Ўзбекистон | 20:15 / 28.02.2026
2212
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда алиментдан қарздорлар элга овоза қилиняпти. Ҳуқуқий давлатда бу тўғрими?

Жиззах вилоятида алимент бўйича қарздорларни жазолашнинг янги усули пайдо бўлди. Kun.uz'га маълум бўлишича, МИБ ходимлари қарздорлар рўйхатини маҳалла Telegram-гуруҳларига тарқатмоқда. Маҳалла биноси ва маҳалла ҳудудидаги масжидларга қарздорнинг суратини илиб қўйиш амалиёти ҳам йўлга қўйилган.

Kun.uz манбаси юборган сурат

Kun.uz суҳбатлашган ҳуқуқшунос масаланинг инсон шаъни билан боғлиқ жиҳати борлигига урғу берди.

“Албатта, алимент тўлаш – бу ота-она зиммасидаги қонуний мажбурият. Давлат органларининг қарздорликни ундириш бўйича чоралар кўриши табиий ва зарур. Бироқ ҳар қандай ижро ҳаракати қонун доирасида ва инсон шаъни ҳамда қадр-қимматини ҳурмат қилган ҳолда амалга оширилиши лозим”, – деди у.

Юристнинг қайд этишича, қарздорлик – ҳуқуқий масала. Уни ҳал этиш механизмлари суд ва ижро органлари орқали белгиланган. Жамоатчилик олдида ошкора эълон қилиш эса шахсий маълумотлар дахлсизлиги тамойилига зид бўлиши, шаън ва қадр-қимматга путур етказиши, ҳуқуқий давлат принципларига мос келмаслиги мумкин.

“Ҳуқуқий жамиятда тартиб-интизом жамоатчилик босими эмас, аввало қонун билан таъминланиши керак”, дейди ҳуқуқшунос.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил феврал ойида Навоий вилоятининг Кармана туманида маҳаллаларга “Шарманда доскаси” тарқатилган, бу доскага маҳалла ҳудудида яшовчи, фирибгарлик жиноятини содир этган ва тегишли суд қарори қонуний кучга кирган шахсларнинг суратларини илиб қўйиш мўлжалланган эди.

Ўшанда омбудсман Феруза Эшматова бу инсон ҳуқуқларига зид эканини айтиб чиққанди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев

Мавзуга оид