Спорт | 07:59 / 17.06.2024
22990
10 дақиқада ўқилади

Еврода илк сенсация ва муштлашувлар. Учинчи кун ўйинлари

Уч йил олдинги чемпионатда юраги тўхтаб қолган Эриксен гол урди. Турнирда илк дуранг қайд этилди.

16 июн куни С гуруҳидаги икки учрашув ҳамда D гуруҳида бир ўйин бўлиб ўтди. Турнирнинг учинчи кунида майдон ташқарисида ҳам воқеалар кўп бўлди. Кимлар плей-оффга яқинлашди, кимларда муаммолар юзага келди? Қуйида шу ҳақда.

D гуруҳи

Чўкич + Молотов коктейли = отишма ва шифохона

Полша ва Нидерландия учрашувидан олдин ақл бовар қилмас ҳодиса рўй берди. Ҳамбургда чўкич (!) ва ёнувчи суюқлик солинган бутилка кўтарган шахс нидерландиялик мухлислар орасига ёриб киришга уринди. Уни зарбани ўзига қабул қилган полициячилар тўхтатишди. Ушбу мухлисни алоҳидалашга уринишди, у эса ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига ташланиб қолди. Натижада уни отиб ташлашга тўғри келди ва жиноятчи жароҳатланган ҳолда шифохонага олиб кетилди.

Вегҳорст яна халоскор ролида

Полша – Нидерландия - 1:2
Голлар:
1:0 – 16 Букса, 1:1 – 29 Гакпо, 1:2 – 83 Вегҳорст.
Полша – Шченсни, Саламон (Берешински, 86), Беднарек, Кивер, Франковски, Залевски, Зелински (Петровски, 78), Романчук (Слиш, 55), Шимански (Модер, 46), Урбански (Свидерски, 55), Букса.
Нидерландия – Вербрюгген, Думфрис, де Врей, ван Дейк, Аке (ван де Вен, 87), Сҳаутен, Верман (Вейналдум, 62), Рейндерс, Симонс (Мален, 62), Гакпо (Фримпонг, 81), Депай (Вегҳорст, 81).

Турнир арафасида қатор йўқотишларга учраган Полша Нидерландия учун осон рақиб бўлиши кутилаётганди. Аммо ўйинда ҳисобни 16-дақиқадаёқ айнан полшаликлар очишди, Адам Букса Зелинскининг олис устун томон узатмасини голга айлантирди. Ўйиннинг биринчи бўлимида нидерландлар зарбалар бўйича 14–4 ҳисобида устунликка эришди, аммо ўйиннинг энг фаол футболчиси Коди Гакпо ўзининг вазиятларининг фақат биттасидан фойдалана олди. 

Роналд Куман жамоаси Ваут Вегҳорст туфайли камбэк амалга оширди – у «тўқсариқранглилар»ни 2022 йилги жаҳон чемпионати яримфиналида Аргентина билан ўйинда ҳам 0:2 ҳисобидан олиб чиққанди. Бу сафар ҳам улкан гавдали ҳужумчи захирадан ўйинга қўшилди ва тўпга биринчи тегинишдаёқ Войцех Шченсни дарвозасини ишғол этди. 

Полша ҳам ўйин охирида фаоллашди, аммо жавоб қайтаришнинг имкони бўлмади. Жамоа сафида Роберт Левандовски барибир майдонга тушмади. У кейинги турда Франция билан ўйинда қатнашиши мумкин. Нидерландия эса бу турнирда ҳам узоққа бора олишини кўрсатди.

С гуруҳи

Дания кутилмаганда Словения устидан ғалабани бой берди

Словения – Дания 1:1
Голлар:
0:1 – 17 Эриксен, 1:1 – 77 Янжа.
Словения – Облак, Стоянович (Вербич, 67), Карничник, Дркушич, Бийол, Янжа, Гнезда-Черин, Элшник (Горенц-Станкович, 76), Шпорар, Шешко, Млакар (Целар, 75).
Дания – Шмейҳел, Ба, Вестергор, Кристенсен, Андерсен, Кристиансен (Мэле, 78), Эриксен, Ҳейберг (Нергор, 84), Юлманд (Дилэйни, 89), Винд (Долберг, 83), Ҳойлунд (Поулсен, 83).

Турнирда илк дуранг қайд этилди. Ва бу кутилмаганда рўй берди. Олдинги турнир совриндорлари бўлган данияликлар Словения билан учрашув фаворити эди, аммо фақат битта гол уришди – шу туфайли ҳисоб ўйин охирига қадар қалтис бўлиб турди. Словенияликлар эса иккинчи бўлимга бутунлай бошқача руҳда тушишди: жамоа олдинга ўта бошлади, ташаббусни қўлга олди ва ўз кучи билан мувозанатни тиклади. Қизиғи, якунда улар ғалабани илиб кетиши ҳам мумкин эди. Роппа-роса 1100 кун муқаддам, Евро-2020 ўйинида ўлим ёқасидан қайтган Кристиан Эриксен урган гол эса Данияга фақат бир очко келтирди. Одатда бундай воқеалар жамоага қўшимча иштиёқ бағишлаши керак эди, аммо бу сафар бундай бўлмади.

Гелзенкирҳенда қонли тўқнашув

Сербия ва Англия учрашуви арафасида ушбу жамоалар мухлислари Гелзенкирҳеннинг марказий кўчаларидан бирида ўзаро муштлашди. Британия медиаси тўқнашув эҳтимоли ҳақида ёзганди ва бу рўй берди. Барчаси барда бошланган, аммо можаро кўлами тезда кенгайган ва кўчада икки томон бир-бирига қўлига илинган буюмларни – стол ва стулларни ота бошлаган. Ижтимоий тармоқда тарқалган фотосуратларга кўра, қон ҳам тўкилган. Англия нашрлари «қора балаклаваларда бурчаклардан чиқиб келган» серблар биринчи бўлиб ҳужум қилишгани, шундан кейин ҳар томонга стуллар ва бутилкалар уча бошлагани ҳақида ёзган. Воқеа жойига тартибсизликни тўхтатиш учун 200 нафар полициячи етиб келган. Англияликлардан бири Mirror учун интервюсида барчаси «йўқ жойдан бошлангани»ни айтган.

Бунгача серблар албанлар билан ҳам тўқнашганди. Уларнинг ўттиз кишилик (улар ҳам қора ниқобларда бўлган) гуруҳи пабда ҳужум уюштирган. Тажрибали фанатларнинг сўзларига кўра, ҳужум олдиндан режалаштирилган бўлган: чунки ултрас биринчи дуч келган гуруҳга шунчаки ҳужум бошламайди.

Англия ўз услубида

Сербия – Англия 0:1
Гол:
0:1 – 13 Беллингҳем.
Сербия – Райкович, Велкович, Миленкович, Павлович, Костич (Младенович, 43), Гудел (Илич, 46), Милинкович-Савич, Лукич (Йович, 61), Живкович (Бирманчевич, 74), Митрович (Тадич, 61), Влаҳович.
Англия – Пикфорд, Уокер, Стоунз, Геҳи, Триппиер, Александер-Арнолд (Галлаҳер, 69), Райс, Фоден, Беллингҳем (Майну, 86), Сака (Боуэн, 76), Кейн.

Англия шубҳасиз фаворит эди. Олдинги Евро финалчиси ҳамон ўз тарихида илк бор қитъанинг асосий турнирида ғолиб бўлишни орзу қилмоқда ва Гарет Саутгейт навбатдаги марта йирик турнирга топ-таркиб билан келмоқда. Лекин таркибда ҳали ҳам барчаси охиригача аниқ эмас: ҳужумнинг ўнг қанотида Палмер, майдон марказида — Галлаҳер ёки Майну тушиши ҳам мумкин эди. Аммо Саутгейт бу позициялар учун эҳтимоли юқори вариантларни танлади: Сака ўзининг ўнг қанотида чиқди, Александер-Арнолд майдон марказида Райс билан жуфтлик ҳосил қилди. Уларнинг иккиси ҳам танаффусга қадар муҳим рол ўйнашди.

Ўйин кутилганидек бошланди. Англия тўпга эгалик қилди, уни сабр билан олиб юрди ва сербларнинг уч марказий ҳимоячидан иборат тиғиз схемасида бўшлиқлар пайдо бўлишини кутишди. 13-дақиқада эса биринчи жиддий ҳужум гол билан якунланди: Сака ошириб берди, Беллингҳем ҳавода тўп учун курашда устун келиб, Европа чемпионатларидаги илк голини урди.

Англия танаффус иккинчи голни ҳам уриши ва ўйин масаласини танаффусга қадар ҳал қилиб қўйиши мумкин эди. Аммо Саутгейт жамоа бошқарувидаги саккиз йили давомида кераксиз вақтда темпни тушириб юбориши учун танқид қилинади. Бу сафар ҳам шундай бўлди: Англия тинчланди ва Сербияда вазиятлар пайдо бўла бошлади: 20-дақиқада Трент ўз жамоаси жарима майдони яқинида хато қилди, Митрович яқин бурчакни нишонга олди — тўп бироз хато кетди. Кўп ўтмай Александер-Арнолд хатосини ювиб, майдон марказида рақибдан тўпни олиб қўйди ва Уокерни олдинга ташлади — Кайл вазиятдан фойдалана олмади.

Биринчи бўлим охирида Костич жароҳат олиб, 43-дақиқада унинг ўрнига Младенович тушди. Ва серблар ҳимоячиси танаффусга қадар тўпга тўққиз марта тегинди. Бу нима учун муҳим? Шунинг учунки, Англия миллий жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар Ҳарри Кейн биринчи бўлимдаги 45 дақиқа давомида тўпга атиги икки бор тегинган ва бу борада ҳатто бир неча дақиқа ўйнаган Младеновичдан ҳам ортда қолган. Инглизлар сардори амалда ўйиндан бутунлай узилиб қолди, лекин рақиблар уни қўриқлашга эътибор қаратганида Беллингҳем ҳисобни очди.

Иккинчи бўлим сербларнинг бутун майдон бўйлаб кучли прессинг уюштириши билан бошланди — улар бор кучи билан ўйнашга қарор қилди ва инглизларни уларнинг жарима майдони атрофида қарши ола бошлади. Британияликлар буни кутмаган бўлиши мумкин, лекин тайёр эди: «Манчестер Сити», «Арсенал», «Ливерпул» АПЛнинг бошқа клублари футболчилари босим остида ўйнашга кўниккан, шу туфайли уни катта қийинчиликсиз енгиб чиқа бошлади. Аммо ҳужумда ишлар ўхшамади.

Англия олдинда ҳаддан ташқари пассивлик қилди — худди рақиб Германия ёки Испания бўлиб, қўшимча бўлимлар келишини кутаётгандек. Аммо майдоннинг нариги томонида ҳар бир чизиқ бўйича британлардан ортда турадиган Сербия футболчилари эди.

Ва болқонликлар ҳам ўйнашга қўйиб берилганидан фойдалана олмади. Сербия мудофаада деярли идеал ҳаракат қилди, аммо ҳужумда ҳеч нарсага эриша олмади. Фақат ўйин охирида серблар узоқдан гол уришга ҳаракат қилишди ва вазиятлардан бирида Пикфорд ўзини кўрсатишига тўғри келди, аммо бу уринишлар дуранг учун ҳам етарли бўлмади.

Саутгейт эса худди болқонликлар устидан ҳам, мухлислар устидан ҳам кулгандек таассурот уйғотди. У Гелзенкирҳенга йиғилган мухлисларнинг ҳуштакбозликларини эшитмаганга олди ва ўйинни ўзгартирмади. Мураббийлар штаби фақат мудофаа мақсадида ўйинчи алмаштиришлар амалга оширди ва 1:0 ҳисобини ушлаб туришга эътибор қаратди. 

Аммо ғолиблар танқид қилинмайди. Турнир фаворитларидан бири зерикарли ўйнаб бўлса ҳам, куч тежаб уч очкони қўлга киритди ва олдинга юришда давом этади. Энди инглизлар кейинги турда Данияни енгиб, муддатидан олдин гуруҳ масаласини ҳал қилиши мумкин. Сербия эса Словения билан ўйиндаги ғалаба орқали ўз имкониятини яхшилаб олса бўлади, инглизларга қарши ўйиндаги минимал ҳисоб жамоага тур ўйинлари якунида қўл келиши ҳам мумкин.

С гуруҳида 2-тур ўйинлари

Словения — Сербия, 20 июн, 18:00.
Дания — Англия, 20 июн, 21:00.

Мавзуга оид