Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Маҳалла” фонди маблағлари қурилиш лойиҳаларига жалб этилади
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Янги Тошкент қурилишига 50 млн доллар, Самарқандда Ширин шаҳарчаси қурилишига 150 млрд сўм пул берадиган бўлди. Фонд, уставига кўра, МФЙлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож одамларга кўмаклашиш учун тузилган нодавлат-нотижорат ташкилот ҳисобланади.
Янги Тошкент Чирчиқ дарёси бўйида қурилади /Фото: Президент матбуот хизмати
“Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ҳомийлик маблағлари йирик шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга оширишга жалб этилмоқда. Бу – президент томонидан 20 июл куни имзоланган иккита қарорда кўзда тутилган.
“Янги Тошкент шаҳрини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда нодавлат ташкилот ҳисобланувчи фондга лойиҳани молиялаштириш бўйича топшириқ берилган.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан биргаликда 2023 йил 1 сентябрга қадар Дирекцияга ўз фаолиятини йўлга қўйиш учун “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган ҳисобварағидаги ҳомийлик хайриялари ҳисобидан 50 миллион АҚШ доллари эквивалентидаги маблағни беғараз ажратсин”, – дейилади ҳужжатда (дирекция деганда Янги Тошкент шаҳрини қуриш дирекцияси назарда тутилган).
Самарқанд шаҳрида Ширин шаҳарчасини қуриш бўйича қарорда эса, лойиҳага пул ажратиш бўйича “Маҳалла” фондининг ўзи таклиф киритгани ёзилган.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг 2023 йил 1 сентябрга қадар Дирекцияга “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг Ғазначилик хизмати қўмитасида очилган бюджетдан ташқари ғазна ҳисобварағига тушган ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 3 йил муддатга 150 миллиард сўм фоизсиз қарз ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин”, – дейилади қарорда (дирекция деганда Ширин шаҳарчасини қуриш дирекцияси назарда тутилган).
Қайд этилишича, фонд маблағлари Ширин шаҳарчаси қурилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплашга, шаҳарча учун инфратузилма ва ижтимоий соҳа объектларини қуришга йўналтирилади. 150 млрд сўмлик бу маблағ Самарқанд вилояти маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан 2025 йилдан бошлаб ҳар чорак охирида тенг улушларда “Маҳалла” фондига қайтарилади.
“Маҳалла” хайрия жамоат фондининг уставига кўра, фонд юридик шахслар томонидан ихтиёрий мулкий бадаллар қўшиш асосида ташкил этилган, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ёки бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлайдиган, аъзолиги бўлмаган ҳамда ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат фонди бўлган нодавлат нотижорат ташкилотдир.
Фонднинг асосий мақсади – фуқаролар йиғинлари фаолиятини ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш, кўмаклашишдан иборат.
Ўзбекистон қонунчилиги жамоат фондларига молиявий ҳисоботларини жамоатчиликка очиқлаш бўйича мажбуриятлар юкламайди. Мамлакатда ҳукумат қарорлари асосида ўтказиладиган умумхалқ ҳашарларида бюджет ташкилотларида ишловчи ходимларнинг бир кунлик иш ҳақлари “Маҳалла” фондига ўтказилиши одат тусига кирган.
Мавзуга оид
21:26 / 24.03.2026
Янги Тошкентда “Буюк Ипак йўли” мажмуаси қурилади
20:12 / 24.03.2026
Янги Тошкентда сувни 232 метр баландликка отадиган супер фаввора қурилади
19:13 / 24.03.2026
Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентда барпо этилаётган стадионни кўздан кечирди
21:24 / 17.02.2026