«Аянчли хато бўлди» – Нетаняҳу Рафаҳдаги ноҳарбий объектга зарба берилганини тан олди
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ЦАХАЛ Ғазодаги Рафаҳ шаҳрида ноҳарбий бинога зарба берганини тан олди. Бу зарба оқибатида қочоқлар лагерида ёнғин чиққан ва камида 45 киши ҳалок бўлганди.
Душанба куни Исроил парламентида чиқиш қилган Нетаняҳу Рафаҳга ракета зарбаси берилаётганда «аянчли хатога йўл қўйилгани»ни тан олди. У айнан қандай хато экани ҳақида гапирмади, лекин ҳолат текширилаётганини айтди.
«Тинч аҳоли вакилларига зарар етказмаслик бўйича қилаётган ишларимизга қарамай, кеча тунда аянчли хато содир бўлди. Ҳолатни текширамиз ва хулоса қиламиз. Бизнинг сиёсатимиз шунақа», деди Нетаняҳу.
27 майга ўтар кечаси берилган ракета зарбаси оқибатида қочоқлар яшаётган чодирлар ёнаётгани тасвирланган кадрлар ўша вақтдаёқ тарқалганди. Кейинроқ ЦАХАЛ зарба аниқ разведка маълумотига асосланиб берилгани, бу ҲАМАС объекти экани ҳақида баёнот берди.
Исроил ҳарбийлари берган баёнотда зарба тинч аҳолига зарар етказмагани, аксинча ҲАМАСнинг икки нафар юқори мартабали ҳарбийсини ўлдиргани айтилганди. Аммо тинч аҳоли вакиллари ўлганини исботловчи кадрлар тарқалиб, халқаро ҳамжамият зарбани қоралай бошлагач, исроиллик ҳарбийлар ҳам текширув бошлаганини айтиб чиқишди.
Сешанба куни Исроилнинг Рафаҳга ажалвор зарбасидан кейин БМТ хавфсизлик кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказди. Ёпиқ эшиклар ортидаги учрашувни хавфсизлик кенгашининг вақтинча аъзоси Жазоир чақиртирган.
Мавзуга оид
10:20
Ҳужжатлар сизиб чиқиши: Нетаняҳунинг ёрдамчисига айблов қўйилади
17:32 / 08.11.2024
Нетаняҳу мудофаа вазирини бўшатди: бу ғалаёнларга сабаб бўлмоқда
23:30 / 05.11.2024
Бинямин Нетаняҳу Исроил мудофаа вазирини лавозимдан олди
20:27 / 02.11.2024