Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Сити»га автобус ёрдам бермади, «Барса» «Реал»ни қувмоқда. Кун ўйинлари
Ҳусанов яна танаффусда алмаштирилди, Шомуродов яна гол урди, «Барселона»да шедевр. Якшанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Англия: Гвардиоладан автобус
«Арсенал» – «Манчестер Сити» 1:1
Голлар: Ҳоланд, 9 (0:1). Мартинелли, 90+3 (1:1)
«Арсенал»: Райя, Салиба, Габриэл Магаляйнс, Калафиори, Тимбер (Мартинелли, 80), Субименди (Москера, 90+8), Райс, Мерино (Эзе, 46), Троссар (Нванери, 84), Мадуэке (Сака, 46), Йокереш
«Манчестер Сити»: Доннарумма, Рубен Диаш, Гвардиол, О`Райли (Стоунс, 87), Ҳусанов (Матеус Нунес, 46), Родри, Рейндерс, Фоден (Аке, 68), Доку (Савио, 87), Бернарду Силва, Ҳоланд (Гонсалес, 76)
Огоҳлантиришлар: Тимбер, 46 – Бернарду Силва, 36. Доннарумма, 77
«Сити» турнинг марказий учрашувига максимал даражада кутилган таркиб билан тушди. Гвардиола 2021 йилдан буён илк бор қаторасига уч ўйинда бир хил таркибни туширди. Ўзбекистонлик ҳимоячи ҳимоянинг ўнг қанотидаги ўрнини мустаҳкам эгаллагани маълум бўлди. «Арсенал»да эса бу мавсумда илк бор Троссар илк дақиқалардан ўйнади, Артета бир неча кун олин Чемпионлар лигасида «Атлетик» билан ўйинда 1+1 кўрсаткич қайд этган футболчисига ишонч билдирди.
Ўйиннинг илк дақиқаларидан «Арсенал» катта куч билан олдинга ташланиб, рақиб жарима майдонини қамалга олди, энг олдинги чизиқдаёқ прессинг уюштирди, меҳмонлар эса қарши ҳужумларга таянди. «Сити» 9-дақиқадаёқ илк вазиятидан фойдаланди. Лондонликлар ҳимоячилари ҳужумда юрганида тўп йўқотилди ва Рейндерс тўпни рақиб жарима майдони яқинигача олиб бориб, ўнг қанотдан очилган Ҳоландни тўп билан таъминлади. Норвегиялик ҳужумчи яккама-якка вазиятдан унумли фойдаланди.
Шундан кейин меҳмонлар тўпни бутунлай рақибга топширишди. Бўлим ўрталарига бориб «шаҳарликлар»нинг тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи 17 фоизгача тушиб кетганди. Бу вақтда Фоден бешинчи ҳимоячига айланди. Ўйинда қўполликлар туфайли тез-тез пауза юзага кела бошлади. Ҳусанов, Рейндерс, Габриэл, Троссар ва Бернарду фоллардан азият чекишди. Бўлим охирида олдинроқ сариқ карточка олиб бўлган Бернарду газонда ётган Троссарни тўп билан урди, бироқ ҳакам уни аяди ва майдондан четлатмади.
«Арсенал»нинг биринчи бўлимдаги тўпга эгалик қилиши чинакамига хавфли вазиятларни юзага келтирмади. Рақиб дарвозаси соҳасига тўғри борган ягона зарба Мадуэкенинг зарбаси бўлди, аммо бу вазиятда Доннарумма яқин бурчакка келган тўпни тўсишга улгурди.
Танаффусда учта алмаштириш бўлди. «Арсенал» Мадуэке ва Мерино ўрнига Сака ва Эзени майдонга ташлади ва бу лондонликлар ҳужумини кучайтирмай қолмади. Гвардиола эса биринчи бўлимда Ҳусановни майдондан олди. Ўзбекистонлик ҳимоячи яккакурашларда яхши ҳаракат қилди, ўз қанотида Троссарга имкон бермади, аммо тўп билан ҳаракатланишда яхши таассурот қолдира олмади — тўпни узоқлаштиришга уриниб кўп йўқотишга йўл қўйди, вазиятлардан бирида эса тўпни дарвозабонга қайтаришга уриниб, уни рақибга совға қилишига бир бахя қолди. Афтидан, «Арсенал» Ҳусановни прессингнинг асосий нишони сифатида танлаганди: айнан уни ноқулай ҳолатга туширувчи паслар бериб, кейин босим уюштирилди.
Биринчи бўлимда бўлгани каби, мезбонлар дарҳол «Сити»ни жарима майдонига қамашга киришди. Гвардиола футболчилари тўпни шунчаки тепиб юбориб, узоқлаштириш билан машғул бўлишди.
68-дақиқадаёқ «Сити» уч марказий ҳимоячилик схемага ўтди — ҳужумдаги Фоден ўрнига ҳимоячи Аке туширилди. Кўп ўтмай Ҳоланд ҳам майдондан олинди ва унинг ўрнини таянч яримҳимоячиси Гонсалес эгаллади. Бир неча дақиқа ўтиб Доннарумма тўпни ўйинга киритишда навбатдаги марта вақт чўзгани учун сариқ карточка олди. Сакани ҳар сафар бир вақтнинг ўзида «Сити»нинг уч футболчиси қарши олди — меҳмонлар жарима майдони шу қадар тиғиз ёпилганди.

Гвардиола ўз принципларига терс бориб, ғалабали ҳисобни сақлашга уринди, аммо бу иш бермади.
Барчаси 90+2-дақиқада ўзгариб кетди, бу вақтга келиб «Арсенал» кутилмаганда рақиб жарима майдони атрофида босим уюштиришдан воз кечганди. Меҳмонлар енгил тин олишди ва иккинчи бўлимда илк бор позицион ҳужум бошлашди — кўп ўтмай мезбонлар тўпни эгаллаб олди ва Эзе майдоннинг иккинчи қисмида туриб, тўпни ҳимоячилар ортига ташлаб берди, Мартинелли тезлик олиб, рақиб жарима майдони яқинига етиб борди ва тўпни бир тегинишда анча олдинга чиқиб кетган Доннарумманинг устидан ошириб ташлади. Бу «Арсенал»га «Сити»га қарши мағлубиятсиз сериясини 6 ўйинга етказиш имконини берди. Энди «канонирлар» тўпланган очколар сони (10) бўйича иккинчи ўринни «Тоттенҳэм» ва «Борнмут» билан бўлишиб турибди, фақат тўплар нисбати эвазига юқорида жойлашган. Тур якунларига кўра «Ливерпул» энг яқин таъқибчисидан беш очкога олдинда бормоқда. «Сити» эса беш турда 7 очко билан турнир жадвали ўрталарида қолмоқда.

Испания: «Атлетико»да ёмон старт давом этмоқда
«Малйорка» – «Атлетико» 1:1
Голлар: Галлаҳер, 79 (0:1). Муричи, 85 (1:1)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Алварес, 14’
«Малйорка»: Роман, Кумбулла (Пабло Торре, 36), Райло, Валент, Мохика, Морей (Пратс, 82), Морланес (Вирхили, 82), Кошта (Санчес, 67), Дардер, Муричи, Асано (Доменек, 68)
«Атлетико»: Облак, Лангле, Ле Норман, Ганцко, Льоренте, Коке, Барриос (Галлаҳер, 68), Гонсалес (Руджери, 75), Симеоне (Молина, 63), Алварес (Гризманн, 63), Распадори (Серлот, 63)
Четлатиш: Серлот, 73
«Атлетико» яна бир бор қоқилди. «Энфилд»даги драмадан кейин (Диего Симеоне шогирдлари ЕЧЛ 1-турида икки тўп фарқини йўққа чиқарган, аммо арбитр томонидан қўшиб берилган дақиқаларда гол ўтказиб юборганди) мадридликлар ла лиганинг бешинчи турида учинчи дурангни қайд этишди, жамоа мавсум бошидан буён фақат бир ўйинда ғалаба қозонган. Бу сафар ҳам натижа аламли бўлди. Биринчи бўлимда Хулиан Алварес пеналтидан фойдалана олмаганди, иккинчи бўлимда эса майдон марказида рақибнинг оёғига бутсасининг остки қисми билан зарба берган Сёрлот жамоасини қийин аҳволда қолдириб кетди.
Шунга қарамай, меҳмонлар бир киши кам бўлиб ўйнаб ҳам ҳисобни очишганди, Лиоренте бошлаган ҳужумда дарвозабондан қайтган тўпни Галлаҳер дарвоза тўрига йўллади. Аммо ўйин якунига беш дақиқа қолганида «иккинчи қават қироли» Мурики «Малйорка»ни мағлубиятдан қутқарувчи голини урди. Беш турдан кейин 5 очко — «Атлетико»нинг 2009 йилдан буён энг ёмон старти, ўшанда қизил-оқлар беш турда атиги 3 очко тўплаганди.
«Барселона» – «Хетафе» 3:0
Голлар: Торрес, 15 (1:0). Торрес, 34 (2:0). Олмо, 62 (3:0)
«Барселона»: Х. Гарсия, Кристенсен, Э. Гарсия, Х. Мартин (Араухо, 83), Кунде, де Йонг (Фермин Лопес, 60), Ольмо, Педри (Барджи, 76), Торрес (Касадо, 60), Рафиня (Рэшфорд, 46), Левандовски
«Хетафе»: Сория, Даконам (Манча, 46), Абкар, Дуарте, Рико, Кико Фемения, Миля, Арамбарри (да Коста, 70), М. Мартин (Мунос, 46), Майорал (Камара, 46), Лисо (Санкрис, 80)
Огоҳлантиришлар: Рафиня, 32. Кристенсен, 54 – М. Мартин, 3. Лисо, 42. Даконам, 44. Абкар, 58
«Барселона» Йохан Кройф номидаги, атиги олти минг мухлис кира оладиган миттигина стадионида яна бир бор шоу уюштирди. Флик бу сафар машғулотларга кечиккан Рэшфордни захирада қолдирди, у ишонч билдирган Ферран Торрес эса ишончни оқлади. Эътиборли томони, каталонияликларнинг сўнгги беш ўйинида турли беш футболчи иккитадан гол урмоқда. Бунгача Фермин Лопес, Рафиня, Левандовски ва Рэшфорд навбатма-навбат дублни расмийлаштирганди. Ферран эса бошланғич таркибга қайтган Дани Олмонинг Гутини эслатиб, товон билан ортга берган доҳиёна пасидан ҳисобни очди, кейин эса Рафинянинг узатмасини қулай позицияда туриб дарвоза тўрига йўллади.

Иккинчи бўлимда эса Олмо сермаҳсулликни давом эттираётган Рэшфорднинг пасидан кейин якуний ҳисобни ўрнатди. Бу ҳужумда кўп нарсани анча ичкаридан инглиз ҳужумчисини олдинга бошлаган Касадонинг узатмаси ҳал қилди. Ҳанси Флик жамоаси Ямалсиз ҳам ўз даражасини сақлаб қолмоқда ва «Реал» билан пойгани давом эттирмоқда. Қайд этиш керакки, германиялик мутахассис қўлида Ферраннинг фойдали иш коэффициенти кескин кўтарилиб кетди, ҳужумчи ҳозирги мураббийлар штаби бошчилигидаги 51 ўйинда 23 гол урган. Ҳолбуки у Хави даврида 113 ўйинда бундан икки баробар кам гол урганди.

Италия: Пеллегринининг ғолибона қайтиши
«Лацио» – «Рома»
Гол: Ло. Пеллегрини, 38 (0:1)
«Лацио»: Проведел, Романиоли, Хила, Нуну Тавареш (Лу. Пеллегрини, 46), Марушич, Ровелла (Каталди, 46), Деле-Баширу (Белаян, 14), Гендузи, Дзаккани, Педро (Нослин, 79), Диа (Кастелянос, 62)
«Рома»: Свилар, Манчини, Н`Дика, Зеки Челик, Кристанте (Цимикас, 81), Коне, Анхелинио (Ал-Айнавий, 81), Ренч, Соуле (Балданци, 73), Ло. Пеллегрини (Пизилли, 73), Фергюсон (Довбик, 66)
Огоҳлантиришлар: Хила, 88 – Н`Дика, 83
Четлатиш: Белаян, 86
Якшанба кунги ўйинларни очиб берган Рим дербиси Жан Перо Гасперинининг топқирлик қобилиятини яна бир бор намойиш этди. Жамоа сардори Лоренцо Пеллегрини май ойи бошидан буён жароҳат туфайли ўйнамаётганди. Унинг таркибга қайтишининг ўзи «Рома» мухлисларини хурсанд қилганди, биринчи бўлим охирларида у Соуленинг узатмасини голга айлантирганида эса жамоадошлари уни гол билан қизғин табриклашди, унинг ўзи ҳам кўз ёшларини тия олмади.
Лоренцо — «Рома»нинг рамзи. У жамоанинг қаторасига 11 мавсумдирки гол ураётган ягона футболчиси, «Лацио» эса — унинг севимли рақиби, у дербиларда тўрт бор дарвозани ишғол этган. Иккинчи бўлим бошида Диа яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади ва «бургутлар»да бошқа голли вазият бўлмади. Гасперини биринчи уринишда олдинги ҳамкасблари 2016 йилдан буён уддалай олмаётган ишни уддалади. Аниқроғи — сафар дербисида ғалаба қозониб, «Рома»нинг ушбу рақиб устидан ғалабалари сонини 70 тага етказди. Римликлар унинг бошқарувида 4 турдан 3 тасида бир хилда - 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди, «Торино»дан учралган мағлубиятли ўйинда ҳам битта гол урилган - 0:1.
«Интер» – «Сассуоло» 2:1
Голлар: Димарко, 14 (1:0). Карлос Аугусту, 81 (2:0). Чеддира, 84 (2:1)
«Интер»: Х. Мартинес, Ачерби, Карлос Аугусту, Аканжи, Сучич, Хакан Чалханоглу (Фраттези, 65), Барелла, Димарко, Дюмфрис (Луис Энрике, 65), Тюрам (Л. Мартинес, 64), Эспозито (Бонни, 77)
«Сассуоло»: Мурич, Идзес, Мухаремович, Дойг, Кулибали (Пиерини, 90+2), Матич, Коне (Фадера, 68), Вранкс (Волпато, 69), Лоренте (Торстведт, 68), Берарди, Пинамонти (Чеддира, 78)
Огоҳлантиришлар: Ҳоқон Чалхонўғли, 31. Димарко, 58 – Мухаремович, 90
«Интер» аста-секинлик билан вазиятни ўнгламоқда ва ЕЧЛда «Аякс» устидан қозонилган ғалаба ортидан А серияда яна уч очко олди. Ўйиндаги натижани икки латерал таъминлади, улардан бири (Карлос Аугусто) шу куни марказий ҳимоя учлигида ҳаракат қилди. Аммо позиция ўзгариши бразилиялик футболчига ҳужумларга қўшилишга тўсқинлик қилмади ва у нерадзуррилар устунлигини оширганидан анча олдинроқ ҳам гол уриши мумкин эди. Ўйинда ҳисобни Димарко очди, бунда Сучичнинг ҳам хизмати катта бўлди. Хорватиялик яримҳимоячи ўзи зарба бериши мумкин бўлган вазиятда тўпни қанотдан жарима майдонига кириб келган шеригига ташлаб берди ва у идеал позициядан аниқ зарба йўллади. Шу куни Кристиан Киву
«Интер»нинг ёшлар жамоасидан ўзига таниш бўлган Пио Эспозитони ҳам бошланғич таркибда ташлаганди ва бу ёш ҳужумчи қайчи услубидаги зарбаси билан оқшомни безаши мумкин эди, аммо дарвозабоннинг ақл бовар қилмас реакцияси «Сассуоло»ни навбатдаги голдан қутқариб қолди.

Германия: Дортмундда барқарорлик
«Айнтрахт» Ф – «Унион» Б 3:4
Голлар: Анса, 9 (0:1). Берк, 32 (0:2). Браун, 45 (1:2). Берк, 53 (1:3). Берк, 56 (1:4). Узун, 80 (2:4). Буркардт, 87 - пеналти (3:4)
«Айнтрахт» Франкфурт: Сантос, Теат, Кох, Браун, Аменда, Коллинз, Шаиби (Ҳойлунд, 61), Ларссон (Кнауфф, 61), Узун, Баойя (Буркардт, 61), Доан, Вахи (Батшуайи, 69)
«Унион» Берлин: Реннов, Кверфелд, Диогу Лейте, Дуки, Хедира, Ҳаберер, Кен (Шефер, 90+3), Триммел (Скарке, 73), Берк (Чон У Ен, 81), Анса (Кемляйн, 72), Илич
Огоҳлантиришлар: Доан, 63. Коллинз, 88. Теат, 90 – Кверфелд, 86. Илич, 90
Ҳозирча хулоса чиқаришга эрта, аммо афтидан «Айнтрахт» ҳам Германиянинг ЕЧЛдаги илк мавсумдаги (ёки кўп йиллик танаффусдан кейинги қайтишдаги) муаммолари билан тўқнашмоқда, немис жамоалари биринчи уринишда икки катта фронтга ресурс етказа олмаяпти. «Бавария» ва «Боруссия» бундай ритмда кўп йиллардан буён ўйнаб келади, қолганларга эса тажриба, шунингдек кадрлар ва ҳиссиётлар етишмаяпти. Ҳафта ўртасида «бургутлар» «Галатасарой»ни аяб ўтирмаганди (5:1), ҳафта охирида эса «Унион» билан ҳисобдаги қувлашмачоқ кечган ўйинда мағлуб бўлди. Берлинликлар форвардлари Берк ва Иличнинг маҳорати ўйин тақдирини ҳал қилди. Шотландиялик ҳужумчи ҳет-трик қайд этди, сербиялик ҳужумчи эса жамоасининг тўртала голида ҳам иштирок этди. «Айнтрахт» эса фақат ўйин охирида ҳисобни қисқартира олди, 19 ёшли Жан Узун бундеслига стартидаги тўрт ўйинда гол урган илк тинейжер футболчи бўлди.
«Байер» – «Боруссия» М 1:1
Голлар: Тиллман, 70 (1:0). Табакович, 90+2 (1:1)
«Байер»: Флеккен, Баде (Тап, 63), Тапсоба, Куанса, Тилльман, Гарсия, Гримальдо, Васкес (Поку, 63), Бен Сегир (Эчеверри, 76), Маза (Хофманн, 84), Шик (Кофане, 76)
«Боруссия» М: Николас, Элведи, Кяродиа (Ранос, 86), Дикс, Энгелҳардт, Райц (Ҳеррманн, 86), Улриҳ, Скалли, Штегер (Рейна, 80), Кастроп (Нойҳаус, 72), Матино (Табакович, 80)
Огоҳлантиришлар: Баде, 37. Куанса, 39. Бен Сегир, 49. Тиллман, 90. Грималдо, 90 – Улриҳ, 8. Скалли, 49. Элведи, 74. Дикс, 89
«Байер» ҳамон барқарорликка эриша олмаяпти. Каспер Юлманн Леверкузендаги фаолиятини «Айнтрахт» устидан ғалаба қозониш билан бошлаганди (3:1), кейин эса унинг жамоаси қаторасига икки ўйинда дуранг қайд этди. ЕЧЛ доирасида Копенҳагенда кечган учрашувда қаҳрамонлик кўрсатиб, икки тўп фарқини йўққа чиқариш талаб этилди (2:2), якшанба куни бундеслига доирасида уйда кечган учрашувда эса жамоага минимал устунликни сақлаб қолиш учун сабрлилик етишмади. 70-дақиқада жамоанинг янги аъзоси Тиллман навбатдаги голи билан ҳисобни очганди, аммо ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда стандарт вазиятдан ўтказилган гол туфайли ғалаба бой берилди. Ҳозирча «Байер» турнир жадвалининг иккинчи қисмида қолмоқда.
«Боруссия» Д – «Волфсбург» 1:0
Гол: Адейеми, 20 (1:0)
«Боруссия» Д: Кобел, Антон, Бенсебаини, Шлоттербек, Нмеча (Беллингҳэм, 77), Забитцер (Ўзжан, 90+2), Свенссон, Рюэрсон, Байер (Чуквуэмека, 65), Адейеми (Брандт, 77), Гирасси
«Волфсбург»: Грабара, Кулиеракис, Йенц, Меле (Пейчинович, 81), Фишер, Соуза (Эриксен, 60), Арнолд, Майер (Сванберг, 60), Виммер (Винн, 73), Сков Олсен (Дагим, 46), Амура
Огоҳлантириш: Бенсебаини, 5
Якшанба кунги ўйинларда «Боруссия» ЕЧЛнинг бошқа иштирокчилари фонида нисбатан барқарор ва ўйинга тайёр кўринди. Дортмундликлар Туриндаги ўйин («Ювентус» сўнгги дақиқаларда икки гол уриб, ғалабани илиб кетганди) таъсирида чиқа олганини кўрсатди ва прагматик услуб билан «Волфсбург» устидан ғалаба қозонди. Етарлича вазиятлар яратилди, аммо фақат Адейеми жарима майдони чизиғидан йўллаган зарбадан кейин тўп дарвоза тўрига бориб тушди. Нико Ковач жамоаси яна ўзи учун одатий иккинчи ўринда — «Бавария» икки очколик фарқ билан таъқиб этилмоқда. «Асаларилар» учун яна бир қувончли янгилик жароҳат туфайли мартдан буён ўйнай олмаган Шлоттербек сафга қайтиши бўлди. «Бўрилар»ни эса ниҳоят ўзига янги клуб топган Эриксеннинг майдонга тушиши қутқара олмади.

Туркия: Шомуродовда барқарорлик

«Бошоқшеҳир» — «Аланяспор» 1:1
Голлар: Шомуродов (29) — Огунду (52).
«Бошоқшеҳир» — Муҳаммад, Эбоселе (Булут, 61), Ба, Опоку, Опери, Берат (Калужински, 85), Юсуф (Туруч, 74), Кемен (Ҳарит, 62), Креспо, Брнич (Файзуллаев, 62), Шомуродов.
«Аланяспор» — Ташкиран, Виана, Лима, Алити, Кескин (Ҳадержонай, 65), Макута (Жанвие, 81), Маэстро, Руан (Ўздемир, 73), Кайя, Ҳажи (Муние, 65), Огунда (Мешак, 81).
Огоҳлантиришлар: Берат (32), Опоку (42), Эбоселе (45+2), Ҳажи (65), Алити (84).
Туркия чемпионати 6-турида «Бошоқшеҳир» ўз майдонида «Аланяспор»ни қабул қилди. Мезбонлар сафида Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродов асосий таркибда тушиб, 29-дақиқада ҳисобни очди. Унинг иккинчи бўлимдаги яна бир голи эса офсайд ҳолати туфайли инобатга олинмади. Ўзбекистонлик ҳужумчи сўнгги уч ўйинни голли ҳаракатсиз тарк этмаяпти — 2 гол ва 1 голли пас. Якунда истанбулликлар ғалабани ушлаб қола олишмади ва навбатдаги марта очко йўқотди — 5 ўйинда 1 ғалаба, 3 дуранг ва 1 мағлубият. Жамоанинг яна бир ўзбекистонлик футболчиси, яримҳимоячи Аббос Файзуллаев 62-дақиқада ўйинга қўшилди. Эндиликда захирасида бир ўйини бор Нури Шаҳин жамоаси 6 очко билан турнир жадвалининг 10-ўрнида қолмоқда.
