Ўзбекистон | 20:45 / 07.10.2019
18567
4 дақиқада ўқилади

Қаршида миллиард сўмлик савдо мажмуаси бузилган тадбиркор деярли уч йилдан бери компенсация ололмаяпти

2016 йил 15 январь санаси Қарши шаҳрида яшовчи Остон Тўхтаевнинг хотирасида бутун умр шуғулланиб келган севимли тадбиркорлигидан айрилган кун сифатида муҳрланиб қолган.

Тадбиркорнинг Kun.uz'га маълум қилишича, 1995 йилдан бери ишлаб келаётган, 40 кишини иш билан таъминлаб турган 7та дўкондан иборат 640 квадрат метрли икки қаватли савдо мажмуаси 2016 йилда Қарши шаҳар ҳокимлиги томонидан бузиб ташланган. 

Савдо мажмуаси бузилишидан олдин

Барча тегишли ҳужжатларга эга бўлса-да, бир сўм компенсация олмаган. Тадбиркор ўша йилнинг ўзида белгиланган тартибда судга мурожаат қилган. 

«Ўша вақтда мажмуада 644 миллион сўмлик маҳсулотлар бор эди. Қарз сабаб биномиз гаровга қўйилганди. Биз оилавий тадбиркорлар бир кунда касодга учрадик. Эскирган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бошқа зарарларни қоплаш учун барча мол-мулк ва уй жойимизни сотишга мажбур бўлдик. 2016 йил микроинсультни бошимдан ўтказдим», — дейди Остон Тўхтаев.

Тадбиркорнинг маълум қилишича, кўчмас мулк 1.020.711.200 (бир миллиард йигирма миллион етти юз ўн бир минг икки юз) сўмга баҳоланган, шу ва бошқа ҳужжатлар Қарши шаҳар ҳокимлигига тақдим этилган. Аммо бу мурожаат эътиборсиз қолдирилган.

Мазкур иш бир неча марта судда ҳам кўриб чиқилган. Дастлаб Қарши шаҳар хўжалик суди ишни кўриб даъвогар О.Тўхтаевга тегишли «Саноат озиқ-овқат ва қурилиш материаллари таъминоти» корхонаси фойдасига жавобгар Қарши шаҳар ҳокимлигидан 1.020.711.200 сўм зарар ундириш бўйича қарор чиқарган. 

Савдо мажмуаси ўрнида қурилган истироҳат боғи

Ҳокимлик аризаси билан кўрилган кейинги суд ишида қўшимча жавобгар – «Қашқадарё махсус қурилиш дизайн» шўъба корхонасидан тадбиркорга 1.006.044.280 (бир миллиард олти миллион қирқ тўрт минг икки юз саксон) сўм зарар ундириш белгиланган. Аммо мазкур қарор бўйича прокурор апелляция тартибида протест келтиргач, қўшимча жавобгар жавобгарликдан озод қилиниб, зарар жавобгар Қарши шаҳар ҳокимлигидан ундириш белгиланганди.  

Шу тарзда тадбиркор кўрган зарарни Қарши шаҳар ҳокимлиги тўлаб бериши суд қарори билан ҳал этилган бўлишига қарамасдан, тадбиркор бир неча йил давомида бир миллиард сўмдан зиёд маблағини ололмасдан келмоқда.

Қуйидаги ҳужжатда Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Қарши шаҳар ҳокимлигининг аризаси қаноатлантирилмасдан рад этилганини кўриш мумкин.


Тобора қарзга ботиб бораётган тадбиркор компенсацияни ундиришда ёрдам сўраб бугунгача Ўзбекистон Бош прокурори, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси, вилоят ҳокимлиги, вилоят халқ қабулхонаси каби қатор ташкилотларга бир неча марта мурожаат қилган.

Қашқадарё вилояти ва Қарши шаҳар ҳокимликлари мутасаддилари тадбиркорга компенсация пули қачон берилиши ҳақда бизга аниқ маълумот беролгани йўқ.

Мутасаддилар томонидан ҳозирча давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ерлари олинган жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш бўйича республика жамғармаси ташкил этилгани, фақатгина Қашқадарё вилояти ҳокими тасдиқлаган жадвал Молия вазирлиги томонидан тасдиқлангач, тадбиркорга тегишли маблағ тўлаб берилиши мумкинлиги маълум қилинмоқда.

Юқорида айтилганидек, тадбиркор бир вақтлар давлат эҳтиёжи учун олиб қўйилган ва бузилиб кетган мулки учун қачон компенсация олишини билмайди. Ҳатто ҳокимлик вакиллари ҳам аниқ муддат кўрсатган эмас. Вақт эса ўтиб бормоқда. Тобора оғир аҳволга тушиб қолаётган тадбиркор энди кимга, қаерга мурожаат қилишни билмай боши қотган. 

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ, 
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид