«У менга чиройли муомала қилмади» — Ургутда ИИБ ходимининг ноҳақ ҳаракати фермернинг ҳосилини куйдирди
Таҳририятга юртдошларимиздан ички ишлар ходимлари автомобилини ноқонуний тарзда жарима майдончасига киритиб қўйгани ҳақидаги мурожаатлар келиб тушмоқда.
Шундай мурожатлардан бири Самарқанд вилояти Ургут тумани «Жартепа» агрофирмасига қарашли «Otayorxon yashil xazinasi» фермер хўжалиги раҳбари Отамурод Пўлатов томонидан йўлланган.
Мурожаатда маълум қилинишича, О.Пўлатов шу йил фаолиятини бошлаган янги фермер. Унга тумандаги «Жартепа» агрофирмаси ҳудудидан 10 гектар ер ғаллачилик-сабзавотчилик йўналиши бўйича ажратиб берилган. Ер майдони унинг яшаш манзилидан 20 км узоқликда жойлашган.
Отамурод Пўлатовга ажратиб берилган пайтда ер бўш турган бўлган ва фермер кузги буғдой экиш мавсуми бошлангунча унда сабзавот етиштириш учун пиёз эккан. 31 май куни фермер далада пиёз экаётган ишчиларига тушлик олиб бориш учун уйига келган ва тушлик билан бирга даласининг сув чиқмайдиган қисмини суғориш учун насосни машинасига юклаб, йўлга чиққан. Маҳалласида уни ички ишлар ходимлари тўхтатиб ҳужжатларини сўраган.
Отамурод Пўлатовдан автомобиль бошқаришга тегишли ҳужжатларини олган ички ишлар ходими унга «Нега карантин қоидаларини бузиб юрибсиз?» деган. Фермер далада ишлаётган ишчиларига тушлик ва сув насоси олиб кетаётганини айтган. Ходим ёнидаги шеригига фермернинг машинасини олиб бориб жарима майдонига тиқишни буюрган.
Фермер унга сув насоси ва фермерлик ҳужжатларини кўрсатган, аммо ички ишлар ходими унинг ҳужжатларига қарамай карантин қоидаларини бузиш бўйича маъмурий баённома расмийлаштириш учун Отамурод Пўлатов ва унинг машинасини Ургут туманидаги 2-сонли ИИБ ХПБга олиб борган.
Мурожатни ўрганиш жараёнида аввал фермер Отамурод Пўлатов билан учрашдик. Унинг айтишича, ўша куни йўлда тўхтатган ички ишлар ходими ўзини таништирмаган: «Ички ишлар ходими (ЙПХ ходими эмас!) ёнидаги шеригига «Буни машинасини олиб бориб тиқ», деганида мен унга «Президентимиз фермерларга тегма» деган-ку?!» дедим. Бу гапим ички ишлар ходимини қуюшқондан чиқарди, «Телевизорда сенларга бошқача гап гапирилади, катталар менга бошқача буйруқ беради», деб жавоб берди.
Ўша ходимнинг ёнидаги шериги «Ўртоқ бошлиқ, машина юкхонасида сув насоси бор, қўлида фермерлик ҳужжатлари турибди, машинасида тушлик ҳам бор экан, у алдамаяпти, қўйиб юборайлик», деганида «ўртоқ бошлиқ» ёрдамчисига «Бу маҳмадонанинг (фермерни) ўзини ҳам обориб тиқиш керак», деб жавоб берди.
Шундан сўнг машинамни халқ тилида «Ўрамас ПОМ» деб аталадиган Ургут туман ИИО ФМБ 2-сон ИИБ ХПБга олиб келишди. Бу ерда мени тўхтатган ходим ана шу 2-сонли ИИБ ХПБ бошлиғи Санжар Ҳазратов эканини билдим.
Бўлимга келганимиздан сўнг машинамни бўлимгача бошқариб келган ходим «Бу ака фермер экан, мен бу одамнинг машинасини ҳужжатлаштирмайман», деб маъмурий баённома ёзишдан бош тортди. Шунда Санжар Ҳазратов ўша ходимни уришиб берди ва баённомани бошқа ходимга ёздирди. Шу тариқа, машинам жарима майдонига жойлаштирилди. Сув насос ҳали ҳам машина юкхонасида турибди», дейди Отамурод Пўлатов.
Фермернинг айтишича, шундан сўнг у умуман уйидан чиқа олмаган. Бир неча марта машинаси бор танишларига даласига бориб пиёз экилган далани суғориб келиш учун илтимос қилган, аммо карантин сабаб ҳеч ким рози бўлмаган. «Бир неча кун ўтиб даламга борсам, янги экилган пиёзларнинг бир қисми нобуд бўлган...», дейди фермер.
Шундан сўнг ҳодиса юзасидан изоҳ олиш учун Ургут туман ИИО ФМБга бордик. У ерда бизни Санжар Ҳазратовнинг олдига, 2-сонли ИИБ ҲПБга жўнатишди. Санжар Ҳазратовни топиб, уни фермер билан юзлаштирдик.
2-сонли ИИБ ҲПБ бошлиғи ҳақиқатан фермернинг машинасини карантин қоидаларини бузгани учун ҳужжатлаштириб, топшириб юборганини тан олди. Унинг тушунтиришича, карантин пайтида кўча-кўйда бекор юрган айрим фуқаролар ҳам турли сабабларни баҳона қилишга уринишади. У айниқса, қишлоқ жойларида «фермерман», деб баҳона қиладиган кўплиги ҳақида гапирди.
Аммо ўшанда Отамурод Пўлатовнинг фермер ёки фермер эмаслигини аниқлаб, сўнг унга чора кўришнинг иложи бор эди-ку?! Санжар Ҳазратов эса буни асло истамаган кўринади. Ундан Отамурод Пўлатовнинг машинаси юкхонасида сув насоси борлигини кўрган-кўрмаганини сўрадик. У сув насосни кўрганини, лекин бу ҳеч нарсани англатмаслигини (!) айтди.
Унинг сўзларига кўра, фақат пилла боқиш учун тут барги ортиб кетаётган турли техникалар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ортиб юрган юк машиналарига индашмаган. Қолганларга чора кўришган. Санжар Ҳазратовнинг қўшимча қилишича, Отамурод Пўлатов унга яхши муомалада бўлмаган.
«Раҳбарлар буйруқ бергани билан биз ҳам инсон омилини ва вазиятни инобатга олиб иш тутамиз. Ўша куни бу фуқаро чиройли муомала қилганида, мен унинг машинасини жарима майдончасига тиқмасдим», деди 2-сонли ИИБ ҲПБ бошлиғи.
Энди бу нима дегани?! Бу билан ички ишлар органи ходими фермерлигини била туриб ҳам ҳақини талаб қилгани учун атайлаб қилдим демоқчи бўлдими?
(Санжар Ҳазратов билан суҳбат аудиоёзуви таҳририятда бор)
Қисқаси, фермернинг «Президентимиз фермерларга тегма деган-ку?!» — деб, ички ишлар ходимидан ўзини таништиришни сўраганим уни дарғазаб қилиб юборди», деган гапи билан Санжар Ҳазратовнинг «У менга яхши муомала қилмади, агар чиройли муомала қилганида машинасини жарима майдонига олиб бориб тиқмасдим», деган гаплари бир-бирига мос келяпти ва мурожаат мазмуни тасдиқланмоқда.
Фермернинг даласига ҳам бордик. У кеча, бугун пиёзини суғораётган экан. Аммо экилган пиёз кўчатларнинг анча қисми сувсизликдан нобуд бўлган ва фермернинг экини анча зарар кўрган. Унинг айтишича, машинаси юкхонасида турган сув насосини кунига 100 минг сўмдан ижарага олган ва 31 майдан буёғига ҳисоб кетяпти.
Фермернинг даласини кўздан кечираётганимизда, у пиёзлари яшнаб турган қўшни фермернинг даласини кўрсатди. Маълум бўлишича, Отамурод Пўлатовнинг даласидаги пиёз билан қўшни даладаги пиёз бир кунда экилган. Қўшни далада ҳамма ишлар ўз вақтида бажарилгани учун пиёз бехато кўклаган ва авжида ўсяпти. Отамурод Пўлатовнинг даласида эса ҳолат жуда аянчли кўринишга келиб қолган.
Фермерга «Пиёз қуриб қолган жойларда қайта экса бўлмайдими?», деб савол берганимизда, у буёғига экилган пиёз кузга бориб яхши пишмай қолишини, қолаверса машинаси ҳануз жарима майдонида тургани учун энди ҳеч нарса қила олмаслигини айтди.
Фермернинг айтишича, у машинаси жарима майдонига жойлаштирилган 31 май куни вилоят ҳокимининг телеграм мессенжерига ёзма равишда мурожаат қилган, шунингдек, 1 июнь куни Бош прокуратуранинг 1007 ишонч рақамига қўнғироқ қилиб, муаммони ҳал қилиб беришни сўраган. Бош прокуратура ишонч рақамига қилинган мурожаатга 6 июнь санаси билан, вилоят ҳокими телеграм мессенжерига йўлланган мурожаатга эса 16 июнь куни Ургут туман ИИО ФМБ бошлиғи подполковник О.Жалилов номидан жавоб хатлари юборилган.
Бош прокуратурага қилинган мурожаатга 6 июнда берилган жавоб хатида ИИОФМБ бошлиғи подполковник О.А.Жалилов машинани ЙҲХБ ва СЭОМ ходимлари тўхтатиб маъмурий баённома тузилганини таъкидлаган, орадан 10 кун ўтиб вилоят ҳокими телеграм мессенжерига қилинган мурожаатга жавоб хатида худди шу инсон ИИОФМБ 2-сонли ИИБ ҲПБ ходимлари томонидан тўхтатилиб, маъмурий баённома расмийлаштирилиб, сўнг Самарқанд вилоят Давлат Санитария эпидемиология бошқармасига юборилгани маълум қилинган.
Энди қаранг, ИИБ ҲПБ бошлиғи Санжар Ҳазратов ЙПХ ходими эмас, унинг автомашиналарни тўхтатишга, расмийлаштиришга асло ҳаққи йўқ. Ҳолбуки, фермерни тўхтатишганда на ГАИ, на СЭС ходими бўлган. Фермерни ПОМ бошлиғи тўхтатиб, «стоянка» қилган. Энди эса фермерга қарата «бориб дардингни «СЭС»га айт», дейилмоқда.
Энди ўйлаб кўринг: фермерга даласига бориш учун уйдан чиқиш мумкин бўлмаса, унда халқни ким боқади? Ёки ички ишлар органлари 34 миллион аҳолини боқса бўладиган озиқ-овқат захирасига эгамикин?
Қолаверса, бу йил ҳукумат томонидан қишлоқ хўжалигига катта эътибор бўляпти ва жойларда ерлардан максимал даражада унумли фойдаланиш ҳақида топшириқлар бериляпти.
Фермерлиги аниқ бўлган одамнинг машинасини жарима майдончасига тиқаётган ички ишлар ходимлари шу жиҳатларни ўйлаб кўришганда, зарар қилмасди.
Энди Отамурод Пўлатовнинг муаммосига келсак, уни ҳам туман марказида ёки касаллик аниқланган маҳаллада эмас, балки ўз маҳалласида тўхтатишган. Қолаверса, уни тўхтатган ходим «Менга яхши муомалада бўлмади», деган баҳона билан фермернинг ҳужжатларига ҳам, важларига ҳам қарамаган.
Оқибатда фермер яхшигина зарар қилди, у иш билан таъминлаши керак бўлган одамлар ишсиз қолди. Биргина ўйламасдан қилинган ноҳақ ҳаракат ортидан бир қанча оиланинг қора қозони қайнашдан тўхтаб қолган. Қисқаси, «бирники мингга, мингники туманга» урди.
Бу ерда энг адолатли йўл — Санжар Ҳазратов томонидан ойлик маоши ҳисобидан фермер кўрган барча зарарларни қоплатиш, унинг ўзини эса ички ишлар тизимидан бўшатиш бўларди.
Энг қизиғи, ўз ходимини ҳимоя қилиш учун Ургут туман ИИОФМБ бошлиғи бош прокуратурага бошқача, вилоят ҳокимлигига бошқача маълумот бермоқда. Айнан мана шу иши учун ҳам ИИОФМБ бошлиғи етказилган зарар ва ноқулайлик учун фермердан расман узр сўраб чиқиб, вилоят СЭОМ марказига автомашина нотўғри расмийлаштирилганини айтиб, хат йўллаши керак эди. Ҳар қандай нормал давлатда айнан мана шундай йўл тутилган бўларди.
Бироқ, бу воқеадан кейин Ургутда адолат борлигига ишониш қийин бўлмоқда. Тумандаги ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларни хаспўшлашга уриниш бор, холос.
Хуллас, жарима бекор қилинмаяпти, етказилган зарарни Санжар Ҳазратов тўлаб бермаяпти, унга бирор чора ҳам кўрилмаяпти, бошлиқ ҳам узр сўрамаяпти.
Бу ерда куйган фақат деҳқон бўлмоқда.
Шуҳрат Шокиржонов,
Ғайрат Йўлдош
P.S. Дарвоқе, бугун Отамурод Пўлатов таҳририят билан қайта боғланиб, автомашинасини жарима майдонидан олиб чиққанини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, санитария-эпидемиология назорати идораси томонидан унга нисбатан асоссиз маъмурий баённома расмийлаштирилгани айтилиб, машинаси жарима майдонидан чиқариб юборилган.
Шунга қарамай, фермер машинаси ушлаб турилган давр учун жарима майдончасига 330 минг сўм тўлов қилишга мажбур бўлган. Энди у машинаси асоссиз жарима майдонига қўйилгани боис экинлари қуриб қолиши ортидан кўрган моддий зарарни 2-сонли ИИБ ХПБ бошлиғи Санжар Ҳазратовдан ундириш бўйича маъмурий судга даъво аризаси киритишга ҳозирланаётганини маълум қилди.
Мавзуга оид
21:20 / 19.11.2024
Қишлоқ хўжалиги кооперативлари ҳақидаги узоқ кутилган қонун имзоланди. Соҳада нима ўзгаради?
11:38 / 17.11.2024
Самарқандда 3 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчига ҳукм ўқилди
16:04 / 01.11.2024
Боёвут ҳокими Дилфуза Уралова фермерни ҳақоратлаб, ИИБга уни қамаб қўйишни буюрди
10:38 / 13.10.2024