Ўзбекистон | 10:06 / 27.11.2025
8811
2 дақиқада ўқилади

Алимент тўловчилар суғурта полиси орқали чет элга чиқиши мумкин бўлади

Адлия вазирлиги қарздор жисмоний шахсларнинг чет элга чиқишини чеклаш тартибига ўзгартиш киритди. Энди алимент тўлаш мажбурияти бор шахслар суғурта полиси орқали вақтинчалик чиқиш тақиқини тўхтатиб туришга эришиши мумкин.

Фото: iStock

Адлия вазирлиги "Суд ҳужжати асосидаги ижро ҳужжатларини узрсиз сабабларга кўра ижро этмаган қарздор жисмоний шахсларнинг Ўзбекистондан чиқишини вақтинча чеклаш бўйича ваколатли давлат органларининг ҳамкорлиги тўғрисида"ги низомга қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди. Ҳужжат Адлия вазирлиги томонидан 2025 йил 26 ноябрда 3196-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган.

Янги тартибга кўра, алимент тўлаш мажбурияти юклаган суд ҳужжати бўлган шахслар суғурта полисини илова қилган ҳолда давлат ижрочисига илтимоснома билан мурожаат этса, уларнинг чет давлатга чиқиши бўйича қўйилган вақтинчалик чеклов тўхтатиб турилади.

Бунда тегишли суғурта турлари фақат махсус лицензияга эга бўлган суғурталовчи ташкилотлар томонидан амалга оширилади. Суғурта полиси алимент мажбуриятларини бажаришни кафолатлашга хизмат қилади.

Суғурта полисининг мавжудлиги ва ҳақиқийлиги Мажбурий ижро бюроси томонидан Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигининг ахборот тизими орқали автоматик тарзда текширилади. Шу орқали давлат органлари ўртасида ахборот алмашинуви йўлга қўйилиб, жараён инсон омилисиз, тезкор ва шаффоф тарзда амалга оширилиши таъминланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид