Ўзбекистон | 15:30 / 08.11.2022
30547
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада «ўғирлик қилмоқчи бўлгани учун» қамаб қўйилган 15 ёшли ўсмир ИИБ муассасасида вафот этди

Фото: KUN.UZ

Фарғона вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқларда вилоятдаги ИИБ биносидан 15 ёшли ўсмирнинг мурдаси чиққани ҳақида тарқалган хабарлар юзасидан расмий баёнот берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Учкўприк туманидаги Султон қишлоғида яшаган, 2007 йилда туғилган Р.А. жорий йил 16 октябрь куни Бувайда туманидаги «Ансор» савдо мажмуасида ота-онасининг назоратисиз юргани ва ушбу мажмуада ўғирлик қилмоқчи бўлганида ИИБ ходимлари томонидан ушланган. 15 ёшли йигит туман ИИБ бошлиғининг шу кунги қарори билан Қўқон шаҳрида жойлашган вилоят ИИБ ЖХХ ҲПБ ВEИҲЁКМга жойлаштирилган.

Вилоят прокуратурасига кўра, марказга жойлаштирилган куннинг эртасига – 17 октябрда Р.А.нинг соғлиғи ёмонлашиб, ҳушидан кетган. Шундан сўнг, тез ёрдам ходимлари унга тиббий ёрдам кўрсатиб, шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, марҳумнинг ўлимига «бош мия калла ёпиқ шикасти, мия қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия моддасининг лат ейиши» сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан 18 октябр куни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов ҳаракатлари давомида, жиноятга бевосита алоқадор икки нафар шахсга нисбатан айблов эълон қилиниб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланган. Шунингдек, вилоят ИИБ ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланган.

Масъуллар воқеа жойида бўлиб турган Kun.uz мухбирига изоҳ беришдан қочмоқда.

Мавзуга оид