Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қирғизистонда санкциялар таҳдиди туфайли 50 та корхона тугатилди
Аввалроқ, Европа Иттифоқи биринчи марта Қирғизистонга нисбатан Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга қарши махсус механизмни қўллаган эди.
Фото: Azim Travel
Қирғизистон Адлия вазирлиги «санкциялар хавфи юқори бўлган операцияларда иштирок этган» 50 та юридик шахснинг фаолиятини бир вақтнинг ўзида тўхтатиш тўғрисида буйруқ чиқарди.
Қайд этилишича, чора-тадбирлар «Санкция хавфи юқори бўлган ташқи иқтисодий фаолият ва операцияларнинг инсофсиз иштирокчиларини аниқлаш бўйича идоралараро ҳамкорлик тўғрисида»ги буйруқни амалга ошириш доирасида кўрилган.
Адлия вазирлигининг аниқлик киритишича, компаниялар рўйхати Иқтисодиёт ва тижорат вазирлиги ҳамда аввалроқ санкциялар режими доирасидаги чекловлардан бўйин товлаш ҳолатлари тўғрисидаги маълумотларни ўрганган бошқа давлат органлари томонидан тақдим этилган.
«Миллий иқтисодиётни ҳимоя қилиш ва Қирғизистон Республикаси учун эҳтимолий иккиламчи санкция чораларидан салбий оқибатларга йўл қўймаслик мақсадида Ғарб ҳамкорлари томонидан бир қатор назорат механизмлари қабул қилинди», дейилади вазирлик хабарида.
Таъкидланишича, бундай чоралар мамлакатда биринчи марта кўрилмоқда.
Шу йил 22 апрел куни Европа Иттифоқи биринчи марта Қирғизистонга нисбатан Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга қарши махсус механизмни қўллади. Унга кўра, бир қатор иккимақсадли товарларни Европадан республикага етказиб беришга тақиқ жорий этилди. Европа Иттифоқи Қирғизистон ушбу товарларни Россияга реэкспорт қилишнинг тизимли каналига айланганини ва Бишкек билан техник музокаралар чегараларда назоратни кучайтиришга олиб келмаганини таъкидламоқда.
Бундан ташқари, Қирғизистоннинг бир қатор логистика компаниялари Европа Иттифоқининг транспорт инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум қилинди. Аввалроқ, Россияга қарши чекловларни четлаб ўтишда гумонлар туфайли Европа Иттифоқи Қирғизистоннинг бир неча банкига нисбатан санкциялар қўллаган эди. Қирғизистон бундай санкциялар асоссиз эканини бир неча бор таъкидлаган.