Ўзбекистон | 08:41 / 18.10.2017
25606
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда электричка ўрнига эстакада туридаги ер усти метроси қурилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги 2979-сонли қарорига мувофиқ, Тошкентда электрлаштирилган икки изли ҳалқа темир йўлини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилганди.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ маълумотларига кўра, лойиҳа доирасида янги ҳалқа линиясида электричкалар қатновини йўлга қўйиш режалаштирилганди. Бироқ электричкалар ишлашининг техник ва технологик тавсифлари ва улар асосан узоқроқ масофаларга мўлжалланганини ҳисобга олиб, эстакада туридаги метро қуриш мақсадга мувофиқ деб топилди.

Дастлабки вариантда темир йўлнинг бевосита ер устидан ўтиши кўзда тутилганди. Бундай линия ривожланган инфратузилмага эга гавжум ҳудудлардан ўтади. Электричка қурилишида кўплаб иншоотларнинг бузилишидан қочиш мақсадида Президент топшириғи ҳамда бундай қурилиш соҳасида тажрибага эга хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда, шаҳар режаси, мавжуд иншоотлар, саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарини максимал даражада сақлаб қолган ҳолда эстакада туридаги ер усти метроси қуришга қарор қилинди.  

"Боштранслойиҳа" АЖ томондан ишлаб чиқилган янги лойиҳага кўра, ер усти метроси йўлларининг умумий узунлиги 52,1 км ни ташкил қилади. Улар ер ости метросининг мавжуд ва қурилаётган линиялари билан кесишади. Қуриш муддатлари 4 йил қилиб белгиланди ва 2017 йилдан 2021 йилгача олиб борилади.

Тахминларга кўра, метронинг ер усти бекатлари сони 35 тани ташкил қилади. Метро қурилишининг дастлабки қиймати 422,3 млн доллар қилиб белгиланган.   

Лойиҳаланаётган метро Яшнобод, Яккасарой, Учтепа, Шайхонтоҳур, Олмазор, Юнусобод, Чилонзор ва Сергели туманлари ҳудудлари бўйлаб ўтади.

Шу билан бирга, метронинг Юнусобод ва Сергели линияларининг қурилиши жадал суръатлар билан давом этмоқда. 

Метронинг Сергели йўналиши қурилишида 100 дан кўпроқ одам меҳнат қилмоқда, ишлар 2 сменада олиб борилмоқда, 25 дан кўпроқ замонавий техника қўлланмоқда. Лойиҳага кўра, ушбу йўналиш узунлиги 7,1 км ни ташкил қилади, унда 6 та ер усти бекати бўлади.

Юнусобол йўналишининг 2-босқичи қурилиши ҳам жадал суръатлар билан олиб борилмоқда. Хусусан, метронинг Юнусобод ва Туркистон станциялари ўртасида қурилиш-монтаж ишлари бажарилмоқда, туннелни қуриш ишлари бошланган. Қурилишда 90 га яқин киши, 18 та машина ва механизм иштирок этмоқда. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид