Ўзбекистон | 12:20 / 13.01.2020
36785
2 дақиқада ўқилади

Тўра Боболов Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тасдиқланди

Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги

Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг сессияси ўтказилди. Сессия ишида вилоят Кенгаши депутатлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, вилоят ҳокимлигининг бошқарма ва бўлимлари раҳбарлари, вилоят Кенгаши депутати бўлмаган шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов иштирок этди.

Ўзбекистон Конституциясининг 98-моддаси, шунингдек “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига биноан вилоят ҳокимлигига номзод Ўзбекистон президенти томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг ушбу Кенгашга тасдиқлаш учун тақдим этилиши белгиланган.

Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, қонунчиликнинг бу талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистон президенти томонидан вилоят ҳокимлигига Тўра Абдиевич Боболов номзоди тавсия этилди. Номзод бўйича партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилди. 

Сессияда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига кўра Тўра Боболовни Сурхондарё вилояти ҳокими лавозимига тасдиқлаш учун халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашига тақдимнома киритилди. Депутатлар Тўра Боболовни Сурхондарё вилояти ҳокими этиб бир овоздан тасдиқлади. 

Тўра Боболов 1970 йилда туғилган. 1992 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тамомлаган, 1994 йилдан 2003 йилгача Ўзбекистон Республикаси Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси Сурхондарё вилояти бошқармасида турли лавозимларда ишлаган, 2003-2004 йилларда Сурхондарё вилояти Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси раиси, 2004-2016 йилларда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Сурхондарё вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи, 2016-2017 йилларда Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳудудларни комплекс ривожлантириш йиғма бошқармаси бошлиғи бўлган. У 2017 йилдан 2019 йил апрелига қадар Сурхондарё вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари эди. 2019 йил 1 май куни Тўра Боболов вилоят ҳокими этиб тасдиқланди.

Мавзуга оид