Иқтисодиёт | 13:42 / 01.08.2019
59969
2 дақиқада ўқилади

Жамшид Қўчқоров: «Энергоресурсларга нархлар яна ошади»

Фото: KUN.UZ

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги, "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ўзбекэнерго" АЖ мутасаддилари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. 

Kun.uz мухбири хабар беришича, матбуот анжуманида энергоресурслар нархининг ошиши мавзусида сўз юритилди. Тадбирда бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров нарх-наво бўйича ўз фикрини билдирди.

«Аслида, нархлар 1 июндан кўтарилиши керак эди. Бироқ, президентимиз нархни оширишдан қайтарди. Давлатимиз раҳбари бу борада захира борлиги ҳақида сўради. Электр энергиясини бир кВт/соат учун 480 сўм қилмоқчи эдик. Нархларнинг яна қачон ошиши ҳозирча номаълум, лекин албатта ошади. 

Нарх-навони ошириш масаласи Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ёки бошқа бир идоранинг хоҳиш-иродаси эмас. Бу табиий жараён. Агар биз бозор иқтисодиётини қурмоқчи бўлсак, унда бозор иқтисодиётида нархлар эркин бўлиши керак. 

Нарх-наво ва ўлчов бирлиги, яъни, пул ҳамма учун бир хил бўлиши лозим. Бир доллар мен учун ҳам 8700 сўм, Қоракўл туманидаги деҳқон ёки дўконда савдо қилаётган фуқаро учун ҳам 8700 сўм бўлиши шарт. Ёки 8700 сўмга мен ҳам, у ҳам бир доллар ола олиши керак. Ҳеч ким 9000 сўмга олмаслиги керак, боз устига, кимлардир 5000 сўмга ҳам олмаслиги лозим. Бизда ҳозир фақат монополияларнинг нархи эркин эмас», - дейди Жамшид Қўчқоров.

Мавзуга оид