Иқтисодиёт | 10:34 / 20.06.2021
37363
19 дақиқада ўқилади

Ўзбек маҳсулотлари Европага чиқишига нима тўсиқ бўлмоқда? — мутахассис билан суҳбат

Ишлаб чиқарилган ёки етиштирилган маҳсулотларни Европага экспорт қилиш. Бугунги кунда тадбиркор учун бундан-да жозибали яна нима бўлиши мумкин?

«GSP+» — кўпчилигимиз учун тушунарсиз бўлган бу аббревиатура экспортчилар учун жуда кўп нарсани англатади. 10 апрелдан Ўзбекистон учун Европа Иттифоқининг махсус имтиёзлар тизими (GSP+) кучга кирди ва бу Ўзбекистондан 6200дан ортиқ товарларни Европа Иттифоқи давлатларига божсиз олиб кириш имконини беради. Бир қараганда экспортчиларнинг «пичоғи мой устида» бўладигандек, лекин ҳаммаси бир қарагандагидек осон эмас.

Биз ўзбек маҳсулотларининг Европага экспорти ва GSP+ мавзусида Ғарбий Европа давлатларига Ўзбекистондан экспортни кузатиб борувчи, Ўзбекистондаги замонавий ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ҳамда халқаро саноат ҳамкорлигини ташкиллаштирувчи Европадаги илк компания асосчиси Дмитрий Родин билан суҳбатлашдик.

— Дмитрий илк саволимиз: Европага экспорт нима учун керак ўзи?

— Келинг, бу саволни икки қисмга бўлайлик: масалага экспортчи ва давлат позициясидан боқайлик.

Хусусий ишлаб чиқарувчи учун асосий «зарурият»лардан учтасини ажратиб кўрсатиб ўтган бўлардим.

Биринчидан, Европа — бу жуда катта бозор. ЕИ бозорига тўлақонли чиқиш — ишлаб чиқаришни каррасига кўпайтириш демак. Агар сифатли маҳсулот ишлаб чиқарар экансиз, бу бозордан улуш ажратишга интилмаслик ғалати бўлар ҳам эди. Миқёсларга эътибор қилинг: Европа Иттифоқи давлатлари ҳар йили 180 млрд евролик кийим-кечак импорт қилади, уй текстили импорти ҳажми эса 150 млрд доллар. Таққослаш учун, расмий статистикага кўра, Россия кийим-кечак ва пойабзал импорти учун 10 млрд доллар сарфлайди.

Иккинчидан, рақобатбардош ўзбек ишлаб чиқарувчилари қоида тариқасида импорт ускуналардан фойдаланишади. Лизинг тўловлари доллар ёки еврода ифодаланган. Агар ишлаб чиқарувчи ўзининг тайёр маҳсулотларини бошқа валютада сотса, ўз гарданига валюта билан боғлиқ жиддий хатарларни ҳам олади.

Ниҳоят, бу бизнеснинг жуда тўғри қурилган моделидир: харажатлар сўмда, тушум еврода бўлса.

Давлат учун Европага экспортни кўпайтириш — бу экспорт-импорт салдоси сифат даражаси яхшиланиши, миллий ва маҳаллий бюджетларга солиқ тўловларининг ошишини билдиради. Бу ҳолатда янги иш ўринлари яратилишини ҳам эътибордан қочирмаслик керак.

Мен яна бир жиҳатга эътибор қаратмоқчиман: енгил саноат ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда ҳар бир иш ўрни турдош соҳаларда яна 2-3тадан қўшимча иш ўринлари яратади. Бу ҳар қандай ҳудуд ва бутун мамлакат учун ҳам муҳим ижтимоий-иқтисодий натижа ҳисобланади. Мамлакат келажаги учун турдошлик жиҳати — инсон капиталининг ўсиши: барча даражалар учун европалик ҳамкасблар билан ишлаш тажрибасига эга мутахассислар пайдо бўлиши яқин йилларда иқтисодий ўсиш учун асос бўлади.

Албатта, ўзбек ишлаб чиқарувчиларининг Европа бозорларидаги ҳар бир муваффақияти билан мамлакатнинг ва алоҳида йирик экспортга йўналтирилган лойиҳаларнинг инвестицион жозибадорлиги оша боради. Биз айни пайтда Ўзбекистонга инвестиция ётқизадиган фондни тузишда иштирок этмоқдамиз ва мамлакат инвесторлар ўртасида модага (яхши маънода) айланиб бораётганини кўрмоқдамиз. Бу кайфият энди фактга айланган натижалар билан мустаҳкамланиши керак.

— GSP+ нима?

— GSP — бу «General System of Preferences» (Имтиёзлар бош тизими) иборасининг қисқартмаси. Моҳиятан, бу Ўзбекистондаги қарийб ҳамма маҳсулотлар Европа Иттифоқи давлатларига божсиз экспорт қилинишини англатади. Ўзбекистон бу имтиёзларга эга бўлган 9-давлат бўлди.

Кейинги бериладиган саволнинг олдини олиб айтишим лозимки, сертификатлаш масалаларига бунинг алоқаси йўқ.

— Ўзбекистонга GSP+ тизими нима беради?

— Траут ва Райснинг «Маркетинг урушлари» номли ажойиб китоби бор, унда ҳарбий ҳаракатлар ва янги бозорларни эгаллаш ўртасида ўхшашлик изланган. Мана шу солиштиришлар доирасида ўзбек ишлаб чиқарувчилари энг замонавий қуролга эга бўлишди, деб айтган бўлардим.

Европа бозорида рақобат жуда кучли. Бутун жаҳондан энг яхши ишлаб чиқарувчилар харидорлар билан тўғридан тўғри музокаралар олиб боришади, товар учун нарх ҳисоби унинг ҳар донасига центнинг ўндан бир қисмигача боради. Энди вазиятни тасаввур қилинг, ишлаб чиқарувчи центнинг ўндан бир қисмига талашиб, иқтисод қилишга тиришиб ётганда кутилмаганда у улкан бонусга эга бўлди: муҳокама қилинаётган товар Европага божсиз олиб кирилишига изн берилди. Бу бонуснинг катталиги центнинг ўндан бир қисми эмас, маҳсулот нархининг 10 фоизидан ҳам катта суммаларда ўлчанади. Бир деганда Ўзбекистоннинг барча маҳсулотлари рақобатбардош бўлиб қолди. Буни айтишга осон.

Лекин GSP+ режимига киришиш ортиқча хурсандчиликка сабаб бўлиши керак эмас. Мен кўплаб ишлаб чиқарувчилар билан гаплашдим, улар Европада савдо миқдори ошиши ўз-ўзидан рўй бермаслигини таъкидлашмоқда. Амалиётга кўра, «ўз ўзидан» фақат зиёнли бизнес пайдо бўлиши мумкин, муваффақият учун эса саъй-ҳаракат қилиш керак, тизим қуриш лозим.

— Европа бозорига муваффақият билан ва муваффақиятсиз кирган мамлакатлар тажрибаси бор. Ўзбекистон улардан қандай сабоқ чиқариши мумкин?

— Келинг, GSP+ имтиёзларига аввалроқ эга бўлган давлатларни кўриб чиқайлик.

Покистон энг муваффақиятли экспортчига айланган: йилига 5,9 млрд евро. Айтиш мумкинки, ишлаб чиқарувчилар давлат ёрдамида макроиқтисодий даражада ҳам жуда сезилаларли «иқтисодий мўъжиза» яратишди. Энг аввало ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқаришни сертификатлаштириш ва маҳсулотларга сертификатлар олиш борасида ўз маркетинг ҳаракатларини синхронлаштиришди.

Европада Покистон маҳсулотларининг кўплаб шоурумлари бор, у ерда ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини тақдим этиб, харидорлар билан битта тилда гаплашишади — сифат назорати борасида ҳам, сертификатлаш масалаларида ҳам, ўз ишлаб чиқаришини қайта жиҳозлаб, ўзгараётган талабни қондириш масаласида ҳам. Бир сўз билан айтганда, харидорга жуда яқин бўлиш керак ҳамда максимал даражада мижозга мослашиш керак.

Мижозга мослашиш деганлари эса доим математик томондан ҳисобласа бўладиган нарса. Мижоз керакли ахборотни ишлаб чиқарувчи сайтидан нечта кликда топа олади? Request for Proposal (Таклиф талабномаси) жўнатганидан сўнг у тижорий таклифни узоғи неча соат кутади? Талабнома жўнатилганидан сўнг неча кун ўтгач у товарнинг лаборатория таҳлилларини ола олади? Неча кундан сўнг маҳсулот намунаси унинг қўлида бўлади?

Бунда ҳаммаси жуда оддий қурилган — соғлом фикр ва инсон учун тушунарли идрок асосида. Мана, сизга харидор Request for Proposal жўнатди. «Биз бунақасини ишлаб чиқармаймиз, каталогимизда борини танланг», дея жавоб берувчи ишлаб чиқарувчи уларга асло қизиқ эмас. Чунки худди шу Request for Proposal’ни Покистон, Ҳиндистон, Испания, Вьетнам, Польша, Бангладеш ва Италиядаги ишлаб чиқарувчилар ҳам олишган — харидор эса айнан ўзи истаган нарсани беришга тайёр бўлган ишлаб чиқарувчи билан мулоқотни давом эттиради.

Мана шу музокаралар — моҳиятан ишлаб чиқарувчиларнинг сиртдан рақобат кураши ҳисобланади. Бунда маҳсулот ўрамасини зудлик билан ўзгартиришга, нархни мослаштириш, харидор ёки сотувчининг технологлари билан маслаҳатлашувдан сўнг қимматроқ ёки арзонроқ хомашёга ўтишга тайёр бўлиш керак.

Яхши мисол келтираман. Мижозларимиздан бири ётоқхона чойшабини пластик қопламада ишлаб чиқарар эди. Бу дистрибьютернинг экологик дунёқарашига зид — чунки қоплама тасодифан денгиз ёки дарёга тушиб қолса ҳам атроф-муҳитга зиён етказмаслиги керак. Ўша чойшаблар тайёрланган матодан зудлик билан халтачалар тикишга тўғри келди. Ишлаб чиқарувчи ва биз бу йўл билан нафарқат экологик дунёқарашни намоён этдик, якуний харидорга қўшимча устунлик ҳам тақдим этдик: дўконда у маҳсулот қопламасини бузмасдан чойшаб ясалган матони қўллари билан ушлаб кўриш имконига эга бўлди. Келажак — йўл-йўлакай мижознинг талабларига мослашувчи ва ўз тижорат таклифларини замонавийлаштирувчи ана шундай ишлаб чиқарувчиларники.

GSP+ ни қўлга киритган Қирғизистон ва Арманистон ҳануз Европа бозорларида кўзга ташланмаяпти. Эҳтимол ишлаб чиқарувчилар масофадан туриб музокаралар олиб боришаётгандир, лекин улар жисмонан бу ерда эмаслар. Бундай бизнеснинг сезиларли натижалари ҳам кўзга ташланмаяпти.

Шуниси эътиборга моликки, Покистон шоурумлари жойлашган кварталларда нафақат Покистон емакхоналари, паспортларнинг амал қилиш муддатини узайтириш, таржималарни нотариал тасдиқлаш ва шу каби турли бизнес-сервислар ҳам бор. Ишлаб чиқарувчилар бизнесни жуда фаол тарзда олиб боришаётгани ва иш олиб борилаётган йиллар мобайнида Европада жиддий ваколатхоналар очишгани дарҳол кўзга ташланади.

Арманистон ва Қирғизистон бундай ютуқлар йўлида бирор арзирли қадам ташлашгани йўқ. Қирғизистондан экспорт йилига 6 млн евро, Арманистон эса 70 млн еврога яқин маҳсулот жўнатган, холос.

Тўғриси, мени Ўзбекистон ҳануз Покистон йўлидан юрмаётгани ташвишга солмоқда. Ўзингиз ўйланг: кўплаб суҳбатдошларим бир йил аввал яқин ойлар ичида GSP+ имзоланишини билишар эди. Ўтган йилнинг ноябрида имзолаш, апрелда — ратификация. Кимдадир тайёргарлик кўриш учун бир йил бор эди, билмаганлар учун — ярим йил. Лекин Европа бозорларига чиқиш тизими ҳалигача йўқ.

Минглаб экспортчиларга Европага чиқиш даврини тез ва самарали ўташга ёрдам берадиган, йиғиладиган юкларни комплектлаштиришга ортиқча харажатларнинг олдини олувчи ва бошқа кўплаб масалаларни ҳал қилувчи «ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги кўприк» керак. Бу ўзига хос «Экспорт лойиҳалари фабрикаси» бўлиб, усиз Покистон муваффақиятини такрорлаб бўлмаслиги аниқ.

Энг қизиғи нимада, биласизми? Ҳиндистонлик ишлаб чиқарувчилар Европада ишни жуда яхши ташкил этишган ва йилига бу ерга 43 млрд евролик маҳсулотлар экспорт қилишади, лекин Ҳиндистонда GSP+ имтиёзлари йўқ. Улардаги экспорт ҳажми Покистондан 7 баробар, Қирғизистондан 7200 баробар катта. GSP+ жуда фойдали бўлса-да, муваффақият кафолати эмас экан. Муваффақият учун албатта GSP+ имтиёзларига эга бўлиш ҳам шарт эмас. Лекин бу алоҳида суҳбат мавзуси.

— Европада Ўзбекистондан келтирилган маҳсулотларни оммалаштиришга нима халақит қилади? 

— Маҳсулотнинг Европа бозорига муваффақиятли чиқиши учун нималар зарур бўлади? Келинг, кичик деталларга эътибор бермай, вазиятни кенгроқ тасаввур қиламиз. Нималар зарур: сертификация, бозор талабларини тушуниш, ўз рақобат устунликларини кристалл даражада аниқ билиш, Европада жисмонан ҳозир бўлиш ва, ниҳоят, ўзининг рақобат устунликларига биноан сотув тизимини қуриш.

Бу пунктларнинг ҳар бири ишлаб чиқарувчининг алоҳида харажатларини талаб этади. Биз буни «бозорга кириш чиптаси нархи» деб атаймиз. Бу ерда муҳими шуки, давлат «кириш чиптаси»ни жиддий тарзда арзонлаштирмоқда.

Бу ҳолатда, тажрибалардан аён бўлмоқдаки, биз юқорида санаб ўтган ривожланишнинг асосий йўналишлари ва бошқа бир қатор йўналишлар бўйича ишларни синхронлаштириб ва таҳлил қилиб, ҳар бир экспорт лойиҳасига тизимли равишда ёндашиш керак. Масалан, кўп ҳолларда сертификация учун шунчаки тўлов қилиш етарли эмас: сертификатнинг ўзи сотувларни таъминлай олмайди, у шунчаки ишдаги воситалардан бири, маҳсулотни илгари суриш бўлмаса унинг шартномалар имзоланишида нафи бўлмайди.

Европада ишлаб чиқарувчиларнинг ишини ташкиллаштириш соҳасида савдо уйлари ва шоурумларнинг давлат томонидан биргаликда молиялаштирилиши масаласи аниқ қўйилган. Бир қараганда, Европа бозори ва ўзбек ишлаб чиқарувчилари ўртасида тўлақонли кўприк қурилади. Бироқ, «дастлабки 3 ойда тушум давлат қўллаб-қувватлаши ҳажмидан 10 баробар зиёд бўлиши лозим» каби алоҳида қоидалар ҳам бор — бундай талаблар янги экспортчи учун нореал, бажариб бўлмас вазифа. Прогрессив кўринган бошланғич ғояни бир қатор нюанслар шарофати билан самарали қўллаб бўлмайди. Албатта, ҳозирги аҳволида давлат қўллаб-қувватлаши мавжуд экспортчига йўлга қўйилган тарқатиш тизими бўлгандагина ёрдам бера олади. Бу яхши ва муҳим, лекин экспортчиларни қўллаб-қувватлаш мафкураси барибир бозорга янги экспортчиларни олиб киришга мўлжалланган бўлиши керак.

Айнан улар учун бундай қўллаб-қувватлаш замирида жиддий хатар яширин.

Таъкидлаб ўтаман, жуда кўплаб ишлаб чиқарувчиларга бозорга самарали кириб бориш учун услубий ёрдам зарур. Юзлаб ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун Европадаги формалликлардан осонгина ўтишда ёрдам берувчи, транспортировкани арзонлаштирувчи ва PR’ни соддалаштирувчи ўзига хос «цехли қўллаб-қувватлаш» керак.

Бундай тизим ҳозирча ишлаб чиқилмаган. Бундай тизимни ишлаб чиқувчиларнинг штаби ҳам йўқ. Штабга Европа бизнеси вакиллари, ўзбек ишлаб чиқарувчилари ва давлат вакиллари киритилиши керак. Айни пайтда муайян қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари моҳиятан ишлаб чиқарувчининг ихтиёрига қолдирилган. Бу эса ишлаб чиқарувчи бирор квалификацион талабларга қарамасдан, қайси қўллаб-қувватлаш чораларини ўзи танлашини билдиради. Масалан, сертификатсиз ишлаб чиқарувчи хорижда реклама кампанияси учун давлат молиялаштиришини ололади.

Ишлаб чиқарувчи услуби ёрдамни ҳеч жойдан ололмайди. Бу ҳолда кўплаб компанияларда экспорт учун масъул мутахассислар хорижда ишлаш тажрибасига эга эмас. Яъни, экспортга чиқаётган ишлаб чиқарувчилар хатога йўл қўймасликлари мумкин эмас.

Давлатнинг бугунги кунда экспортчиларга ёндашуви, агар мен тўғри тушунган бўлсам, бир томондан «бозорга кириш чиптаси»ни мисли кўрилмаган даражада арзонлаштириш борасида қўллаб-қувватлаш бўлса, иккинчи томондан ташқи бозорларга чиқишдаги хатолар учун қатъий жазолаш ва натижаларга эришиш учун жуда қисқа муддатлар қўйганидан иборат.

Бу эса жуда аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин: ташқи бозорга чиқишга жазм қилган энг журъатли тадбиркорлар тажрибасизлик ва услубий кўрсатмаларсиз хатога йўл қўйишади ва икки баробар жазоланишади. Биринчиси — сотув ҳажми кичиклиги, зиёнлар ва олинмаган фойда кўринишида бозор томонидан. Иккинчиси — ишлаб чиқарувчидан аввал кўрсатилган молиявий ёрдамни дарҳол ундирган, ишлаб чиқарувчини экспортга чиқаришда кўмаклашувчи ўрта муддатли дастурларни назарда тутмаган давлат томонидан.

Фокус шундаки, бошловчи экспортчилар хатога йўл қўйиши тайин бўлгани сабабли солиқ тўловчилар пули ҳисобига қурилган тизим энг ташаббускор ишлаб чиқарувчиларни касод бўлиш хавфи остида қолдириши мумкин. Агар сўм ва евронинг курсларидаги фарқ инобатга олинса, бу реалликдан ҳам аниқ ҳолат.

Мана шу кузатувлар асосида сизнинг жуда тўғри саволингизга жавоб бериш мумкин — нима халақит беради? Давлатдан ёрдам олган экспортчи хато қилишга ҳаққи йўқлиги ва бозорга Еврокомиссия ҳужжатларида баҳоланган муддатдан 4 баробар тезроқ тўлақонли чиқиши шартлиги халақит қилади.

Иккинчидан, янги экспортчиларга экспортга чиқиш оммавий тарзда рўй бермагани ҳам халақит қилади. Шартли қилиб айтганда, Европага чиқиш қайсидир соҳада эллигинчи ишлаб чиқарувчига, бешинчи бўлиб турган ишлаб чиқарувчидан осонроқ…

Учинчиси, GSP+ га қарамасдан, экспортчиларнинг ўзининг журъатсизлиги халақит қилади. Пандемия даврида логистика занжирлари узилиб кетганидан фойдаланиб, Европага турли давлатлардан қанчалик кўп ишлаб чиқарувчилар келганига қаранг: янги ўйинчиларнинг отилиб чиқиши кутилмаганда соддалашди. Бундан ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилардан қанчаси фойдаланди? Бармоқ билан санарлилари.

— Бу муаммоларни қандай ҳал қилиш мумкин? Ҳукуматга ҳам, экспортчиларга ҳам қандай тавсиялар берган бўлар эдингиз?

— Ҳукумат GSP+ни имзолаб қарийб мўъжиза яратиб бўлди. Бу мамлакат иқтисодиёти ва экспортчилар учун «омадли лотерея чиптаси». Ривожланиш векторлари, назаримда, жуда тўғри танланган.

Экспортни илгари суриш тизимини қайта ишлаш керак. Бу тизим доирасида ҳар бир экспорт лойиҳасига ёрдам манзилли ва «Европа бозорига кириш чиптаси» нархини туширадиган бўлиши керак. Малакали экспортчиларнинг Европада жисмонан ҳозир бўлиши таъминланиши керак. Бусиз экспорт соҳасида барча бошланмалар велосипед ҳайдашни амалиётда эмас, дарсликка қараб ўрганишга ўхшайди.

Экспортчиларга давлат кўмаги — жаҳон амалиётида оммалашган чора. Бу йўлдан борар экан, Ўзбекистон бозор принципларидан оғишмайди. Боз устига, кўмак фақат бошланғич босқичларда берилади, кейинчалик давлат изчиллик билан ёрдамни камайтира боради.

Энг самарали йўл — бутун жаҳондаги йирик хусусий ва давлат тузилмаларида муваффақиятли фойдаланиб келинаётган «гейт тизими» деб аталувчи тизимдан фойдаланиш. Ёндашув мантиғи: ҳар бир лойиҳа натижаларини мониторинг қилиш ва бир қатор асосий кўрсаткичлар бўйича натижалар лойиҳанинг йўл харитасига мос келишини текшириш. Бу маблағлардан оқилона фойдаланишни таъминлайди. Бу ҳолатда давлат кўмаги сифатида берилган маблағлар фойдадан қайтарилишини назарда тутиш реал бўлади. Одатда лойиҳалар мониторинги ҳамда экспортчиларга услубий кўмак билан шуғулланувчи шу каби Лойиҳа қўмиталари халқаро нуфузга эга бўлган соҳавий экспертларни таклиф этишади.

Дарвоқе, Лойиҳа қўмитасида нуфузли хорижий мутахассислар билан биргаликда «экспорт лойиҳалари фабрикаси»ни яратиш Халқаро инвесторларда Ўзбекистон ҳақида яхши таассурот уйғотишига хизмат қилади. 

Фикримча, агар Ҳукумат шу йўлдан юрадиган бўлса, натижалар жуда тез орада бўй кўрсатади ва Покистоннинг «иқтисодий мўъжиза»сини нафақат такрорлаш, ундан ўзиб кетиш ҳам мумкин.

Агар энди-энди Европага чиқишни режалаштираётган потенциал экспортчиларга тавсиялар ҳақида гапириладиган бўлса, битта интервьюда барча фикрни айтиб бўлмайди. Лекин тажрибамиздан келиб чиқиб энг асосийларини санаб ўтсам бўлади.

Биринчиси, қарор қабул қилишни чўзманг. Тезроқ, қатъият ва изчиллик билан ҳаракат қилинг.

Иккинчидан, ҳаракатга тушишдан аввал рақобатга оид чуқур таҳлил қилинг. Уни ҳам тезроқ ва оқилона бажаринг. Ўзингизнинг 10та асосий рақобатчингиз ва 10та энг қимматли потенциал харидорларингизни таниб олиб, тушунишга ҳаракат қилган ҳолда. Улар билан суҳбатлашинг ва мазмунли қайта алоқага эга бўлинг. Шундан сўнг қуйидаги саволга жавоб изланг: нега сизнинг потенциал харидорларингиз рақобатчингиз билан амалдаги шартномасини бузиб, сиз билан шартнома имзолаши керак? Мана шу саволга жавоб топилган заҳоти бозорга қўрқмай чиқавериш мумкин. Бутун тайёргарлик 3 ойдан ошмаслиги керак.

Шокир Шарипов суҳбатлашди.

Мавзуга оид