Аслида бу ерда U23 терма жамоамизнинг сўнгги ўйинлари таҳлили, айнан қайси нуқталарда яхши ўйнаб, қаерларда хато қилганимиз ҳақида узун мақола бўлиши керак эди. Аммо энди бу гаплар ўлиб бўлган бемор ҳақида «қон босими нормал ҳолатда, ошқозони жуда соғлом» қабилидаги ҳисоботларни ўқиш каби сизларни қизиқтирмаслигини биламан. Ростан ҳам, афсуски, Друлович тузган айнан шу жамоа «ўлди», энди худди шу шаклда, худди шу таркибда жамоа бўлмайди. Ёзгача ҳам бормаган ушбу «бемор»нинг ўлимига айнан нималар сабаб бўлгани ҳақида эса фикр билдирса бўлади.

Ҳаммамиз яхши биламизки, ФИФА ўзи аъзо бўлган мамлакатларда ҳукуматнинг футболга аралашувига йўл қўймайди, мабодо, бу ҳақида билиб қолса, ўша мамлакат аъзоликдан чиқариб юборилиши ҳам мумкин. Бир қараганда, аслида, тескариси бўлиши керакдек, ахир, давлатлар футболга эътибор бера бошлашса, турли қарор ва ислоҳотлар билан жойларда футбол ривожлантирилса, ФИФА учун бу айни муддао эмасми? Ҳукуматлар футболга яқиндан қизиқиш орқали, ФИФАнинг жойлардаги меҳнатини осонлаштирмайдими?

Албатта, ФИФА ҳукуматларнинг футболни ривожлантириш борасидаги ҳар қандай қарорларини олқишлайди, футболга яратиладиган шароит ва моддий база борасидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлайди, аммо «футболга аралашиш» деганда ташкилот бошқа нарсани назарда тутади – футбол ҳар қандай сиёсий қарорлардан холи ва эркин бўлиши керак. Футбол фақат футбол нуқтайи назаридан таҳлил қилиниши ва бошқарилиши керак. Юқоридаги қоидалар орқали ФИФА мамлакатлардаги футболни ҳимоя қилишга уринади, холос. Қачонки, давлатлар футболдаги натижалар орқали ўз сиёсий мавқеларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилишса, қарорлардаги адекватлик йўқолиб боради, футбол ҳисоботга айланади, меҳнат орқали маълум бир натижаларга эришиш эмас, маълум бир натижалар ёрдамида ўзини меҳнат қилгандек кўрсатишга бўлган истаклар авж ола бошлайди. Бу футбол учун хавфлидир.

Биласизми, футбол техникасидан ташқари, икки муҳим жиҳат бор: мотивация (чоғланиш) ва совуққонлик. Жамоа ўйинида ва кўзланган мақсадга эришишда бу икки ҳолат ҳам жуда муҳим ва уларнинг ўз ўрни бор.

Масалан, машғулотларда футболчилар максимал даражада совуққон бўлишади, шунинг учун улар айнан машғулотларда ҳеч қачон майдонда қила олмайдиган ҳаракатларни амалга оширишлари мумкин. Баъзида футболчиларнинг машғулотларда ажойиб зарба ижро этганини кўрамизки, худди шуни у ўйин пайтида амалга ошира олмайди. Агар оширса, оғзимизни каттароқ очамиз, аслида худди шундай голлар машғулотларга ўнлаб урилиши мумкинлигини билсак-да. Сабаби, совуққонлик футболчига ўз маҳоратини ишга солиши учун керак бўлган жуда керакли хислат, муҳим ўйин пайтида совуққонликни максимал даражага чиқара олиш деярли имконсиз.

Лекин ўйин пайтида футболчи машғулотларда у ҳеч қачон эга бўлмайдиган бошқа жиҳатга – мотивацияга эга бўлади. Унинг аслидан кўпроқ, тезроқ югуриши, ўзида йўқ бўлган кучни топа олиши, баъзида жисмоний имкониятларидан баландроқ ниманидир намойиш қила олиши айнан мотивацияга боғлиқ. У ҳеч қачон машғулотларда ўйиндаги каби мотивацияга эга бўлмайди.