АҚШ «Оҳангаронцемент»га санкция киритди
Ўзбекистоннинг «Оҳангаронцемент» заводи АҚШ санкциялари остида қолди. Алишер Усмоновнинг USM ҳолдинги таркибидаги «Металлоинвест», «Мегафон» ва Akkerman Cement CA («Оҳангаронцемент»нинг акциядори) ҳам янги санкциялар пакетидан жой олган.
Ўзбекистоннинг «Оҳангаронцемент» заводи АҚШ янги санкцияларига учради. Шунингдек, 2022 йил бошида заводнинг 98,6 фоиз акциясини сотиб олган, Алишер Усмоновнинг USM ҳолдинги томонидан ташкил этилган Akkermann Cement CA ҳам чекловлар остида қолди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлиги сайтида маълум қилинди.
2021 йил май ойида Кипрнинг Lamanka Enterprises компанияси «Оҳангаронцемент» заводи устав капиталидаги 84,197 фоиз улушни сотиб олганди. Битим суммаси 557,6 миллиард сўмга баҳоланган эди. 2022 йил январь ойида Британия Виржиния оролларининг Giacinttar ва Lamanka Enterprises компаниялари «Оҳангаронцемент»даги улушларини 1,88 триллион сўмга сотганини эълон қилди. Кейинчалик харидор Алишер Усмоновнинг USM ҳолдинги томонидан ташкил этилган Akkermann Cement CA экани маълум бўлганди.
АҚШ Молия вазирлигининг Чет эл активларини назорат қилиш бошқармаси (OFAC) янги санкциялар рўйхатига киритилган бир қатор компаниялар, жумладан Akkermann Cement CA билан операцияларни 11 июлгача тугатиш талабини қўйган.
OFAC жисмоний ва юридик шахсларни миллий хавфсизлик, ташқи сиёсат ва санкциялар мақсадида ушбу рўйхатга (SDN List) жойлаштиради. SDN рўйхатидаги компанияларнинг активлари блокланади. Америка фуқаролари ва шахсларига улар билан ҳар қандай бизнес ёки битимлар олиб бориш тақиқланади.
АҚШ ҳукуматининг янги санкциялар пакетидан россиялик миллиардер Алишер Усмоновга қарашли USM ҳолдинги ҳамда унинг таркибидаги «Металлоинвест», «Мегафон» компанияларига қарши чекловлар ҳам жой олган.
«Оҳангаронцемент» ҳақида
«Оҳангаронцемент» заводи ўтган аср ўрталарида ташкил этилган. 1970 йилда завод, 1980 йилда ишлаб чиқариш бирлашмасига айланди. 1994 йилда хусусийлаштирилиб, акциядорлик жамиятига айлантирилди. Узоқ вақт давомида корхонанинг асосий эгаси Zeromax эди. 2006 йилда Россиянинг «Евроцемент» компанияси ундан 75,5 фоиз улушни сотиб олди. Кейинчалик бу улуш 83,9 фоизга етказилди. 2020 йилда «Евроцемент» қарзлари учун Сбербанк назоратига ўтди ва сотувга қўйилди.
«Оҳангаронцемент» 2020 йилда Ўзбекистондаги энг йирик солиқ тўловчилардан бири бўлган ва бозорда устун мақомга эга компаниялардан ҳисобланади. Комбинатнинг 2021 йилнинг тўққиз ойида соф фойдаси 188,8 миллиард сўмни, 2020 йилнинг тўққиз ойида 187,1 миллиард сўмни ташкил этди.
Мавзуга оид
17:38 / 04.11.2024
Германияда Алишер Усмоновга нисбатан тергов тўхтатилди
12:03 / 31.10.2024
АҚШ Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган яна икки компанияга қарши санкция киритди
11:10 / 31.10.2024
АҚШ Россия мудофаа вазирининг беш ўринбосарига қарши санкциялар киритди
20:49 / 29.10.2024