Ўзбекистон | 18:30 / 20.08.2019
17482
2 дақиқада ўқилади

Молия вазирлиги вазирликларга ажратилган маблағлар ҳақидаги маълумотни ошкор қила бошлайди

Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати

Молия вазирлиги давлат бюджетининг шаффофлигини таъминлаш ва уни барча фуқаролар учун очиқ кўринишда тақдим этиш бўйича фаол иш олиб бормоқда, деб ёзмоқда Молия вазирлиги ахборот хизмати.

Қайд этилишича, асосий мақсад - аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ва давлат харажатлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш билан бир қаторда кенг жамоатчилик вакилларини давлат бошқаруви жараёнига жалб қилиш. 

Openbudget.uz электрон портали бунинг амалий тимсоли экани айтилади. Ушбу платформа давлат бюджетининг ижроси, унинг параметрлари, таркибий қисмлари ва прогноз кўрсаткичлари тўғрисида батафсил маълумотларни тақдим қилади. Шунингдек, портал фуқароларга маҳаллий бюджетлар харажатлари йўналишини белгилашда бевосита қатнашиш имкониятини беради.

Бундан ташқари, ахборот хизмати масъул бўлимлар билан биргаликда вазирликнинг расмий саҳифаларида қуйидаги муҳим йўналишлар бўйича маълумотларни жойлаштириб бориши кўзда тутилган:

Ҳар куни (иш кунларида):

- давлат бюджетининг даромад ва харажатлари тўғрисида;
- давлат харидлари тизимида тузилган шартномалар тўғрисида.

Ойлик:

- вазирликлар ва идораларга ажратилган маблағлар тўғрисида ҳисобот;
- шунингдек, турли соҳага ажратилган маблағлар тўғрисида маълумот берилади;

“Ҳурматли фуқаролар, сизлардан давлат бюджетини шакллантиришда фаол иштирок этишингизни сўраймиз. Биз доимо таклиф ва истаклар учун очиқмиз”, - дейилади вазирлик хабарида.

Бундан олдин, АҚШ Ўзбекистонга вазирликлар харажати тўғрисидаги маълумотни ошкор этишни тавсия қилганди.

Мавзуга оид