Жаҳон | 10:41 / 21.06.2024
19892
4 дақиқада ўқилади

Хусусий мулк дахлсизлиги. Нарита аэропортининг ичида яшовчи фермер

Такао Шито – япониялик фермер. У Токиодаги энг катта аэропортнинг ўртасида сабзавот етиштиради. Фермер аэропорт маъмурияти билан бир неча маротаба судлашган ва бошқа жойга кўчиш эвазига таклиф қилинган катта миқдордаги товон пулини рад этиб келади.  

Нарита – Япониянинг энг катта иккинчи аэропорти. Бу ерда йилига 250 мингдан ортиқ парвоз ва қўнишлар амалга оширилади ва 40 млнга яқин йўловчиларга хизмат кўрсатилади.

Ушбу аэропорт қурилиши олдидан Япония ҳукумати ва маҳаллий аҳоли ўртасида кучли зиддият келиб чиқади. Шунга қарамай, 1978 йилда Нарита халқаро аэропорти очилди. Норозилик намойишлари тўхтамади. Бунинг оқибатида ҳаттоки бир неча полициячи ва фермер ҳалок бўлади.

Аэропорт 2002 йилгача фақат битта учиш-қўниш йўлаги билан ишлаган. Шундан сўнг айрим ер эгаларидан атрофдаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар сотиб олиниб, иккинчи учиш-қўниш йўлаги очилади.

Мазкур ҳудудда яшовчи фермер Такао Шито кўчиб ўтишдан бош тортади. У тирикчилиги ер билан боғлиқлигини таъкидлаб, ўзига тегишли мулкни ҳукуматга топширмайди. Япониянинг «Қишлоқ хўжалиги ерлари тўғрисида»ги қонунига асосланиб, фермерларга ҳуқуқий ҳимоя кўрсатилади. Якунда аэропортнинг иккинчи учиш-қўниш йўлагига олиб борувчи йўналиш ўзгартирилади ва Шитонинг фермаси атрофини айланиб ўтадиган қилиб, қайта лойиҳалаштирилади.

Табиийки, вақт ўтган сайин юк ташиш миқдорининг ошиб бориши аэропорт ҳудудини кенгайтиришни тақозо этади. Фермер ҳозиргача аэропорт маъмурияти билан бир неча маротаба судлашган ва бошқа жойга кўчиш эвазига товон пули олишдан бош тортиб келади.

Такао фермер хўжалигига боришда ўзи учун махсус қурилган ерости туннелларидан фойдаланади. 

Нега Шито бошқа жойга кўчишни хоҳламайди?

Аэропорт ўрнида қишлоқ бўлган. Маҳаллий аҳоли ҳукумат берган таклифни қабул қилиб, бу ердан кўчиб кетган. Шитога ҳам 1,7 млн доллар таклиф қилинган. Фермер барча таклифларни рад этиб келишига бир қанча сабабларни келтиради. Унинг бир неча авлодлари бу ерда 100 йилдан ортиқ вақтдан бери озиқ-овқат етиштиришади. Бобоси деҳқон бўлган, отаси ва ўзи ҳам унинг изидан борган.

«Гап пулда эмас. Мен органик деҳқончилик билан шуғулланаман. Сиз тупроқнинг юқори унумдор қатламини бошқа жойга кўчира олмайсиз. Ёки бошқа ерда ҳам худди шундай тупроқни топа олмайсиз», деб тушунтирди фермер.

Ажабланарлиси шундаки, тинимсиз самолётлар қатнови амалга оширилишига қарамай, ҳаво ва сув сифати мониторинги аэропорт яқинидаги деҳқончилик ҳудудларида ифлослантирувчи моддаларнинг юқори даражасини кўрсатмайди.

Шито ўз ерида бахтли эканини ва Токиода унинг органик маҳсулотларини сотиб оладиган 400 га яқин мижозлари борлигини айтади.

«Мен бу ерда деҳқончилик қилишдан завқланаман. Бу менинг ҳаётим. Бу ердаги тупроқда етиштирилган сабзавотларнинг таъми бошқача», дейди у.

Маълумки, Японияда аҳоли зичлиги юқори ва ўзлаштирилмаган ерлар кам. Шу жиҳатдан мамлакатда катта миқдордаги хусусий ерга эга бўлиш жуда қийин.

Шито жангни тўхтатиш ниятида эмас. Фермерни пул қизиқтирмайди. Агар суд аэропорт фойдасига қарор чиқармаса, юзлаб самолётлар қуршовида бўлса ҳам ўз ерида ишлашни давом эттиришга тайёр. Такао ҳукумат уни еридан мажбуран чиқариб юбормаслиги учун доимий равишда қонуний курашларга киришади. Ҳозиргача у муваффақиятга эришиб келяпти.

Достон Аҳроров тайёрлади

Мавзуга оид