Спорт | 14:56 / 21.03.2019
11964
5 дақиқада ўқилади

Любинко Друлович: «Иложи борича кўпроқ гол уриб, ғалаба қозонмоқчимиз»

Эртага Тошкентда 2020 йилги Осиё чемпионати U-23 саралашининг «F» гуруҳи баҳсларига старт берилади. Унда Ўзбекистон, Тожикистон ва Ҳиндистон олимпия терма жамоалари иштирок этишади.

Бугун, 21 март куни турнир олдидан учала терма жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди. Tribuna.uz мухбири мутахассисларнинг ўйинолди фикрларини келтириб ўтди.

Деррик Перейра, Ҳиндистон ОТЖ бош мураббийи:

«Тошкентга қисқа тайёргарлик билан ташриф буюрдик. Мамлакатимизда футбол мавсуми ҳали давом этаётгани учун машғулотларга вақтимиз кўп бўлмади. Жамоани имкон қадар жакллантиришга ҳаракат қилдик. Таркибни имкон қадар белгиланганидан ҳам ёшроқ футболчилар билан тўлдиришга уриняпмиз. Бу ерга келишдан олдин Қатарда йиғин ўтказиб, бу мамлакат термаси билан ўртоқлик ўйини ўтказдик.

Имкон қадар ёш футболчиларни олиб келганимиз сабаби – биз секин-аста жамоавий ўйинни шакллантиришда ёшларга кўпроқ таянмоқдамиз. Улар орасида Жаҳон чемпионатида қатнашганлари ҳам бор. Қолаверса, айрим футболчиларимизда жароҳат бор. Биз келажакни ўйлаган ҳолда иш тутяпмиз. Асосий терма жамоа учун ўйинчиларни тайёрлаб боришни ҳам мақсад қилганмиз. Шу билан бирга ҳозир ҳам яхши натижалар қайд этиш ниятидамиз.

Рақибларимизни имкон қадар ўрганишга ҳаракат қилдик. Мисол учун, Ўзбекистон қитъада ўз ўрнига эга. Улар – амалдаги чемпион. Қолаверса, Тожикистон ҳақида ҳам фақат ижобий фикрлар айта оламан. Усмон Тошев билан дўстмиз. Унинг жамоаси яхши шаклланган.

Рақибларни ўрганган бўлсак-да, асосийси ўз ўйинимизни намойиш эта олишимиз керак.

Покистон термасининг иштирок этмаётгани бизга фойда ёки зиён экани ҳақида бир нарса дейишим мушкул. Улар ҳам бўлишганида яна битта кўпроқ ўйин ўтказардик.

Ҳа, тайёрланиш учун вақтимиз кўп бўлмади. Бу ерга келишдан олдин биргина йиғинда биттагина ўртоқлик ўйини ўтказдик. Аслида Тошкентга икки кун олдин келмоқчи эдик, аммо баъзи муаммолар сабаб бугун етиб кела олдик. Шундай бўлса-да, турнирни ижобий руҳда ўтказмоқчимиз».

Любинко Друлович, Ўзбекистон ОТЖ бош мураббийи:

«Бизни муҳим мусобақа кутиб турганига аминман. Саралашни ўз уйимизда ўтказяпмиз. Иккала рақибни ҳам ҳурмат қиламиз. Мақсадимиз – барча ўйинларда ғалаба қозониш. Испанияда ўқув-машғулот йиғинини ўтказдик, футболчиларнинг ҳаракатларидан қониқиш ҳосил қилдим. Мен уларга ишонаман.

Биринчи галда эртага Ҳиндистонга қарши бўладиган ўйинга эътибор қаратяпмиз. Яхши ўйин кўрсатиб, имкон қадар кўпроқ гол уришни кўзлаяпмиз.

Ҳиндистон ҳақида маълумотга эгамиз, лекин мен учун асосийси – ўз жамоамнинг ўйини, қанчалик кўпроқ гол ура олишимиз.

Покистоннинг мусобақага келмагани бизнинг фойдамизга ишламайди. Кўпроқ ўйин ўтказган бўлардик.

Амалдаги чемпион эканимиз бизга босим юкламайдими? Босим – футболнинг ажралмас қисми. Бу ҳақда ўйлаётганимиз йўқ. Уни енгиш учун мухлисларимизнинг кўмаги зарур бўлади. Мухлислар кўп бўлса, бизга ёрдамчи бўлишарди.

Бобур ва Аброрнинг жисмоний ҳолатида кичик муаммо бор. Улар борасида бугунги машғулотдан кейин якуний қарорга келамиз.

Суперлига ўйинларида 22 ёшга тўлмаган камида бир нафар футболчининг майдонга туширилиши мажбурий этиб белгиланганини ҳамма учун фойдали деб ҳисоблайман. Ўйинчилар қимматли ўйин амалиётига эга бўлишади, ўзларидан катта футболчиларга қарши ўйнашади. Бу эса ўз навбатида мен учун ҳам фойдали. Бу қарорнинг ижобий томонлари кўп. Масалан, «Насаф» ёки «Бунёдкор»да ҳозир кўпроқ ёшлар ўйнашяпти.

Усмон Тошев, Тожикистон ОТЖ бош мураббийи:

«Аввало Наврўз билан табрикламоқчиман. Бу мусобақа биз учун яхши халқаро тажриба бўлади. Турнирга режа бўйича тайёрландик. Яхши натижа кўрсатишга уринамиз.

Ўзбекистон ҳам, Ҳиндистон ҳам яхши жамоалар. Уларга етарлича қаршилик туғдира оламиз, деб ўйлайман.

Покистон ОТЖ ҳам келса, яхши бўларди. Ўзбекистон ва Ҳиндистоннинг кучини тенг баҳолайман».

Маълумот учун, саралашнинг «F» гуруҳидан Покистон ОТЖ ҳам ўрин олган, аммо покистонликлар Ҳиндистон билан сиёсий низо кескинлашуви фонида турнирда иштирок этмаслиги маълум бўлди. Натижада гуруҳ ўйинлари тақвими қуйидагича кўриниш олди:

22 март. Ўзбекистон - Ҳиндистон
24 март. Тожикистон - Ҳиндистон
26 март. Ўзбекистон – Тожикистон

Барча учрашувлар «Пахтакор» марказий стадионида бўлиб ўтади ва соат 17:00да бошланади. Гуруҳ ғолиби, шунингдек, барча гуруҳларда энг яхши кўрсаткичга эга иккинчи ўрин соҳибларидан 4таси 2020 йил январида Таиландда ўтадиган Осиё чемпионати финал босқичига йўл олади. Ушбу мусобақада энг юқори 3та ўринни олган терма жамоалар Токио Олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритади.

Мавзуга оид