Жамият | 16:17 / 26.12.2020
28239
5 дақиқада ўқилади

Россияга юбормоқчи бўлаётган фирмалардан огоҳ бўлинг: уларнинг ҳаммаси ҳам ишончли эмас

Карантин чекловлари сабаб Ўзбекистон фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудига киришига чекловлар белгиланган. Россияга боришга талабгорлар эса кўп. Шу сабабли вазиятдан устомонлик билан фойдаланиб, даромад орттираётганлардан огоҳ бўлиш керак.

Фото: РИА Новости

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда ва мессенжерлардаги гуруҳ ҳамда каналларда Россия Федерацияси ҳудудига кириш учун Ўзбекистон фуқароларига рухсатнома олиб беришни ваъда қилаётган реклама эълонлари айланиб юрибди.

Улардан бирида ёзилишича, компания Россияга саёҳат қилишни (!) режалаштирган фуқароларга расмий ёрдам кўрсатиши, улар орқали атиги 2 ҳафта ичида РФга киришга рухсат олиш мумкин.

Kun.uz мазкур эълонни тарқатган фирманинг фаолияти билан қизиқиб кўрди ва якунда айрим шубҳали ҳолатларни аниқлади.

Нимаси билан шубҳали?

Kun.uz мухбири «мижоз» ролига киришиб, Россияга юборишга ёрдамлашишни ваъда қилаётган фирма билан телефон орқали боғланди.

Фирма хизмат кўрсатиш маркази ходимининг айтишича, мижоз шу фирма билан шартнома тузиши, 6,5 млн сўм тўловни амалга ошириши ва хизмат кўрсатувчига паспорт нусхасини тақдим этиши лозим. Паспорт нусхаси Россиянинг Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазирлигига юборилади. У ердан 2 ҳафта ичида фуқарога РФ ҳудудига кириш ҳуқуқини берувчи рухсатнома келади. Рухсат берилмаган тақдирда фирмага тўланган пул (6,5 млн сўм) фуқарога қайтарилади. Бугунгача 100 мингдан ортиқ мижозлар билан шартнома тузилган. Ҳозирча 120 нафар фуқарога рухсатнома келган.

Булар фирма вакилининг айтган гаплари. Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек, гўё. Энди масаланинг шубҳали жиҳатлари ҳақида айтиб ўтамиз.

1-шубҳа: Фирма ўз эълонларида Россияга саёҳат қилишни режалаштирган фуқароларга хизмат кўрсатишини айтмоқда. Маълумки, Россия Ўзбекистон фуқароларининг саёҳат қилиши учун қулай бўлмаган мамлакат ҳисобланади. Айниқса, қиш фаслида. Бундан ташқари, миллионлаб фуқаролар ҳар қандай йўл билан бўлса-да, ишлаш учун кетишни режа қилиб юргани сир эмас.

Айни дамда Россияга Ўзбекистондан келадиган мигрантларга чеклов ўрнатилгани бу фирманинг «сайёҳлик» ниқобидан фойдаланишга уринаётганини англатмоқда.

2-шубҳа: Маълумки, сайёҳлик лицензияланадиган фаолият тури ҳисобланади. Kun.uz мухбири боғланган фирмада эса бундай лицензия мавжуд эмаслиги айтилди. Тегишли лицензияси бўлмасдан туриб, сайёҳлик хизматлари таклиф қилинаётганининг ўзи ҳам ушбу ташкилот фаолиятига ваколатли органлар томонидан бир назар ташлаб қўйиш кераклигига ишора бермоқда.

3-шубҳа: Буниси бошқаларидан сезиларли даражада хавотирли. Сабаби, ушбу хизматлар якка тартибдаги тадбиркор томонидан кўрсатилмоқда. Якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланиш мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатида сайёҳлик ёки консультация (маслаҳат) хизматларини кўрсатиш назарда тутилмаган.

Белгиланган тартибга кўра, якка тартибдаги тадбиркор уч нафардан кўп бўлмаган ходимларни ёллаш ҳуқуқига эга.

Компания вакилининг сўзларига ишонадиган бўлсак, бугунга қадар 100 мингдан ошиқ талабгорлар билан шартномалар тузилган, фақат 120 нафар фуқаро рухсатнома олган. Энди соғлом ақл билан мушоҳада юритиб кўрайлик: 3 нафар шахс 100 минг одамга хизмат кўрсатишга қандай улгуриши мумкин?

4-шубҳа: Фирма вакили томонидан телеграм орқали шартли мижоз (Kun.uz мухбири)га юборилган шартнома ҳам ўта шубҳали. Шартнома лойиҳаси келишувнинг асл моҳиятидан мутлақо узоқда бўлган бандлар билан тўла. Унинг тарафларга (айниқса хизмат кўрсатувчига) мажбурият юкловчи хеч бир шарти Ўзбекистон фуқаросини Россияга юборишни назарда тутмайди. Афтидан, шартнома медиамаҳсулот тайёрлаб бериш учун мўлжаллаб тузилган лойиҳадан «ўғирланган».

Хулоса қилиш мумкинки, катта эҳтимол билан ўзбек халқи яна бир йирик фирибгарларнинг тузоғига ўлжа бўлиш арафасида турибди.  

Kun.uz огоҳлантиради!

Россия Федерациясига кириш учун рухсатнома олиб беришни ваъда қилаётган ҳар хил фирмаларга ишонманг, рухсатномани (агар шундай тартиб бўлса албатта) кўзингиз билан кўриб, қўлингиз билан ушламагунингизча пул тўламанг.

Тегишли идоралар ҳам ўз ваколатларидан фойдаланиб, шу масалани суриштириб қўйишса, минглаб содда ва ишонувчан халқимизнинг пулларига куйиб қолишларининг олди олинган бўлар эди.

Шу ўринда, реклама тарқатувчи компания ва мессенжерлар эгаларидан илтимос қилиб қолардик, арзимас пул учун ишончли эканига шубҳа бўлган хизматларни реклама қилиш орқали фуқароларнинг алданиб қолишларига сабабчи бўлиб қолманг!

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва унинг Россия Федерациясидаги вакилидан фуқароларнинг РФга қандай боришлари мумкинлиги ҳақидаги тушунтириш билан чиқишини кутиб қоламиз.

Толиб Раҳматов
Дилшод Абдуқодиров

Мавзуга оид