Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент маданият ва санъат соҳаси ходимларини байрам билан табриклади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 15 апрел — Маданият ва санъат соҳаси ходимлари куни муносабати билан соҳа вакилларига байрам табриги йўллади. Давлат раҳбари маданият ва санъат аҳлининг жамият маънавий ҳаёти, миллий қадриятларни асраш ва ёш авлод тарбиясидаги ўрни беқиёс эканини таъкидлади.
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент ўз табригида санъат усталари, ижодкорлар, ёш ижрочилар ва барча соҳа ходимларига фидокорона меҳнати учун самимий миннатдорлик билдирди. Унинг қайд этишича, сўнгги йилларда мамлакатда маданият ва санъат тизимини замонавий талаблар асосида ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиб, соҳанинг моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳияти мустаҳкамланмоқда.
Мурожаатда театр, кино, музей ва маданий тадбирлар сифати изчил яхшиланиб бораётгани, аҳолига кўрсатилаётган маданий хизматлар кўлами кенгаяётгани алоҳида таъкидланди. Шу билан бирга, замонавий бошқарув механизмлари жорий этилаётгани, давлат-хусусий шериклик асосида янги ижодий лойиҳалар амалга оширилаётгани, рақамли технологиялар ва илғор тажрибалар маданият муассасалари фаолиятига татбиқ этилаётгани қайд этилди.
Президент келтирган маълумотларга кўра, кейинги йилларда мамлакатда 2 та театр, 19 та маданият маркази, 16 та музей, 20 та мусиқа ва санъат мактаби, шунингдек, ушбу йўналишда 5 та олийгоҳ ташкил этилди. Кўплаб муассасалар замонавий жиҳозлар билан таъминланиб, 125 та тарихий-маданий мерос объектида асраш ва тиклаш ишлари амалга оширилди.
Шавкат Мирзиёев ўтган йили тасвирий ва амалий санъат соҳасини ривожлантириш бўйича алоҳида қарор қабул қилинганини, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Миллий музейи биноси қурилиши бошланганини ҳам эслатди. Унинг таъкидлашича, жорий йилда Марказий кўргазмалар зали, Бадиий кўргазмалар дирекцияси фонди биноси ва Павел Беньков номидаги рассомлик мактабида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чоралар кўрилади.
Табрикда маданий дипломатия масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Қайд этилишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон нуфузли халқаро форумлар, танловлар, фестиваллар ва маданият кунлари орқали жаҳон маданий майдонида тобора фаол иштирок этмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг сессияси, Бухорода Биринчи халқаро замонавий санъат биенналеси, Нукусда Орол маданияти саммити, Хоразмда Туркий дунё маданият форуми ва Тошкентда Марказий Осиё ҳамда Озарбойжон маданият вазирларининг биринчи учрашуви юқори савияда ташкил этилгани тилга олинди.
Шунингдек, давлат раҳбари ўзбекистонлик санъаткорларнинг халқаро майдондаги нуфузи ортиб бораётганини таъкидлади. Хусусан, Австриянинг Зальцбург шаҳридаги машҳур саҳнада Ўзбекистон Миллий балети томонидан “Лазги. Муҳаббат ва қалб рақси” балети намойиш этилгани, 9 апрель куни эса Musikverein саҳнасида Амир Темур таваллудининг 690 йиллигига бағишланган мусиқали опера асари тақдимоти ўтказилгани бунинг амалий ифодаси сифатида қайд этилди.
Президент миллий кино санъатини ривожлантириш, айниқса, “Тирик тарих” туркуми доирасида ғоявий ва бадиий етук асарлар яратиш бўйича ишлар ҳам дастлабки натижаларни бераётганини билдирди. Маълум қилинишича, ўтган йили давлат буюртмаси асосида 123 та кинофильм тайёрланиб, томошабинларга тақдим этилган.
Мурожаатда маданият ва санъат соҳаси ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам санаб ўтилди. Хусусан, ўтган йилнинг ўзида соҳада узоқ йиллардан буён меҳнат қилиб келаётган 35 нафар ходим уй-жой билан таъминланган, маданият муассасалари ходимларининг иш ҳақи ўртача 35 фоизга оширилган. Шунингдек, драматурглар учун Маҳмудхўжа Беҳбудий, ёш режиссёрлар учун Баҳодир Йўлдошев, ёш хонандалар учун Ботир Зокиров номидаги мукофотлар ҳамда маҳаллий ва хорижий ижодкорлар учун “Келажак мероси” халқаро мукофоти таъсис этилгани эслатилди.
Давлат раҳбари бугунги кунда маданият ва санъат соҳасини нафақат маънавий тарбия воситаси, балки креатив иқтисодиётнинг муҳим тармоғи сифатида ривожлантириш долзарб вазифага айланганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ижодий индустрияни қўллаб-қувватлаш, маданий хизматлар бозорини тараққий эттириш ва санъат маҳсулотлари экспортини кенгайтириш мақсадида янги Креатив индустрия парки ташкил этилмоқда. Шу билан бирга, 2030 йилгача креатив иқтисодиётнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 5 фоизга етказиш режаси белгиланган.
Табрик якунида президент маданият ва санъат соҳаси вакилларининг билим, тажриба ва ижодий салоҳияти миллий маданиятни янги босқичга олиб чиқишига ишонч билдирди. Шунингдек, у барча соҳа ходимларини касб байрами билан яна бир бор муборакбод этиб, мустаҳкам соғлиқ, бахт-саодат, янги ижодий ютуқлар, хонадонларига тинчлик ва файз-у барака тилади.
Мавзуга оид
22:20 / 16.04.2026
Тошкент шаҳрининг 12 та тумани маълум бир саноат ёки хизмат кўрсатиш тармоғига ихтисослаштирилади
22:08 / 16.04.2026
Самарқанддаги 9 гектар майдонда янги Ипак йўли музейи барпо этилади
20:29 / 16.04.2026
Уруш қатнашчиларига 30 млн сўмдан бир марталик мукофот пули берилади
22:14 / 15.04.2026