Жаҳон | 22:00 / 03.07.2025
16252
4 дақиқада ўқилади

«Россия ўз мақсадларига эришади». Путин Трамп билан навбатдаги мулоқотида нима ҳақда гаплашди?

Reuters/Getty Images

Доналд Трамп ва Владимир Путин ўртасида бир соатга яқин давом этган телефон суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар берди журналистларга Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков. Унинг сўзларига кўра, Путин Трампга Россия Украинада эришмоқчи бўлган мақсадларидан воз кечмоқчи эмаслигини айтган. Бу Трамп январ ойида яна ўз лавозимига киришганидан бери икки президентнинг олтинчи суҳбати бўлди.

«Президентимиз Россия ўз олдига қўйган мақсадларга эришишини, яъни ҳозирги вазиятга, ҳозирги кескин қарама-қаршиликка олиб келган барчага маълум сабабларни бартараф этишини айтди. Россия бу мақсадларидан чекинмайди», – дея Ушаковнинг сўзларидан иқтибос келтиради ТАСС агентлиги.

Шу билан бирга, Ушаковнинг сўзларига кўра, Путин Россия Украина билан музокараларни давом эттиришга тайёрлигини билдирган, Трамп эса «яна бир бор ҳарбий ҳаракатларни тезроқ якунлаш масаласини кўтарган».

Ушаков президентлар Украина ва Россия ўртасидаги музокараларнинг учинчи раундини ўтказиш масаласини муҳокама қилмаганини айтган. Аввалроқ Путин томонлар бундай маслаҳатлашувлар вақти ва жойини келишиб олишга ҳаракат қилаётгани, улар яна Истанбулда ўтказилиши мумкинлигини айтганди. «Эҳтимолий учинчи раунднинг аниқ мазмуни муҳокама қилинмади», – деди у.

Ушаков, шунингдек, Трамп суҳбатни «маъмуриятнинг солиқ, миграция ва энергетика соҳаларидаги ислоҳотлар тўғрисидаги флагман қонун лойиҳаси АҚШ Конгрессидан муваффақиятли ўтгани ҳақида маълумот бериш»дан бошлаганини айтди.

Гап солиқ имтиёзларини камайтириш, аммо бюджет харажатларини ошириш тўғрисидаги «Катта ва гўзал қонун» ҳақида бормоқда, у бир кун олдин Сенатдан ўтиб, тузатишлар билан якуний овоз бериш учун Конгресснинг Вакиллар палатасига қайтарилганди.

АҚШ вакиллари ҳозирча Трампнинг Путин билан суҳбатига изоҳ бермади.

Икки президент телефон орқали суҳбат қуриши ҳақида у бошланишидан тахминан бир соат олдин маълум бўлганди.

Режалаштирилган суҳбат ҳақида биринчи бўлиб Владимир Путин гапирди. «Янги давр учун кучли ғоялар» форумида Россия президенти уни АҚШ президенти билан суҳбат кутиб турганини айтди. Путин форум иштирокчиларидан Трампга уларнинг номидан нима деб қўйишни сўради.

Кейин Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида суҳбат ҳақида анонс бериб, қўнғироқ эрталаб соат 10:00 га (Москва бўйича соат 17:00) режалаштирилганини маълум қилди.

1 июл куни Франция президенти Эммануэл Макрон Владимир Путин билан 2022 йилдан бери биринчи марта қўнғироқлашганди. Шундан сўнг Макрон телефон орқали Володимир Зеленский билан ҳам гаплашган.

Financial Times газетаси, Reuters ва AFP агентликлари ўз манбаларига таяниб хабар беришича, 4 июл, жума куни Доналд Трамп ва Украина президенти Володимир Зеленский ўртасида суҳбат бўлиб ўтиши режалаштирилган.

ОАВ маълумотларига кўра, улар Украинага қурол етказиб беришни тўхтатишни муҳокама қилишлари керак.

Зеленскийнинг ўзи пайшанба куни Трамп билан «эртага ёки яқин кунларда» гаплашишга умид қилаётганини айтди.

AFP маълумотига кўра, мулоқот вақти икки президентнинг иш тақвимига боғлиқ.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид