Жамият | 10:00 / 12.11.2021
8659
5 дақиқада ўқилади

Пойтахт биқинидаги маҳаллада “свет” йўқ. Қибрайнинг Алишерободидаги аҳоли қишда аҳвол ёмонлашишидан хавотирда

Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидан атиги 3 км масофада жойлашган Қибрай туманининг Алишеробод маҳалласи фуқаролари электр энергияси таъминотидаги узилишлардан зада бўлишганини, бу ҳақдаги мурожаатлари жавобсиз қолдирилаётганини айтмоқда.

“Бизда “отопление” умуман йўқ. Уйларни электр иситкичлар билан иситамиз. Электр бўлмаса, уйлар совиб кетади. “Свет” тез-тез ўчавергани учун уйларимизнинг девори моғорлаб кетган. Тўртта болам шу моғорнинг дастидан замбуруғ касаллигини орттириб олишди. Ҳаммалари ларингит бўлиб қолган. Свет бўлмагани учун ингаляторни ҳам ишлатолмаймиз.

“Электросет”дагилар ўйин қилишади. Бир свет келади, бир ўчади. Нечадир минутдан кейин яна келади, кўп ўтмай қайта ўчиришади. Нима деган гап бу? Свет ўчиб-ёнаверишидан музлаткичим куйди. Бу масала бўйича мурожаат қилмаган жойимиз қолмади. Қибрай тумани ҳокимлигидагиларга дардимизни айтсак, сабр қиласизлар, чунки бу маҳалла Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманига ўтди деб айтишяпти. Мирзо Улуғбек тумани қабул қилиб олгунча йиллар ўтиб кетиши мумкин. Эшик қоқиб турган қишда қандай жон сақлаймиз?” дейди Замира Жалилова.

“Алишеробод маҳалласида яшаётганимизга 15 йил бўлаётган бўлса, шунча йилдан бери “свет” муаммоси бор. Бу бўйича мурожаат қилмаган жойимиз қолмаган. Икки бекат нарида Янги Ўзбекистон боғи қурилди. Аҳоли яшамайдиган ушбу ҳудуддаги чироқлар ўчмайди. Бизнинг маҳалламизда “свет” бўлмаганида у ерда кўча чироқларигача ёниб туради. Йўқса битта тумандамиз, олдин халққа етказиб бериб, кейин ундай жойларни электр энергияси билан таъминлаш керак эмасми?!” дейди Гулнора Муҳаметханова.

“Маҳалламизда электр таъминотида узилиш бўлса, сувсиз қоламиз. Чунки “свет” ўчиши билан сув ҳам ўчади. Иккиси бир-бирига боғлиқ. Одатда кечаси билан чироқ бўлмайди. Совуқ пайтида уйлар музлаб қолади. Айрим хонадонлар газга уланмаган, электр бўлмаса улар овқат ҳам қилишолмайди. Одамлар қийналяпти”, дейди Тоҳир Турдибоев.

“Ёзда амаллаб кун ўтказса бўлади. Қишда қийин. “Дом”имизда марказий иситиш тизими йўқ. Ҳамма ўзи учун ўзи шароит яратиб олган. Иситиш қозонларимиз электрда ишлайди. “Свет” кетиши билан сув автомат равишда ўчади, уйларимиз исимайди. Совуқ кунлар бошланган. Ҳаммамизнинг уйимизда камида икки нафардан ёш боламиз бор. Уй совиб кетса, улар касал бўлиб қолишяпти.

Электр энергиясидан қарздорлик йўқ. Сабаби ҳозир автоматлаштирилган ҳисоблагичлар ўрнатилган. Олдиндан пулини тўлаб қўймасак, пулимиз тугаши билан тармоқдан узиб қўяди. Маҳалладагилар билан Президент порталига ҳам, туман ҳокимлигига ҳам қайта-қайта мурожаатлар қилганмиз. Натижа бўлмагани учун сизларга мурожаат қилишга мажбур бўлдик”, дейди Гули Абдураҳимова.

“Ўқитувчи бўлиб ишлайман. Дарсим иккинчи сменада. Дарсдан уйга келганимда “свет” ўчиб қолавергани учун ўқувчиларнинг дафтарларини текширишга улгурмайман. Уларнинг баҳоларини онлайн кундаликка ўтказишим ҳам кечикади. Ҳар куни “свет” ўчади. Шам ёруғида дафтарларни баҳолаб чиққунимча соат кечаси 11-12 бўлиб кетади. Электрон кундаликка баҳоларни вақтида киритолмаганим учун ишхонадан гап эшитаман. Раҳбарият шароитимиз қандайлигини билмайди”, дейди Буҳожар Шерназарова.

Маълум бўлишича, Қибрай туманининг айрим маҳаллалари, жумладан, Алишеробод маҳалласи ҳам Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманига ўтган. Бироқ Тошкент вилояти ҳамда пойтахт ҳокимликлари ўртасидаги расмиятчиликлар чўзилаётгани боис шаҳарга қўшилаётган маҳаллаларнинг аҳолиси сансалорлик қурбони бўлмоқда.

“Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти бош техник директори Динмуҳаммад Бегмановнинг Kun.uz’га маълум қилишича, 11 ноябрь куни акциядорлик жамияти ҳамда Қибрай тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбарияти Алишеробод маҳалласида яшовчилар билан учрашиб, электр энергияси таъминотида юзага келаётган узилишларни 30 ноябрга қадар бартараф этишга ваъда берган. Таъкидланишича, мазкур масала “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти томонидан назоратга олинган.

Мутасаддилар берган сўзларининг устидан чиқишига, алишерободликларни йиллар давомида қийнаб келаётган муаммога ечим топилишига умид қилиб қоламиз.

Kun.uz мавзуга яна қайтади.

Жамшид Ниёзов
Муаллиф Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид