09:21 / 04.05.2024
16294

Шамол ҳам, ёмғир ҳам бўлмаган кунда дарахт қулади. Бунга VEOLIA ходимлари айбдорми?

Тошкентда кўп йиллик дарахт қулаб тушди. Оқибатда 1 ёшли бола нобуд бўлди, бир аёл жароҳатланди, яна бир фуқаронинг қимматбаҳо автомобилига зарар етди. Kun.uz ҳодиса сабабларини ўрганди. Суриштирувда дарахт қулашига Veolia Energy Tashkent иссиқлик етказиб бериш компанияси ходимлари ва бошқа масъул идораларнинг масъулиятсизлиги ҳамда ҳаракатсизлиги сабаб бўлгани ойдинлашди.

3 май куни тармоқларда Тошкентнинг Чилонзор тумани 5 мавзеси Кўркам маҳалласида кўп йиллик дарахтнинг қулаши оқибатида 1 ёшли қизалоқ вафот этди. Қизалоқ билан сайрга чиққан энагаси эса тан жароҳати олди. Kun.uz мухбири ҳодиса содир бўлган ҳудудда бўлиб, тафсилотларни ўрганди.

Шу ердаги чиқиндихона ходимининг айтишича, дарахт қулаган вақтда бола ва аёлнинг устига каттагина шох келиб тушган.

“Мен [чиқиндихонада] ишлаётгандим, қарсиллаган товуш эшитилди. Қарасам, бир аёл “коляска”да болачаси билан нариги бетдан келаётган экан. Мен кўргандим келаётганини, қарсиллаган вақтда кўрсам, дарахт қулабди. Битта новдачаси келиб энагаси билан болага тушди. Аёлнинг елка ва қўлини сийириб [шилиб], боланинг бошига тушди. Боланинг юзи кўм-кўк бўлиб қолди.

Тез ёрдам келгунча бола типирчилаб ўлиб қолди. Боланинг онасини телефон қилиб чақиришди, ёшгина қиз ишдан етиб келди”, – деди воқеага гувоҳ эркак.

Дарахтнинг қулаши оқибатида ҳудудда яшовчи фуқаролардан бирининг мулкига ҳам зарар етгани маълум қилинди.

“Соат 12 ларга яқин қўшним автомобилим устига дарахт тушгани ҳақида телефон қилди. Чиқдим, қарасам автомобил устига дарахт тушган, “коляска”да бир ёш бола ўлган, жойида 1 ёшли бола вафот этган.

Мана энди келиб жойни ўрашяпти, 5 кун олдин қазиб кетишганди. Иш бошлашдан олдин қилиш керак эди-ку ҳамма ишни. Дарахт яхши турганди, экскаватор ковлагандан кейин илдизи билан ағанаб тушган”, – дейди автомобилига зарар етган фуқаро.

“Иссиқлик тизимини таъмирламоқчи бўлишган, сув оққан, шуни тузатмоқчи бўлишган. Келсам шу ҳолат, бир нарса дея олмайман, мен ҳам шокдаман.

Тошкент шаҳар экология бошқармасига қуриган дарахтларни кесиш бўйича сўров юборилган. Маҳалла “обод маҳалла” дастурига тушган, ҳар бир қуриган дарахт бўйича сўров берилган. Навбат-навбат билан кесиб, тайёрлаб келишган эди”, – деди “Техно ҳудуд” БСК раҳбари Алимардон Валижонов.

Тошкент шаҳар ботаника боғи бўлим бошлиғи Атиргул Холмирзаеванинг айтишича, қулаб тушган дарахтнинг ёши жуда катта бўлиб, у илдиз қисмидан чириб бўлган, юқори шохлари эса қуриб кетган.

Мутахассисга кўра, кўп йиллик дарахт бир кунмас бир кун қулаб тушиши аниқ эди, аммо бу ҳолатда масъулларнинг эҳтиётсизлиги оқибатида жараён тезлашиб кетган.

“Бу дарахтнинг биологик ёши тугаган, охирги йилларини яшаётган бўлган. Биринчидан бунинг таги иссиқ сув, парланиб ётганини кўряпсизми? Бу пар қаерга боради, дарахтга боради. Ўзи тамом бўлиб турган дарахтни баттар чиритиб юборган. Унинг тагларида ушлаб турадиган илдизи йўқ. Илдизлари чириган, таги юмшатилганидан кейин оғирлик шохлари томон қулаган. Илдизи ушламаганидан кейин қаер оғир бўлса, ўша ерга қараб эгилиб кетган.

Энди буларда ҳам айб бор, шу жараённи амалга ошираётганда бу ерга одам келмаслиги учун атрофига муҳофазаловчи нарсаларни қўйиши керак эди. Ёки шу ерда яшовчи одамлардан қўйиб, бу ерда юрмаслигини таъминлаши керак эди.

Шаҳарда бунақанги ёши катта дарахтлар жуда кўп. Шунинг учун Экология [вазирлиги] эксперт комиссия қиладими, бошқа қиладими, ботаника боғи, ўрмон хўжалигидан вакиллар билан юриб, шу дарахтларнинг ҳаммасига хулоса бериши керак. Бўлмаса, бундай ҳолатлар бўлаверади”, – деди Холмирзаева.

Таҳририят манбасининг ҳам тасдиқлашича, воқеада дарахт олдини қазиб, ҳудудни муҳофаза қилмаган масъуллар айбдор. Ҳатто жараёнда дарахтнинг ёнини қазиш учун тегишли ташкилотлардан рухсат ҳам олинмаган бўлиши мумкин.

Суриштирувимиз давомида ҳудудга Чилонзор тумани ҳокимияти вакилларининг келганини ҳам пайқадик. Аммо изоҳ олишга уринганимизда мутасаддилар бирданига йўқ бўлиб қолишди. Ҳокимият вакили билан сайр қилиб юрганлар эса тадбиркор эканини, маҳалладаги ерларни ўрганиб юришганини маълум қилди.

Kun.uz ҳолат юзасидан Чилонзор тумани экология бўлим бошлиғи Дилшод Садиров боғланди. Унинг айтишича, ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда, хулоса асосида қўшимча маълумот тақдим қилинади.

Айни вақт ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Дилшода Шомирзаева
Абдуқодир Тўлқинов
Асрор Алмуродов
Kun.uz

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top