Ўзбекистон | 18:37 / 20.02.2024
6218
3 дақиқада ўқилади

2023 йилда фарзандининг таълимига масъулиятсизлик қилган 12 мингдан зиёд ота-она жаримага тортилган

6 миллион ўқувчидан 14 минг нафардан зиёди муттасил равишда дарсга келмаётгани аниқланган. Уларнинг 9 мингдан ортиғи таълимга қайтарилган. 5 минг нафар ўқувчи бўйича ҳам ўрганиш ишлари олиб бориляпти.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда баъзи ота-оналар фарзандини хорижга олиб чиқиб кетиши ёки уларни назоратсиз қолдириши оқибатида мактабга муттасил бормайдиган ўқувчилар қатлами шаклланган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги бошқарма бошлиғи Азамат Камолов маълум қилди.

«Ўзбекистонда умумий ўрта таълим мажбурий таълим ҳисобланади. Биз сурункали дарс қолдирувчи ўқувчилар бўйича ўрганишлар олиб борганимизда айрим ота-оналар «уч кунлик сафар», «даволанишга кетяпмиз» деган турли сабабларни кўрсатиб, фарзандини хорижга олиб чиқиб кетган ҳолатлар аниқланди. Оқибатда бола сурункали равишда мактабга келмаган… Фарзандини дарс вақтида мактабга эмас, ишлашга жалб қилаётган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Шунингдек, ота-она назорат қилмаслиги оқибатда уйдагиларга «мактабга кетдим», деб интернет-кафе ёки бошқа кўнгилочар жойларда вақт ўтказадиган ўқувчилар борлиги ҳам аниқланмоқда», деди у.

Вазирлик вакили таълим сифатидан қониқмай, мактабга эмас, репетиторга бораётган ёки синфхоналар совуқлиги, йўлларнинг абгор аҳволдалиги сабаб дарсларда иштирок этмаётган ўқувчилар ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берган:

«Репетиторга, асосан, 10−11-синф ўқувчилари хорижий тилларни ўрганиш ёки олий ўқув юртига киришда бўладиган тест синовларига доир фанлардан тайёрланишга боряпти. Тўғри, ўқувчиларнинг мактабга мунтазам келиши, давоматнинг яхши бўлиши таълим сифатига ва жозибадорликка ҳам боғлиқ. Бугунги кунда таълим сифатини яхшилаш борасида ишлар қилинмоқда. Мактабларда ҳам инглиз тили дарслари ўтиляпти. Лекин ўқувчи ота-онанинг маблағини олиб, ўқув марказига бориб, қўшимча ўрганяпти. Мана шу каби муаммоларни ҳал қилиш учун ўтган йили 500 нафар хорижий тил мутахассислари чет элдан келтирилди. Улар Республика бўйлаб турли мактабларда хорижий тилни ўқитмоқда, барчасининг яшаш жойи, маоши давлат томонидан қопланмоқда. 2024−2025 ўқув йилидан бошлаб чет тилини ўргатиш учун хориждан яна 1,5 минг нафар малакали мутахассис олиб келинади. Бу эса ўқувчиларнинг ўқув марказларига боришининг олдини олади. Давлат мактабларда умумий ўрта таълим учун ҳаммага тенг шароитни яратди. Айрим ижтимоий муаммолар, албатта, маҳаллий ҳокимликлар кўмагида ҳал бўлади. Бу масалалар сабабли ўқувчи дарсга келмаса, инобатга олинади», деди бошқарма бошлиғи.

Азамат Камолов сўзларига кўра, 6 миллион ўқувчидан 14 минг нафардан зиёди муттасил равишда дарсга келмаётгани аниқланган. Уларнинг 9 мингдан ортиғи таълимга қайтарилган. 5 минг нафар ўқувчи бўйича ҳам ўрганиш ишлари олиб бориляпти.

Унинг маълум қилишича, 2023 йилда фарзанди тарбиясида масъулиятсизлик қилган 12 мингдан ортиқ ота-она Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисми (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан жавобгарликка тортилган.

Мавзуга оид