Ўзбекистон | 21:40 / 20.02.2017
29333
2 дақиқада ўқилади

Толимаржон ИЭС’нинг янги буғ-газ қурилмалари ўз самарасини бермоқда

Толимаржон ИЭС’нинг янги буғ-газ қурилмалари (БГҚ) 2017 йилнинг февраль ойи боши ҳолатига кўра, 1,52 млрд кВт-соат электр энергия ишлаб чиқарди. Бу ҳақда "Ўзбекэнерго" АЖ матбуот хизмати маълум қилди. 

"Ўзбекэнерго" "Толимаржон ИЭСни 450 МВт лик 2 та буғ-газ қурилмаси қуриш билан кенгайтириш" инвестиция лойиҳасини амалга оширди.

Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering and Construction ва Daewoo International Corporation компаниялари консорциуми БГҚ қурилишида иштирок этган.

Лойиҳа Осиё тараққиёт банки, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва Ўзбекистон реконструкция ва тараққиёт жамғармаси кредит маблағларини жалб қилган ҳолда амалга оширилган.

БГҚнинг 1-энергоблоки 2016 йил августда фойдаланишга топширилган. 2016 йил ноябрда 2- энергоблокнинг 314 МВт лик газ турбинаси фойдаланишга топширилган.

Иккита блокнинг фойдаланишга топширилиши бутун энерготизимнинг тежамкорлигини электр энергияни ишлаб чиқаришга ёнилғининг солиштирма сарфланишини камайтириш ҳисобига ошириш имконини беради ва йилига 7,2 млрд кВт-соат қўшимча электр энергия ишлаб чиқарилади. Шунингдек, энерготизимнинг Марказий қисмидан Самарқанд-Бухоро электроузелига электр энергияни транспортировка қилишда йўқотишлар камаяди.

Иккала БГҚда электр энергия ишлаб чиқарилиши 2017 йил февраль ойи боши ҳолатига кўра, 1520,2 млн кВт-соатни ташкил қилди.

Толимаржон иссиқлик электр станцияси фойдаланишга киритилишидан бери 66,72 млрд кВт•соат электр энергия ишлаб чиқарган. 2016 йилда станцияда 6939,6 млн кВт∙соат электр энергия ишлаб чиқарилган.

Айни вақтда 2022 йилгача яна шундай қувватдаги иккита БГҚ қурилиши лойиҳасининг техник-иқтисодий асосланиши ишлаб чиқилмоқда. Бу лойиҳанинг амалга оширилиши ИЭС томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергия ҳажмини йилига 20,4 млрд. кВт-соатгача етказиш имконини беради.

Мавзуга оид