасдиқлаган. Муртозхон Мансуров эса ўз кўрсатмасида Хуршид Ҳайдаровнинг мурдасини темирйўлга кўтариб боришда Абдуллоҳ Содиқов ёрдамлашгани, яъни у мурданинг ўнг оёғидан ўзи, чап оёғидан Абдуллоҳ Содиқов ҳамда қўлларидан Шоҳжаҳон Ғаниев кўтариб борганини айтган.

Kun.uz аввалроқ Хуршид Ҳайдаровнинг ўлими юзасидан суриштирув ўтказган, унда марҳумнинг онаси жиноятга алоқадор айрим шахслар “сувдан қуруқ чиқиб кетиш”га уринаётганини айтганди.  

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид