Ўзбекистон | 22:14 / 15.04.2026
1916
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокировнинг 80 йиллиги нишонланди

Миллий санъат ва маданиятни ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик беқиёс хизматлари учун Фарруҳ Зокировга «Буюк хизматлари учун» ордени топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тошкентдаги Кўксарой қароргоҳида 15 апрель куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида миллий эстрада санъатининг ёрқин намояндаси, Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокировнинг 80 йиллик таваллуд айёми муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва санъат намояндалари, ижодкор зиёлилар, «Ялла» ансамбли аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Давлат раҳбари сўзга чиқиб, Фарруҳ Зокировни ушбу қутлуғ сана билан самимий қутлади, унга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик ва янги-янги ижодий ютуқлар тилади.

Тадбирда Фарруҳ Зокиров нафақат халқимиз, балки бутун Марказий Осиё, Ҳамдўстлик мамлакатлари ва туркий элларнинг севимли санъаткори экани таъкидланди. Унинг Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти деган фахрий унвонлар билан бир қаторда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон, Татаристон, Бошқирдистон ва Ингушетия халқ артисти деган юксак унвонларга сазовор бўлгани унинг ижодига берилган катта баҳо сифатида қайд этилди.

Тадбирда «Ялла» ансамбли аъзолари Жавлон Тўхтаев, Аббос Алиев, Темур Халиков ва Игорь Халиковнинг ҳам кўп йиллик самарали фаолияти эътироф этилди.

Президент қарорига кўра, Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги 7-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабига Фарруҳ Зокиров номи бериладиган бўлди.

Миллий санъат ва маданиятни ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик беқиёс хизматлари учун Фарруҳ Зокировга «Буюк хизматлари учун» ордени топширилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид