Жаҳон | 20:04 / 23.04.2026
2970
5 дақиқада ўқилади

“Ҳизбуллоҳ” Ливан ичкарисига сиқиб чиқариладими?

Яқин Шарқдаги уруш фонида Исроил ўз чегарасидан шимолда янги буфер зона яратиш режасини илгари сурмоқда. Бу – 2000 йилгача мавжуд бўлган хавфсизлик ҳудудини эслатади. Хўш, Ливан жанубида бу гал нималар бўляпти? Профессор Фарҳод Каримов Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида мавзуни хариталар узра шарҳлаб берди.

— Сўнгги воқеалар фонида Исроил-Ливан чегарасидаги вазият қандай?

Фарҳод Каримов: Исроил Ливан ҳудудида буфер зона яратишини эълон қилди. Маълумки, 2000 йилгача ҳам Исроил ўзи учун хавфсизлик зонасини белгилаган эди. Бу ҳудуд тахминан 120 километр узунликка чўзилган бўлиб, чегара бўйлаб жойлашган эди. Бугунги кунда эълон қилинаётган режа ва тақдим этилаётган хариталар айнан ўша 2000 йилгача мавжуд бўлган буфер зонани эслатади.

Шунингдек, 1982–1985 йиллардаги биринчи Ливан урушидан сўнг чегара ҳудудларига Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тинчликпарвар кучлари жойлаштирилган эди. Бироқ улар 2000 йилгача бўлган даврда ҳам кутилган даражада самарали фаолият юрита олмади ва натижада чегара билан боғлиқ муаммолар тўлиқ ҳал этилмади.

Ўрта Ер денгизи соҳилидаги Нақура шаҳридан Ҳермон тоғларигача бўлган ҳудудларда Исроил бугунги кунда ўзининг асосий хавфсизлик зонасини эълон қилмоқда. Мазкур ҳудудга ҳарбий кучлар аллақачон киритилган. Маълумотларга кўра, март ойида бу жараёнга учта дивизия жалб этилгани айтилган эди. Сўнгги хабарларга қараганда эса ҳозирда бешта алоҳида дивизия жалб этилган.

Кўриниб турибдики, Исроил ушбу ҳудудлардан Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ҳаракатини сиқиб чиқариш ҳамда назоратни тўлиқ ўз қўлига олишга қаратилган ҳарбий операцияларни бошлаб юборган.

Исроил томонидан “сариқ чизиқ” сифатида эълон қилинган ҳудудлар айнан мана шу сариқ билан белгиланган зоналарни қамраб олади. Ушбу чизиқ бешта асосий шаҳар ва ҳудудни ўз ичига олади ҳамда халқаро муҳокамаларда “сариқ йўлак” номи билан тилга олинмоқда. Мазкур ҳудуд Ўрта Ер денгизи соҳилидаги Тир вилоятидан бошланади. Тирнинг жанубида жойлашган Аш-Шааб ҳудудидан бошлаб, Ҳермон тоғлари этагигача чўзилади. Бу ерда қишлоқ хўжалиги, хусусан узумчилик ривожланган йирик фермалар мавжуд бўлиб, Ливан учун муҳим иқтисодий аҳамиятга эга.

Бугунги кунда Исроил айнан шу ҳудудларни ўз назоратига олишга киришган. Агар 2000-йилларда Исроил қўшинлари 30 километргача ичкарига кирган бўлса, ҳозирда асосан 5 километрдан 10 километргача бўлган ҳудудларни қамраб олмоқда. Бироқ жараён бу билан тўхтаб қолаётгани йўқ. Аксинча, 2000 йилдаги ҳолатдан ҳам илгарилаб, Литани дарёсигача етиб бориш эҳтимоли муҳокама қилинмоқда.

Литани дарёсигача етиб бориш – бу амалда “Ҳизбуллоҳ” назоратидаги ҳудудларни тўлиқ ўз таъсир доирасига олиш деганидир. Хусусан, 2023 йилдан буён бу ҳудудларда бир нечта қишлоқ вайрон қилингани, ҳатто 1500 га яқин ижтимоий объект йўқ қилингани ва ҳудудларнинг ҳарбий мақсадларда қайта шакллантирилгани ҳақида маълумотлар мавжуд.

2023 йилда Ғазо можаросидан сўнг “Ҳизбуллоҳ”нинг ҳарбий ҳаракатларга аралашуви вазиятни янада кескинлаштирди. “Ҳизбуллоҳ” Исроилнинг шимолий ҳудудларига зарба бергач, Америка Қўшма Штатлари воситачилигида музокаралар ўтказилди. Шундан сўнг Исроил расмий Байрутга қатъий талаб қўйди: “Ҳизбуллоҳ”ни тўлиқ қуролсизлантириш, акс ҳолда 2000 йилда тарк этилган ҳудудларга қайтиш.

17 апрелда эълон қилинган сулҳдан кейин ҳам бу жараён яна фаоллашгани кузатилмоқда. Расмий равишда ўт очиш тўхтатилган бўлса-да, амалда Исроил “Ҳизбуллоҳ”ни қуролсизлантириш ва ҳудудларни нейтраллаштириш бўйича ҳаракатларни давом эттирмоқда. Сулҳ ҳали якунланмаган ва яна уч кун давомида амал қилиши керак, бироқ ҳозирнинг ўзидаёқ унинг айрим шартлари бузилаётгани кузатилмоқда.

Амалда эса сулҳ эълон қилинганидан буён бирор кун ҳам тўлиқ риоя қилингани йўқ. Бу ҳолат нафақат ҳуқуқий, балки сиёсий нуқтайи назардан ҳам келишув шартларининг бажарилмаётганини кўрсатади. Исроил расмийлари ҳужум қилмаётганини таъкидласа-да, Байрутнинг ўзи ҳам яқинда зарбалардан холи бўлмади.

Америка Қўшма Штатларининг Эрон билан боғлиқ масалаларга жалб этилгани фонида, Эроннинг минтақадаги иттифоқчиларини қўллаб-қувватлаш имкониятлари чекланмоқда. Бу эса Исроилга ўз хавфсизлик зоналарини кенгайтириш ва ҳудудий назоратни мустаҳкамлаш имконини бераётганини кўрсатади.

Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид