Жаҳон | 14:49 / 30.10.2025
3115
9 дақиқада ўқилади

Трамп–Си учрашуви, ядро қуролини синамоқчи бўлган АҚШ ва қурбонлари юздан ошган Риодаги рейд – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

АҚШ ядро қуролини синамоқчи

АҚШ президенти Доналд Трамп бошқа давлатлар, жумладан, Россия ва Хитой билан тенглашиш мақсадида ҳарбий раҳбариятга ядровий қурол синовларини қайта бошлашни буюрди.

«Бошқа давлатларнинг синов дастурлари сабабли мен Уруш департаментига ядро қуролларимизни тенг асосда синовдан ўтказишни бошлашни топширдим», — деб ёзди у Хитой раиси билан учрашув арафасида.

Трампнинг айтишича, АҚШ дунёда энг кўп ядро қуролига эга мамлакат бўлиб қолмоқда; Россия иккинчи, Хитой эса «анчайин орқада» туради. Бу баёнот Россияни «чексиз парвоз масофасига эга» ядровий двигателли «Буревестник» ракетасини синаганидан кейин янгради.

Трамп чоршанба кечаси эълон қилган постида ядровий қуролларнинг «улкан вайронкор кучи»ни тан олган. Бироқ ўзининг биринчи президентлик муддати давомида АҚШда ядровий арсеналини «янгилаш ва модернизация қилишдан бошқа йўли қолмаганини» ёзган.

У шунингдек, Хитойнинг ядровий дастури «беш йил ичида бизникига тенглашади», деб таъкидлади. Трампнинг постида синовлар қандай ўтказилиши ҳақида тафсилотлар келтирилмаган, бироқ «жараён дарҳол бошланади» деб ёзилган.

Бу — АҚШнинг узоқ йиллар давомида амал қилиб келган сиёсатига зид бурилиш бўлди. АҚШ сўнгги бор 1992 йил 23 сентябр куни ядро бомбасини Невада штатида жойлашган ерости полигонида синаганди.

Ушбу синовларга совуқ уруш тугаганидан кейин президент Жорж Уокер Буш (яъни катта Буш) томонидан мораторий жорий этилган.

Турли маълумотларга кўра, АҚШ минг мартадан ортиқ ядро синовларини ўтказган.

Путин «Посейдон»ни синовдан ўтказди

29 октябр куни Владимир Путин Россия ядровий двигателга эга «Посейдон» супер-торпедосини муваффақиятли синовдан ўтказганини маълум қилди. Ҳарбий таҳлилчиларга кўра, бу қурол улкан радиоактив океан тўлқинларини қўзғатиш орқали бутун қирғоқ ҳудудларини вайрон қилиш имкониятига эга.

«Посейдон» — аслида торпедо ва дрон ўртасидаги гибрид, ядровий қуролни олиб юришга қодир аппарат ҳисобланади.

Путин Москвадаги ҳарбий шифохонада аскарлар билан суҳбатлашаётганда бу синов сешанба куни ўтказилганини айтди:

«Биринчи марта биз нафақат ташувчи сувости кемасидан ишга тушириш двигатели ёрдамида уни учирдик, балки ядровий энергетик қурилмасини ҳам ишга тушира олдик ва бу аппарат маълум вақт давомида мустақил ишлади», — деди у.

«Бундай нарса дунёда йўқ», дея қўшимча қилди Путин, Посейдонни тўхтатишнинг имкони йўқлигини айтиб. Таҳлилчилар баҳосига кўра, унинг учиш масофаси 10 000 километр, тезлиги эса соатига 185 кмга тенг.

НАТOда «Канён» номи билан танилган «Посейдон» Россия матбуотига кўра, 20 метр узунликда, 1,8 метр диаметрда ва 100 тонна оғирликка эга.

«Буревестник» ва «Посейдон» синовлари Путин таъбирича, Ғарбнинг Украинадаги уруш борасидаги босимларига Россиянинг ҳеч қачон бўйсунмаслигини очиқ кўрсатиш учун амалга оширилмоқда.

Аввалроқ Доналд Трамп Россияга нисбатан позициясини кескинлаштираётган бир пайтда, Путин 22 октябр куни ядровий зарба машқларини ўтказиб, ўзининг ядро қудратини намойиш этганди.

Путин «Посейдон»нинг кучи «ҳатто энг истиқболли 'Сарматʼ қитъалараро баллистик ракетасидан ҳам юқори» эканини таъкидлади.

Трамп ва Си учрашуви

30 октябр куни АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой раҳбари Си Жинпинг билан Жанубий Кореядаги ҳарбий аэродромда учрашув ўтказди. Бусанда ўтган бу учрашув — Трамп ва Си ўртасидаги 2019 йилдан бери илк юзма-юз мулоқот бўлиб, Трампнинг Осиё бўйлаб сафари якуний нуқтасига айланди.

«Бизда жуда муваффақиятли учрашув бўлади, бунга шубҳам йўқ. Аммо у жуда қаттиқ музокарачидир», — деди Трамп Си билан қўл сиқишаркан. Си эса Трамп журналистларга пайшанба куни битим имзоланиши мумкинлигини айтганда, сезиларли ҳиссиёт билдирмади.

Шунингдек, Си музокаралар бошида «дунёнинг икки етакчи иқтисодиёти ўртасида вақти-вақти билан низо чиқиши табиий ҳол» эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, бир неча кун аввал икки давлатнинг савдо бўйича музокарачилари «асосий масалаларда ўзаро муҳим келишувга» эришган.

APEC саммити доирасида ўтган учрашув қарийб икки соат давом этди, лекин унинг тафсилотлари ҳали эълон қилинмади.

Бу пайтда эса жаҳон фонд бозорлари — Уолл-стритдан Токиогача рекорд даражаларда кўтарилди.

Ўтган ҳафта АҚШ молия вазири Скотт Бессент Пекиннинг ноёб ер металларига қўйилган назоратни бир йилга кечиктириши ва америкалик фермерлар учун соя ловияларининг қайта харидини бошлашини айтганди.

Оқ уй ушбу саммитни Трамп ва Си ўртасидаги келажакдаги бир неча учрашувлар учун бошланғич босқич сифатида кўрмоқда, жумладан, икки давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифларини ҳам.

NASA'нинг товушдан тез самолёти

28 октябр куни NASA'нинг товушдан тез учувчи, кам шовқинли Х-59 самолёти Жанубий Калифорния чўллари узра биринчи синов парвозини амалга оширди.

NASA учун Lockhead Martin компанияси томонидан ясалган ушбу самолёт ўзининг ноодатий шакли билан фарқ қилади: самолётнинг шакли одатда ҳаво тўсиқларини ёришда юзага келадиган портлашга ўхшаш товушни кескин камайтиради. Расмийларга кўра, «товуш даражаси машина эшиги ёпилгандаги каби паст даражагача туширилади».

NASA 2018 йилдан буён Х-59'ни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказиш учун Lockhead компаниясига 518 миллион доллардан ортиқ маблағ тўлаган.

Битта двигателли бу самолёт — бурнидан думигача қарийб 30 метр. У илк парвози давомида кутилганидек, товушдан паст тезликда учди ва 370 км/соат тезликка эришди.

Аслида ягона намунадаги ушбу экспериментал самолёт 16 764 метр баландликда, тахминан 1 минг 490 км/соат тезликда крейсер режимида учишга мўлжалланган. Бу одатий йўловчи самолётларидан икки баравар юқори ва деярли икки баравар тез. Кейинги синов парвозларида Х-59 баландроқ ва тезроқ учади, охир-оқибат товуш тезлигидан ошади.

Х-59 бўйича олиб борилган тадқиқотлар орқали олинган маълумотлар – қуруқликда суперсоник парвоз учун янги шовқин меъёрларини ишлаб чиқишга, тезкор йўловчи самолётларини ишлаб чиқишга ёрдам беради.

Риодаги қонли рейд: қурбонлар 130 дан ошди

Бразилиянинг Рио шаҳри тарихида энг қонли полиция амалиёти оқибатида ҳалок бўлганлар сони 132 нафарга етгани маълум қилинди.

Маҳаллий аҳолининг айтишича, ҳалок бўлган эркакларнинг жасадлари Рио-де-Жанейро чеккасидаги майдонда бир сафда, йўлакка ётқизилган эди. Кўпларининг уст-боши ечилган — бу қариндошларга уларни танишни осонлаштириш учун қилинган. Тунда яқин атрофдаги ўрмонзор ҳудуддан яна ўнлаб жасадлар топилган.

Чоршанба куни ҳам аниқ ҳисоб номаълум эди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлганлар 132 киши, жумладан, 4 нафари полициячи.

Амалиёт қандай кечгани, бегуноҳ одамлар ҳам отишмага тушганми ва ўлимлар учун ким жавобгар экани борасида кўплаб саволлар очиқ қолмоқда. Расмийлардан бири чоршанба куни асосий мақсад — тўда раҳбарини қўлга олиш бажарилмаганини тан олди.

Кўплаб аҳоли учун фожианинг биринчи белгиси – сешанба куни соат 3:30 атрофида итларнинг ваҳимали ҳуришидан бошланган. Орадан кўп ўтмай, интернет ва электр узилган. Соат 5 га яқин, тонг ёришишидан олдин эса ўқ овозлари янграган. Ҳудудга 2 500 дан ортиқ полициячи ўнлаб зирҳли машиналарда бостириб кирган. Улар «Қизил қўмондонлик» деб аталувчи йирик тўдага алоқадор гиёҳванд сотувчиларни қидиришган. Ҳаво устида икки полиция вертолёти айланиб юрган.

Бу фавқулодда қонли воқеа Рио шаҳрини ларзага солди — бу шаҳар жиноятчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувларга ўрганиб қолган бўлса-да, бундай миқёсдаги фожиани илгари кўрмаган.

Рио ҳокимияти узоқ йиллардан бери жиноий гуруҳларга қарши кескин усулларни қўллаб келади. Вилоят губернатори Клаудио Кастро рейдни муваффақият сифатида кўрсатди — 113 киши ҳибсга олинган, 118 дона қурол ва бир тонна гиёҳванд моддалар мусодара қилинганини айтди.

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид