Жаҳон | 20:40 / 12.04.2019
7055
1 дақиқада ўқилади

Тожикистонлик диний уламолар армияда хизматдан бўйин товлаш оғир гуноҳлигини айтдилар

Фото: Asia-Plus

Тожикистон ёшларининг ҳарбий хизматдан бўйин товлаши оғир гуноҳ ҳисобланади. Бундай баёнот билан Тожикистоннинг Ислом маркази уламолари кенгаши чиқди. Уламолар ватанга муҳаббат мусулмон кишининг художўйлигини кўрсатувчи жиҳатлардан бири эканлигини айтишган.

“Ҳозир мамлакатда қуролли кучлар сафига баҳорги чақириқ бошланди. Ватанпарвар ёшларнинг бир қисми ҳарбий хизматга ўз фуқаролик бурчини бажариш учун бошни баланд тутган ҳолда бормоқда, бироқ муқаддас бурчни бажаришдан бўйин товлаётган ёшлар ҳам бор”, деб таъкидланган баёнотда. 

Баёнотда, шунингдек, ота-оналар фарзандларига ҳарбий хизматдан бўйин товлашда ёрдам бермасликка чақирилган. 

“Бунинг содир бўлишига ёрдам берадиган одамлар ҳам гуноҳга ботадилар”, деб айтилган хабарда.

Тожикистонда 1 апрелдан баҳорги чақириқ бошланди ва 31 майгача давом этади. Ҳар йили мамлакат қуролли кучларига 15 мингга яқин киши ҳарбий хизматга чақиртирилади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид