Гипсдан декорлар ясаш - декретда антистресс ва даромад манбайим
Гулибону Муҳаммадаминова ҳикояси








Гулибону Муҳаммадаминова – 24 ёшда. Асл мутахасислиги рус тили филологи. Декретда уйда ўтиргани учун Гулибону ўз кичик бизнесини юритади – ҳар ҳил декорлар ясаб, уларни ижтимоий тармоқлар орқали сотади.















Бу ғоя менда фарзанд кўрганимдан кейин туғилган ва туғуруқдан кейинги депрессиядан чиқишга ёрдам берган. Ўша пайтлари нима биландир ўзимни банд қилишим керак эди ва мен ўз қўлларим билан чиройли нарсалар ясашни танладим. Бунга асосий мотивация бўлган инсон - қўшним Шаҳноза опа бўладилар. Сингиллари гипсдан декорлар ясаш, арома шамлар бўйича ўз брендларига асос солган, менга ҳам ўргатганди. Бу ишни қилишимдан асосий мақсад – ўзим учун антистресс ва бундан даромад қилишга ҳам чиққанман. Кимдир декорларимни сотиб олганда, уларга ёқишини айтишса кимгадир кайфият бера олганим учун жудаям хурсанд бўлиб кетаман.
Ҳозир декрет таътилидаман. Фарзанд кўришимдан аввал уйда фриланcер бўлиб ишладим, туққанимдан кейин боладан ортган бўш вақтимда нима қилишни билмасдим. Кейин шу ҳобби юзага келган. Ҳозир ҳамма декорларимни болам ухлаганда, кечаси чарчоқдан чиқиш учун ясайман. Кўпинча ўзимга ёққан дизайнларни ясайман лекин мижозлар таклиф қилган дизайнларни ҳам ясаб бериш қўлимдан келади.
“Турмуш ўртоғим ишимга бефарқ эмас”
Декорлар ясаш унчалик қийин эмас, лекин турмуш ўртоғим ҳам ишларидан чалғиш учун баъзида лаклашга ёрдам беради, қизиқишларимга бефарқ эмас.
Материалларни оладиган дўконлар бор, агар камёб қолиплар бўлса Хитойдан буюртма қиламан. Шамлар учун восклар ўзимизда ҳам топилади. Мен ҳали бизнес юритиш бўйича қийинчиликка дуч келмадим. Балки бу ишимга ҳобби сифатида қараганим учундир.
Ҳозир инстаграмда ва “Uzum” маркетплейсида сотувни йўлга қўйганман. Инстаграмда тахминан 20 та одамга сотилган. “Uzum”да эса ҳар куни савдо бор. Шунинг учун онлайн дўконлардаги сотувни кенгайтирмоқчиман. Доимий даромадим бор – ойига 3-4 млн сўмгача. Даромадга чиқиш учун ҳаракат қилиш керак, деб ўйлайман. Ўзимда онлайн дўконлар бўйича тажриба бўлганлиги учун бу тармоқларда савдо қилиш қийинчилик туғдирмаган. Гипс ясашда қийинчилик йўқ, лекин шам ясашдаги қийинчиликлардан бири – ёнадиган ипини узун шамлар учун текис қилиб қўя олиш. Аввал жуда қийналардим, ҳозир ҳаммаси яхши.

Атрофимдаги аёллар - энг катта мотиваторлар

Дастлабки мижозим дугонам бўлган. Бизнесимни қўллаш мақсадида ишхонасидаги ҳаммага сотиб олишни тавсия қилганди. Мижозлардан илиқ фикрлар олганим учун яна ишлашда давом этганман. Уларнинг ёрдамларини унутмайман, ҳаттоки мен учун “girls club”лар очиб мастер класс ўтишимга ёрдам берган.
Ёнимдаги аёллар ва ҳар битта мижознинг “отзиви” мен учун катта мотивация. Мени энг кўп турмуш ўртоғим, қўшним ва дугоналарим қўллаб-қувватлашди. Улар мени нимагаки қўл урсам, эплай олишимга ва чирой ярата олишимга ишонтиришди. Энг катта миннатдорчилигим аслида уларга. Ўзи бу бизнесимни 300 000 сўм пул билан бошлагандим. Ҳозир даромадим анча катта.
Ҳозирда органик маҳсулотлардан совунлар ва ванна учун бомбочкалар ясашни йўлга қўймоқчиман. Айни пайтда шу бўйича курсда ўқияпман. Бу товарларим учун “Корзинка”дан лавка сотиб олиш режам ҳам бор. Албатта, ўз брендимга асос солиш ниятим бор. Home decor магазинларини очиш мақсадим бор, келгуси 2 йилда. Ҳар бир аёл киши ўз қўли билан нимадир яратса, у қилган ишдан кимдир хурсанд бўлса, бу катта мотивация бўлади. Ўзининг ўзлигини йўқотмаслик учун инсон доим ҳаракат қилиш керак. Сув ҳам бир жойда турса, балчиқ бўлади. Декретдаги оналарга маслаҳатим – доим ҳаракатдаги, уларга мотивация бера оладиган инсонлар билан кўпроқ суҳбат қуринг. Улар ёрдамида ҳаммасини уддалай оласиз.
Мадина Очилова тайёрлади