Спорт | 12:34 / 14.10.2020
38372
15 дақиқада ўқилади

«Шартнома имзолаши учун уйғотишга тўғри келди»: Шомуродовнинг «Женоа»га ўтиши тарихи

Агар пандемия бўлмаганида у Германия бундеслигасига йўл олиши аниқ эди.

Фото: Женоа

Ўзбекистон миллий жамоасининг етакчи ҳужумчиси Элдор Шомуродов яқин кунларда нафақат А Серияда иштирокини бошлайди. Бу кунни кутишга бизда кўп вақт қолмади, аммо агар Элдорнинг «Женоа»га боргунча босиб ўтган йўлига назар ташласак, жуда оғир ва синовли йиллардан ўтилганига гувоҳ бўламиз. Бу ҳақида футболчининг ўзи ҳам сайтимизга берган интервьюсида тўхталиб ўтганди. Россиядаги spotrs.ru порталида эса футболчининг «Женоа»га трансфери тафсилотларига бағишланган материал эълон қилинди.

Европа – асосий мақсад

Европада ўйнаш мақсади ҳақида Шомуродов агентларига «Бунёдкор»да ўйнаб юрган пайтларида айтганида, Россияда ҳали у ҳақида билишмасди ҳам. Аммо ProSports Management’нинг ушбу ҳужумчи билан боғланиши тасодиф эмас, шундоғам ушбу компания бошлиғи Герман Ткаченко ўзбекистонликлар билан аср бошларида ҳам таниш бўлган – масалан, у бир пайтлар Марат Бикмаевни Россияга олиб борган, 2011 йилда Одил Аҳмедов, бундан ташқари, Элдорнинг бош мураббийи Миржалол Қосимов ўз вақтида, Ткаченко президенти бўлган «Крилья Советов»нинг сардори эди.

«Илк учрашувимизга Элдор отаси ва амакиси Илҳом билан келганди», – деб эслайди футболчининг вакили Қаҳҳор Мўминов, - «асосан русчани яхши билган Илҳом орқали гаплашдик, чунки Элдорнинг ўша пайтларда русчаси унча яхшимас, отаси умуман билмасди».

Шундан сўнг, томонлар келишувга эришди – Шомуродов аввал РПЛга ўтади, ана ундан кейин – Европа. Шунинг учун ҳам Элдор Осиёдан, хусусан Қатар, БАА, Саудия Арабистони каби мамлакатлардан келган таклифларни қатъиян рад этди.

instagram.com/shomurodov.eldor

ProSports Management Шомуродовга бир қатор рус клубларини таклиф этди – у пайтларда ҳужумчининг нархи тахминан 200 минг евро бўлган. Агентларнинг приоретети «Уфа» эди, чунки клуб Россияда ёш иқтидорларни кашф қилиш, уларнинг ўсиши учун мос клуб сифатида ўзига яраша эътибор қозониб улгурганди. Аммо жамоа мураббийи Шамил Газизов бир неча бор Элдор вариантини рад этди.

Герман Ткаченко Элдорнинг майдондаги ҳаракатлари йиғилган видеолавҳани Александр Кержаковга кўрсатди. У пайтларда Кержаков «Зенит»да футболчи сифатида сўнгги йилларини ўтказаётган, ёш талантларни ҳис қилиш бўйича анча қобилиятли эди. «Бу иккинчи Андрей Ярмоленко-ку!», – деганди ўшанда машҳур ҳужумчи.

Ҳозир бу таққос бироз нотўғри туюлса-да, ўша 2017 йилда Шомуродов асосан чап қанотда тўп сурар ва баъзида марказга ўтиб ҳаракат қиларди. Аммо агентлар рус клубларига у марказий ҳужумчи сифатида ҳам самарали бўла олишини, боши билан, ҳамда дарвозага орқа турган ҳолда ҳам яхши ўйнай олишини тушунтиришга ҳаракат қилишарди. Ниҳоят, 2017 йилнинг ёзида у «Ростов»га ўтди: клуб спорт директори Алексей Рискин ва бош мураббийи Леонид Кучук унга ишонч билдиришди.

Энг қийин икки йил
Дастлабки олти ой мослашиш билан ўтди, бунинг устига, Кучукнинг услуби ҳам жамоанинг ўсишига тўғри келмас, жуда кам (19 ўйинда 16 гол) гол уриларди, аммо ҳимоядаги ишончли ўйин сифатида «Ростов» кучли олтиликда юрарди. 2018 йилнинг қишида жамоага Валерий Карпин бош мураббий этиб тайинланди, исландиялик Бьорн Сигурдарсон сотиб олинди. Уч ҳимоячи билан ўйнаш схемасини ўзгартирмаган Карпин олдинги чизиқда Ионов – Сигурдарсон жуфтлигига ишонч билдирди. Бу фойда берди ҳам, кўпинча, жарима майдони яқинига юқорилатиб тўп оширилар, бақувват исландиялик футболчи юқори қаватда ғолиб чиқар, Ионов эса, эпчиллик билан ҳимоячилар орасидан ёриб ўтарди.

РИА Новости/Сергей Пивоваров

Элдорга асосий таркибда деярли жой йўқ эди. Илк голлар 2018 йил апрелида, «Тосно» дарвозасига урилди. Дастлаб у бурчакдан оширилган узатмани боши билан голга айлантирган бўлса, кейин Артур Юсупов билан чиройли комбинация уюштириб, дубль қайд этди.

«Артурни ўн беш ёшдан биламан. У Шомуродов билан «Ростов»га деярли бир пайтда келганди. Адашмасам, биринчи йиғинлардан кейин у менга телефон қилиб, «кимни олиб келдингиз, ҳеч нарсани эплолмайдику?» деб ёзғирганди. Аммо бироз муддат ўтгач, Артур қайта телефон қилди ва аввалги гаплари учун узр сўраб, Шомуродов формасини тиклаганини ва анча кучли хислатлари борлигини таъкидлади», – деб эслайди Мўминов.

Лекин бу икки гол ҳеч нарсани ҳал қилмади, Элдорни ижарага бермоқчи бўлишди. Май охирларида ўша «Тосно» алоқага чиқди, шунингдек, «Оренбург» ва «Арсенал» вариантлари пайдо бўлди. Ҳужумчи Ростовда қолди, аммо янги мавсумда яна бир рақобатчи кутаётганди – жамоага яна бир исландиялик ҳужумчи Видар Кьяртанссон олиб келинди. Қишки танаффусгача Элдор атиги беш ўйинда илк дақиқалардан майдонга тушди – шунда ҳам, бир ўйинда Сигурдарсон ўйнай олмасди, «Динамо»га қарши ўйинда эса, қанот ҳимоясида ҳаракат қилди. Олдинроқ яна бир ўйинда ҳам ҳужумчи қанот литерали сифатида ўйнашга мажбур бўлганди.

«Ростов»га Дубай орқали йўл
Ҳаммаси 2019 йилнинг бошларида ўзгариб кетди. Январда Элдор Осиё кубогида иккинчи тўпурар бўлди. Ўзбекистон 1/8 финалда турнирни тарк этганини ҳисобга олсак, яхши кўрсаткич. У гуруҳдаги барча ўйинда майдонни голсиз тарк этмади – Туркманистонга дубль, Уммон ва Япония дарвозасига биттадан гол. 

«Ростов»га қайтгач Шомуродов баҳорда икки гол урди, аммо ҳар икки гол ҳам ёрқин ва муҳим бўлиб чиқди. «Спартак» билан ўйинда ғалаба голи урилган бўлса, «Краснодар»га қарши ўйиннинг сўнгги сонияларидаги гол «Ростов»ни мағлубиятдан қутқариб қолди. Ёзда, жамоа 4-3-3 схемасига ўтгач, Элдор Сигурдарсонни асосий таркибдан чиқариб юборишга муваффақ бўлди.

Шомуродов учун «Штутгарт» 2-Бундеслига рекордини такрорлаши мумкин эди. Агар пандемия орага тушмаганда бу трансфер содир бўларди ҳам. ЦСКА эса футболчини Чаловга ўринбосар сифатида кўраётганди.

2019/20 йилги мавсум старти Шомуродов учун ажойиб кечди – 9 ўйинда 7 гол. Августда «Ростов»га Европадан илк таклиф келди.

Янги Левандовскига айлана олмаган Элдор
«Штутгарт» спорт директори Свен Мислинтат Элдорни 2016 йилдаёқ пайқаган, у пайтларда Дортмунднинг «Боруссия»сида шеф-скаут бўлиб ишларди. Мислинтат Дортмундга Ҳуммелс, Левандовски, Кагава, Обамеянг каби футболчиларни олиб келган скаут ҳисобланади. Июлда «Боруссия»нинг иккинчи жамоаси Ўзбекистон миллий жамоаси билан ўртоқлик ўйини ўтказган, ўшанда ўнг қанотда тўп сурган Элдор скаутнинг назарига тушганди.

«Штутгарт» Шомуродов учун 8 миллион евро тўлашга тайёр бўлган – бу сумма Transfermarkt қайдномаси бўйича, 2-Бундеслига учун рекорддир. 2015 йилда «Лейпциг» Дэви Залке учун «Вердер»га айнан шунча пул тўлаган. Бундан ташқари, жамоанинг Бундеслигага чиқиши ва футболчининг маълум миқдорда майдонга тушиши ҳолатлари учун 2 миллион евро бонуслар ҳам киритилганди.

РИА Новости/Александр Вильф

«Ростов» таклифни рад этди. Бу ҳолатда футболчининг вакиллари ҳам ўзларини хотиржам тутишди. Улар клубнинг ўз вақтида Элдорга ишонишганини муносиб деб баҳолашди ва икки трансфер ойнасида барча масалани клуб ихтиёрига қолдиришди. Шомуродовнинг Европа орзуси ҳамон асосий мақсад, аммо бу ишни энг тўғри вақтда амалга ошириш лозим эди.

Ўша пайтларда, шунингдек, ЦСКА ҳам ўз таклифи билан чиқди. Армиячилар Федор Чаловни «Кристал Пэлас»га сотишга тайёргарлик кўраётган, Элдор эса, унинг ўрнини босиши керак эди. Чалов кетмади, аммо барибир Шомуродов музокаралар учун Москвага борди.

«Дам олиш кунлари маслаҳатлашиб олиш учун вақтимиз бор эди. Уч киши – мен, Элдор ва Герман учрашдик. Биз доим Европа стратегиясини ёдда тутардик, шундай бўлса-да, ўша ерда бир фикр янгради. Россиянинг юқорироқ мақомга эга клубига ўтиш, у ерда камида икки-уч йил қолиб кетишни англатади. У пайтда эса, Элдор 28 ёшда бўлади ва Европадан арзирли таклиф бўлиши имконсиз. Агар биз ҳозир дастлабки мақсадимиздан оғишсак, кейин афсус қилишимиз мумкин, деб келишдик», – деч эслайди Мўминов.

Қишда «Штутгарт» яна таклиф билан чиқди, «Ростов» яна рад этди. Аммо агентлар бу сафар Германияга учишди. Томонлар ёзда бу масалага қайтишга келишиб олишганди, аммо пандемия «Штутгарт»нинг молиявий имкониятларига яхшигина зарба берди. Мавсум тўхтатилиши ва кейин, мухлисларсиз давом эттирилиши натижасида клуб 30 миллион евро атрофида пул йўқотди. Бундеслигага қайтган клуб Элдор учун пул тўлашга тайёр эди, аммо бунинг учун 22 ёшли аргентиналик ҳужумчи Николас Гонсалесни яхшироқ пулга сотиши керак. «Штутгарт» Гонсалесни олиб қолиб, Бундеслигада ҳам ўйнатиб, нархини янада юқорироққа кўтаришни режалаштирди. Шу тариқа, учинчи трансфер ойнасида ҳам Элдорнинг Германияга бориши амалга ошмай қолди.

globallookpress.com

Шу йилнинг ёзида «Гент» клуби ҳам алоқага чиқди. Асосий ҳужумчи Жонатан Дэвидни «Лилль»га 27 миллион еврога сотган бельгияликлар Элдор учун 5 миллион евро таклиф қилишди. Табиийки, «Ростов»ни бу сумма қониқтирмади. 

Сўнгги имконият
2020 йилда Шомуродов атиги 2 гол урганди – февралда «Ахмат» дарвозасига, сентябрда эса Европа Лигаси саралашида «Маккаби»га. «Табиийки, қўнғироқлар камайди, илгари асосан бизга таклиф билан чиққан бўлишса, энди, ўзимиз ташаббускор бўлишимиз лозим эди. Элдор кетишни истар, биз эса, қониқарли таклифлар йўқлигидан қишгача, ҳатто келаси ёзгача кутишга тайёр эдик», – дейди Герман Ткаченко.

29 сентябрь куни Sport Italia телеканали Шомуродовнинг «Женоа»га 8 миллион еврога ўтишга яқинлиги ҳақида хабар берди. Эртасига эса, Metaratings келишув бекор қилинганини ёзди. Бунга сабаб сифатида эса, «Фиорентина» ва «Верона» каби клублар 10 миллион евролик таклиф билан чиқишгани келтирилди.

Sports.ru маълумотига кўра, на «Ростов», на ProSports Management юқоридаги икки клубдан таклиф олган. Шунчаки, Алессандро Липпи исмли агент телефон қилиб, клублар таклиф тайёрлаётгани ва сумма «Женоа»никидан юқорироқ бўлишини айтган, холос. Герман Ткаченконинг айтишича, у «Фиорентина» билан ҳам, «Верона» билан ҳам боғланиб кўрган ва ростдан ҳам қизиқиш борлиги, аммо айни дамда бу трансферга тайёр эмасликлари ҳақида билиб олган.

Натижада, «Женоа» 1 октябрь куни Шомуродовнинг трансферини расман эълон қилди. Маълумотларга қараганда, дастлабки сўров 25 сентябрда юборилган ва «Ростов» рад этган. Аммо кейин, Элдор клуб спорт директори ва президенти билан гаплашгач, 28 сентябрь куни ижобий жавоб берилган.

Tom Weller/dpa

Кейинги икки кун томонлар ўртасидаги музокаралар билан ўтди. Келишувнинг ҳуқуқий томонлари билан шуғулланган Михаил Прокопецнинг айтишича, барчасини чоршанба куни ҳал қилишга уринишган, ҳатто футболчига келишув амалга ошиши билан имзо қўйиш учун «Ростов» офисида бўлиб туришни тайинлашган.

Ҳаммаси ҳал бўлгач, қизиғи, Шомуродовни топа олмай қолишган. Бу унинг айби эмас, шунчаки, у ҳам, «Ростов» раҳбарияти ҳам, трансфер расман ярим кечаси амалга ошиши мумкинлигига ишонишмаган. Европаликлар учун эса, бу оддий ҳол. Натижада Элдорни ухлаб ётган ўрнидан уйғотиб, офисга олиб келишди ва имзолар қўйилди.

Музокаралардаги асосий зиддият тўлов муддатлари борасида бўлди. «Ростов» барча суммани дарҳол олишни истади, «Женоа» эса, бўлиб-бўлиб тўлаш вариантини илгари сурди.

«Аввалги раҳбарият пайтида «Женоа»нинг бу борадаги эътибори у қадар юқори эмас эди, кўпинча, пуллар ўз вақтида тушмасди», – дейди Михаил Прокопец, - «шунинг учун «Ростов» тўлов муддатларини кечиктириш ҳолатлари бўйича бир қатор бандларни қўшди, италияликлар рози бўлишди. ProSports Management компанияси эса, энг асосийси Элдорнинг манфаатлари эканини намойиш қилишди – масалан, трансфер суммадан маълум фоиз агентларга ажратилиши лозим, улар бу суммани 2022 йилда олишга ҳам қарши бўлишмайди».

Маълум бўлишича, «Ростов» трансфер суммасини бир йил давомида тўлиқ олади. Агентларга тегишли қисм эса, бир йилга кечиктирилади.

«Женоа»да Элдор Шомуродов 61-рақамда ўйнайди. Бу ҳам собиқ клубига миннатдорчилик белгиси – Ростов областининг коди айнан 61 экан. Мослашиш жараёни ҳужумчига катта қийинчилик туғдирмаслиги ҳам мумкин, зеро клуб итальян, рус ва ўзбек тилларини биладиган корейс аёлни ишга олган – у Элдорга Италияда ёрдам беради. Шунингдек, жамоага тезроқ киришиб кетиш учун Шомуродов итальян тилини ўрганишга киришди. Рус тилида гаплашадиган тил ўқитувчиси ҳам топилди.

Майдондаги кўникма нақадар тез бўлишини эса, яқин кунларда билиб оламиз. А Серияда ҳужумчи 19 октябрь куниёқ дебют қилиши мумкин. Ўша куни «Женоа» сафарда, юқорида тилга олинган харидорлардан бири «Верона» меҳмони бўлади.

Lapresse/Tano Pecoraro

Мавзуга оид