Россия билан савдо ҳажми 30 млрд долларга чиқади
Россия президенти икки кунлик давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Асосий тадбирлар бугун, 27 май куни бўлиб ўтди. Путин ташрифи доирасида 20 дан ортиқ ҳужжатлар имзоланди. АЭСни қуриш муҳокама қилиниб, ўзаро савдо ҳажмини 30 млрд долларга етказиш белгиланди.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кеча, 26 май куни икки кунлик давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келганидан хабардорсиз. Тошкент халқаро аэропортида уни Президент Шавкат Мирзиёев шахсан кутиб олди. Айтиш жоизки, президент Путин 5-бор лавозимига қайта сайланиб, 7 май куни инаугурация маросимини ҳам ўтказганидан сўнг биринчи бўлиб Хитойга, ундан сўнг эса Беларус, сўнгра мана Ўзбекистонга ташриф буюрмоқда. Асосий тадбирлар иккинчи кун, яъни 27 май санасида бўлиб ўтди. Даставвал Ўзбекистон президентининг Кўксарой қароргоҳида Россия президентини тантанали кутиб олиш маросими ўтказилди. Қароргоҳ олдидаги майдонда икки давлат байроқлари кўтарилди ҳамда фахрий қоровул саф тортди, мадҳиялар янгради.
Сўнгра протоколга мувофиқ тор доирадаги музокаралар бўлиб ўтди. Ўзбекистон президенти расмий Тошкент бу ташрифга жиддий тайёргарлик кўргани ва у тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Бу Владимир Путиннинг Россия президенти этиб сайланганидан кейинги илк ташрифларидан бири экани яна бир бор қайд этилди.
Учрашувда Ўзбекистон-Россия кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.
Кейинги тадбир эса кенгайтирилган музокаралар бўлди.
Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи доирасида Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди. Газ ташиш тизимини модернизация қилиш, газ, нефт ва нефт маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича ҳам келишиб олинди.
«Давлат ташрифингизни ҳақли равишда тарихий деб аташ мумкин. Бу ташриф мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларида янги босқични бошлаб бермоқда», – деди Шавкат Мирзиёев.
Музокаралар давомида томонлар парламентлар, ҳукуматлар, вазирликлар, идоралар, ҳудудлар, жамоатчилик, экспертлар ва ишбилармон доиралар даражасидаги фаол алоқаларни давом эттиришга келишиб олди.
Бу мақсадда бош вазирлар даражасидаги Қўшма комиссия ва Ҳукуматлараро комиссиянинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилади, уларнинг навбатдаги йиғилишлари шу йил охиригача ўтказилади.
Икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилдаги 4,73 миллиард доллардан 2023 йилда 9,88 миллиард долларгача ошди.
Россия Ўзбекистон учун энг катта экспорт бозори бўлиб қолмоқда. Жорий йилнинг дастлабки 4 ойида бу мамлакатга экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 26 фоизга ошиб, 1 млрд долларга етди.
Томонлар янги мақсадли кўрсаткичга – яқин истиқболда савдо ҳажмини жорий 10 млрд доллардан 30 миллиард долларга етказишга келишиб олди.
Бундан ташқари, ташриф доирасида Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланиши белгиланган.
Владимир Путиннинг давлат ташрифи доирасида 20 дан ортиқ ҳужжат имзоланди. Жумладан, Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин қўшма баёнотни имзолашди.
Президентлар қаршисида икки томонлама ҳужжатлар алмашилди. Ўзбекистонда кам қувватли атом электр станциясини қуриш, Бауман номидаги Москва давлат техника университети ва Бутунроссия ташқи савдо академиясининг филиалларини очиш тўғрисидаги ва бошқа битимлар шулар жумласидандир.
Мавзуга оид
21:50 / 17.11.2024
Берлинда Россия мухолифати томонидан уюштирилган урушга қарши марш бўлиб ўтди
14:56 / 17.11.2024
Ижросини 11 йил кутган “ҳукм”: 18 ёшли чечен қизни зўрлаб ўлдирган россиялик зобит тақдири ҳақида
22:10 / 16.11.2024
Абхазияда тўполон: маҳаллий аҳоли Россия билан келишувдан норози
20:17 / 16.11.2024