Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Европарламентдаги мунозара: ЕИ мудофаага тайёрланади
Россиянинг Украинага ҳужуми, Яқин Шарқдаги можаро ва дунёда авторитаризмнинг кучайиши Брюсселни чора кўришга мажбур этмоқда. Европарламент Европа Иттифоқининг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш чораларини муҳокама қилди.
Фото: Jean-Francois Badias/AP/picture alliance
Европа Иттифоқи блокнинг мудофаа қобилиятини мустаҳкамлайдиган ва иттифоқчилар кўмагига камроқ боғлиқ қиладиган қадамларга тайёрланмоқда. Бу ҳақда 28 феврал, чоршанба куни Страсбургда Европарламентнинг Европа хавфсизлиги ва мудофаа масалалари бўйича муҳокамаси чоғида айтилди. Европарламент депутатларининг аксариятига кўра, Украинага Россия билан урушда ғалаба қозониши учун ҳарбий ёрдам кўрсатиш ЕИ мудофаа стратегияси мажбурий бандига айланиши керак.
«Европа Иттифоқи ўз хавфсизлиги учун масъулиятни зиммасига олиши керак. Ҳамкорларимиз қўллаб-қувватласа ҳам, қўллаб-қувватламаса ҳам, Россиянинг ғалаба қозонишига йўл қўймаслигимиз керак. Чунки Россиянинг ғалабаси нархи биз бугун қутқара оладиганидан анча юқори бўлади», - деди мунозарада иштирок этган Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен.
Фон дер Ляйен Европа стратегияси ҳақида эълон қилди
Россиянинг Украинага кенг миқёсли ҳужуми бошланганидан икки йил ўтиб, тинчлик абадий давом этиши ҳамда Европа ўз хавфсизлиги учун етарлича ҳаракат қилаётгани ҳақидаги Европа иллюзиялари изсиз йўқолди. Фон дер Ляйеннинг фикрича, Европа хавфсизлиги учун хавфлар нафақат Кремл ҳаракатлари, балки Ғазо секторидаги уруш, авторитаризм кучайиши ва дунёда агрессив иқтисодий рақобат ҳамдир. «Европа дарҳол уйғониши керак», деди Еврокомиссия раиси олқишлар остида.
Украинани қўллаб-қувватлаш орқали Европа Иттифоқи Европа бирлиги ва ҳамжиҳатлиги глобал хавфсизлик муаммоларига жавоб беришга қодирлигини исботловчи қарорлар қабул қила олди, деди фон дер Ляйен. Унинг сўзларига кўра, уруш бошланганидан бери Европа тинчлик жамғармаси доирасида Европа Иттифоқи «Украина учун ҳалокатли бўлмаган асбоб-ускуналар сотиб олишга 6,1 миллиард еврони сафарбар қилган». Шу билан бирга, Урсула фон дер Ляйен бу қадамлар етарли эмаслигига амин. Шу сабабли, Европа комиссияси яқин ҳафталарда биргаликда мудофаа харидлари, қурол-яроғ ишлаб чиқариш суръатларини тезлаштириш, умумий Европа манфаатларига мос мудофаа лойиҳаларини аниқлаш ва замонавий хавфсизлик технологияларини жорий этишга асосланган Европа мудофаа саноати стратегиясини тақдим этади.
Киевда Мудофаа инновациялари идораси очилади
Охирги бандни амалга ошириш давомида Киевда Мудофаа инновациялари идораси очилади, деди Еврокомиссия раиси. «Бу Украинани Европага янада яқинлаштиради ва аъзо мамлакатларга украиналикларнинг жанг майдонидаги ҳамда мудофаа саноатидаги инновациялар бўйича тажрибасидан фойдаланиш имконини беради», деди у. Урсула фон дер Ляйен томонидан эълон қилинган яна бир янгилик залда ҳаяжонга сабаб бўлди. У янги Еврокомиссия таркибида мудофаа бўйича Европа комиссари лавозимини яратиш тарафдори бўлишини айтди.
Бундан ташқари, у Украина учун қурол сотиб олишга Россиянинг музлатилган активларидан олинадиган даромад солиқларини мусодара қилиш масаласини муҳокама этишни бошлашга чақирди.
Макрон ва Шолцнинг баёнотлари ҳақида
Фон дер Ляйеннинг Европа Иттифоқи мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш чақириқларини қўллаб-қувватлашни ўнг марказ вакиллари, либераллар, консервативлар мутлақ кўпчилиги ва социалистлар айрим вакиллари билдирди. Чап ва ўта ўнглар вакиллари, аксинча, Европа Иттифоқини икки томонлама стандартлар, милитаризм ва аҳолининг заиф қатламлари манфаатларига эътибор бермасликда айблади.
«Бизга узоқ вақтдан бери бундай баҳс керак эди. Тушунишимиз керакки, 330 миллион америкаликлар 440 миллион европаликларни ҳимоя қилмайди, биз буни ўзимиз қилишимиз керак», — деди Европа халқ партиясидан немис депутати Манфред Вебер. Унинг таъкидлашича, сўнгги пайтларда Европа етакчилари Украинани қўллаб-қувватлаш борасидаги бирдамлиги ўзгариб кетган. Вебер Франция президенти Эммануэл Макроннинг Ғарб Украинага қўшин жўнатиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотларини, шунингдек, Германия канцлери Олаф Шолцнинг Германия Киевга TAURUS узоқ масофали қанотли ракеталарини бермаётгани, чунки урушга тортилишни истамагани ҳақидаги баёнотларини танқид қилди. «Россия ташвиқоти мана шу нарсани тарқатмоқда ва бу ҳамжиҳатликка эмас, бўлинишга олиб келади», деб таъкидлади Вебер.
Европа дунёдаги инқирозларга жавоб беришда икки томонлама стандартларга мурожаат қиляпти, дейди социалистик гуруҳдан Португалия вакили Педро Маркес. Унинг эслатишича, COVID-19 пандемияси даврида Европа Иттифоқи қашшоқ мамлакатлардаги одамларни эмас, балки фақат ўз фуқароларини қутқариш ҳақида қайғурганликда айбланган. «Уруш бошланганидан кейин Украинани қурол-яроғ билан таъминлаб, Россия Федерациясига қарши санкциялар қўйганимизда хайрли иш қилдик, аммо Ғазо секторида одамлар ҳалок бўлаётган бир пайтда қандай қилиб бошқача қараяпмиз?» – деб сўради Маркес Урсула фон дер Ляйен ўтирган трибунага қараб. Унга кўра, «агар биз оппоқ ва бой бўлмаган одамларга ғамхўрлик қилмасак, дунё бизни икки томонлама стандартлар учун кечирмайди».
«Россиянинг ҳар қандай ғалабаси - ЕИ хавфсизлигига зарба»
«Умумий эркинлигимиз учун курашни давом эттираётган украиналикларга яна бир бор ҳурматимни изҳор этмоқчиман. Ва улар биздан фақат қурол сўраяпти. Қурол йўқлиги сабабли чекинмоқда», - дейди Нидерландиядан либерал депутат Малик Асмани. Россия қаерда ва қачон тўхташини ҳеч ким айта олмаса ҳам, «унинг ҳар қандай ғалабаси Европа хавфсизлигига зарба бўлади», дея қўшимча қилди у.
Европа Иттифоқининг Россия билан энг узун чегарасига эга мамлакат – Финландия вакили, «яшиллар»дан депутат Вилле Миностио, фақат Украинани зудлик билан қурол билан таъминлаш Москвани тўхтата олишига ишонади. Миностио Финландия Миллий банкининг маълумотларига таянди, унга кўра, икки йиллик тўлиқ ҳужумда Россия мудофаа сектори билан боғлиқ саноат тармоқларида ишлаб чиқаришни 35 фоизга оширди, бу Москва урушни давом эттиришга қарор қилганидан далолат беради.
«Фуқароларимиз Европа учун ўлишни хоҳламайди»
«Ўзлик ва демократия» ўта ўнгчи гуруҳ аъзолари баҳс давомида билдирилган огоҳлантиришларга қўшилмади. Ушбу сиёсий кучдан франциялик евродепутат Жан-Пол Гаро «Европа Иттифоқи ўзининг супер кучини орзу қилади ва ўз мудофаасини назорат қила олади», деди. «Аммо бу бизнинг халқлар суверенитетига тўғридан тўғри ҳужум. Бизнинг фуқароларимиз Европа учун ўлишни хоҳламайди», деб ҳисоблайди сиёсатчи. Сўллардан вакил бўлган немис депутати Мартин Ширдеван Европа комиссиясини қуролланиш ва саноатни ҳарбийлаштиришга чақираётганликда айблади, айни пайтда Европа Иттифоқида «ижтимоий тенгсизлик кучаймоқда, очлик ва қашшоқлик бугунги куннинг нормасига айланган».
Мунозаралар давомида Европа Иттифоқи мудофаасини кучайтириш концепциясига мухолифларнинг овози кўпроқ бўлганига қарамай, улар «беқарор геосиёсий ландшафтда Европа мудофаасини кучайтириш» резолюцияси бўйича овоз бериш натижаларига сезиларли таъсир кўрсатиши даргумон. Бу жараён Европарламентнинг навбатдаги сессия йиғилишида бўлиб ўтиши керак.
Мавзуга оид
15:21
Б режаси: Нега ЕИ Украинага Россия захираларини бермади?
16:08 / 18.12.2025
Европарламент Россия газидан воз кечиш режасини тасдиқлади
10:17 / 17.12.2025
Венгрия ЕИнинг кенгайиш бўйича йиллик баёнотини блоклади
10:09 / 17.12.2025