Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент вилоятида Central Asia Smart City шаҳарчаси қурилади
Оҳангарон туманининг 6400 гектар ҳудудида 200 минг аҳолига мўлжалланган замонавий яшаш ва ишбилармонлик муҳитига эга «ақлли» шаҳарча қурилиши лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Тошкент вилояти Оҳангарон туманининг 6400 гектар ҳудудида Central Asia Smart City шаҳарчасини қуриш режалаштирилмоқда. Шу ҳақдаги президент қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Қайд қилинишича, лойиҳа Тошкент вилоятида етакчи технологик хабни ташкил этишга қаратилган ва 2025−2035 йиллар давомида босқичма-босқич амалга оширилади.
Лойиҳага кўра, Central Asia Smart City эркин иқтисодий, савдо-саноат, логистика ва молия маркази сифатида 6400 гектар майдонда барпо этилади. Дастлабки босқичда 500 гектар ер майдони ажратилиб, унда молиявий марказ, логистика инфратузилмаси ва стратегик қурилиш ишлари амалга оширилади. Қолган 5900 гектар ер майдони босқичма-босқич ўзлаштирилади.
Лойиҳанинг бош ташаббускори ва бошқарув компанияси сифатида Going Investment МЧЖ қўшма корхонаси белгиланган. Шунингдек, Франциянинг Byuro Veritas Consulting Co., Япониянинг Ainergy Co. Ltd, Туркиянинг ND İmar İnşaat ve Ticaret A.Ş. компаниялари ҳамда Ўзбекистон Иқтисодиёт Ассамблеяси лойиҳа ҳамкорлари сифатида иштирок этади.
Лойиҳа доирасида 10 миллиард АҚШ доллари миқдорида бевосита инвестициялар жалб қилиниши, 150 мингта янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Ақлли ва яшил (Smart & Green City) шаҳар концепцияси асосида 200 минг аҳолига мўлжалланган замонавий яшаш ва ишбилармонлик муҳитига эга ҳудуд барпо этилади.
Central Asia Smart City учун бош режа ва мастер-режа Туркиянинг ND İmar İnşaat ve Ticaret A.Ş. компанияси томонидан ишлаб чиқилади. Ҳудудда юқори технологиялар асосида энергетика, транспорт, алоқа, яшил энергия, таълим ва илмий марказлар барпо этилиши белгиланган.
Шунингдек, лойиҳа доирасида «Билим ва технологиялар халқаро университети» (75 минг ўринли кампус билан) ташкил этилиши кўзда тутилган.
Ҳудуд инвестициявий фаолият учун махсус иқтисодий зона мақомига тенглаштирилади, шу жумладан солиқ ва божхона имтиёзлари, валюта ва меҳнат соҳасидаги преференциялар татбиқ этилади.
Қарор лойиҳаси муҳокамаси 10 ноябргача давом этади.
Мавзуга оид
19:10 / 18.12.2025
ЎзМУ қошида Назарий физика институти ташкил этилади
13:59 / 18.12.2025
Тошкент шаҳрига кириш жойларида автотураргоҳлар қурилади
12:53 / 18.12.2025
Тошкент–Лондон ҳаво қатнови кенгайди: ҳафтасига 5 та рейс
08:50 / 18.12.2025