Жаҳон | 19:49 / 14.10.2025
4969
4 дақиқада ўқилади

Зеленский яна Оқ уйда Трамп билан учрашади

Уларнинг бу сафарги учрашувида Украинага «Томагавк» ракеталарини бериш масаласи муҳокама қилинади.

Intelligence Specialist 1st Class Kenneth Moll / U.S. Navy / Reuters /

Украина президенти Володимир Зеленский 17 октябр куни Оқ уйда АҚШ президенти Доналд Трамп билан учрашув ўтказади. Бу ҳақда аввалига ўз манбаларига таяниб, Украина ва Америкадаги бир неча нашрлар хабар тарқатди, кейинроқ Трамп бу маълумотни тасдиқлади.

Axios маълумотига кўра, Зеленский ва Трамп Украинага Америка қуролларининг янги партиясини, жумладан, Tomahawk ракеталарини етказиб бериш масаласини муҳокама қилмоқчи.

АҚШ ва Украина президентлари шанба ва якшанба кунлари икки бор телефон орқали мулоқот қилган. Axios манбаси хабар беришича, шундан сўнг юзма-юз учрашувга эҳтиёж туғилган, чунки «телефон орқали муҳокама қилиб бўлмайдиган баъзи масалалар туғилган».

Душанба куни Зеленский Украина делегацияси аллақачон АҚШга учиб кетгани, улар мудофаа компаниялари ва эҳтимол конгрессменлар билан ҳам «бир неча муҳим учрашувлар ўтказиши»ни хабар қилди. Axios нашри ёзишича, делегацияга Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак раҳбарлик қилади – унинг вазифалари қаторига, бошқа ишлардан ташқари Зеленскийнинг ташрифига тайёргарлик кўриш ҳам киради.

Украина президент АҚШга 16 октябр куни учиши кутилмоқда.

Зеленский ва Трампнинг охирги учрашуви сентябр ойи охирида, БМТ Бош ассамблеяси сессияси доирасида Ню Йоркда бўлиб ўтганди. Бу учрашувдан кейин АҚШ президенти Россия-Украина уруши бўйича риторикасини ўзгартирган, хусусан, Киев Россия томонидан босиб олинган ҳудудларини қайтариб олиши мумкинлиги ва ҳатто «бундан ҳам кўпроғига қодирлиги» ҳақида гапирганди.

Зеленский бунгача Оқ уйнинг ўзида Трамп билан икки бор учрашув ўтказган. Феврал ойи охиридаги дастлабки музокаралар можаро билан якунланганди. Иккинчи учрашув эса август ойида, Европа давлатлари раҳбарлари иштирокида бўлиб ўтди, бу Трампнинг Аляскада РФ президенти Владимир Путин билан учрашишидан бир неча кун ўтиб содир бўлди.

АҚШ Киевга 50 та Tomahawk ракетаси бериши мумкин

Украинага «Томагавк»лар етказиб бериш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда ҳам, амалда АҚШ Киевга 50 дан ортиқ ракета бера олмайди, деб ёзади Financial Times нашри.

2022 йилдан буён Пентагон бундай ракеталардан фақат 200 та сотиб олган, шундан 120 таси аллақачон машғулотлар чоғида ишлатиб юборилган. Нашрнинг мудофаа соҳасидаги манбаларига кўра, ҳарбий идора 2026 йил учун бюджетида фақат 57 та қўшимча «Томагавк» ракетаси учун маблағ сўраган.

Ҳарбий эксперт Стейси Петтижон нашр билан суҳбатда бу қадар кам ракета уруш динамикасини ўзгартира олмаслигини айтган. У «Томагавк» ракеталари Украинадаги мавжуд қанотли ракеталар, шунингдек, узоқ масофага ҳаракатланувчи дронларни тўлдириши, шу тариқа, алоҳида ҳужумлардаги самарадорликни ошириши, аммо кичик ҳажмдаги етказмалар «Россия ичкарисига узлуксиз ҳужумларни таъминлаш учун етарли бўлмаслиги»ни таъкидлаган.

Пентагоннинг собиқ мулозими Марк Кансиан газета учун берган изоҳида АҚШда 4150 тага яқин Tomahawk ракетаси борлигини айтиб ўтган.

Трамп ўтган дам олиш кунлари Зеленский билан бўлиб ўтган иккита телефон мулоқотидан кейин Украинага «Томагавк» ракеталари етказиб берилиши мумкинлигини билдирди. Шахси сир қолишини сўраган украиналик расмий Financial Times учун изоҳида айтишича, АҚШ президенти якуний қарорга келмаганига ишора қилган, аммо Киевдагилар фикрича, у бундай ракеталарни етказиб беришга «ҳар қачонгидан кўра яқинроқ».

Нашрнинг бошқа икки манбаси Трамп «номаълум миқдордаги» «Томагавк» ракеталарини бериш имкониятини кўриб чиқаётгани, аммо бундан олдин Киев улардан қандай фойдаланмоқчи экани ҳақида кўпроқ маълумот олмоқчилигини айтган.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид