Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Мурда йўқ, жиноят иши ҳам йўқ” – ҳуқуқшуносларнинг машҳур ибораси қандай пайдо бўлган?
XVII асрнинг иккинчи ярмида Англиядаги шаҳарчада яшовчи чол йўқолиб қолади. Чолни ўлдирганликда айбланиб хизматкор, унинг онаси ва укаси ўлим жазосига ҳукм қилинади. Қатл амалга оширилганидан кўп ўтмай чол уйга қайтиб келади. Шундан сўнг Англия қонунларига ғалати қоида қўшилади.
Ҳуқуқ-тартибот ходимлари орасида “Жасад йўқ, жиноят иши ҳам йўқ” деган ибора бор. Шу кунларда Навоийда содир бўлган бир жиноят ҳодисаси ушбу иборани ёдга солди.
Гап шундаки, Навоий вилоятида 33 ёшли йигит 2024 йил 29 ноябр куни тунда турмуш ўртоғи ва унинг хуштори томонидан буғиб ўлдирилиб, мурдаси Зарафшон дарёсига улоқтирилади. Мурда ҳар қанча қидирилмасин, хозирча топилмаган.
Қотиллик ҳақида гумонланувчиларнинг кўрсатмаларидан бошқа далил йўқ. Бордию улар кўрсатмаларидан қайтса жиноятни фош этиш янада қийинлашади.
Шундай вазиятда “мурда йўқ, жиноят иши ҳам йўқ” деган иборада назарда тутилган ҳолат содир бўлиши мумкин. Хўш, “Жасад йўқ, жиноят иши ҳам йўқ” деган гап қачон пайдо бўлгани ва у нимани англатиши тарихи билан қизиқиб кўрамиз.
Ҳодиса
Бу қоиданинг тарихи 17-асрга бориб тақалади. Воқеалар қуйидагича кечади. 1660 йилда маҳаллий зодагонлардан бирининг 70 ёшли иш бошқарувчиси Уилям Ҳаррисон ижара пулларини йиғиш учун қўшни қишлоққа боради ва изсиз ғойиб бўлади.
Ҳаррисон айтган вақтида уйга қайтмагач хотини хавотирланади ва хизматкори Жон Перрини эрини қидиришга юборади. Бироқ эртаси куни эрталабгача Ҳаррисондан ҳам, хизматкордан ҳам дарак бўлмайди, улар ортга қайтмайди.
Эртаси куни Ҳаррисоннинг ўғли Эдвард отасини қидиришга чиқиб, йўлда хизматкор Перрини учратиб қолади. У хўжайинни топа олмаганини айтади.
Шундан сўнг Эдвард ва хизматкор Уилям бориши керак бўлган манзил – Эбрингтон қишлоғидаги хонадонга боради.
Уй эгаси Уилям Ҳаррисон тунда меҳмон бўлганини, ижара пулини олиб, эрталаб чиқиб кетганини айтади. Эдвард ва хизматкор уни кейинги қишлоққача қидириб боради, бироқ чолнинг дараги чиқмайди.
Улар умидсиз ҳолда уйга қайтаётганда Чиппинг Кампден ва Эбрингтон ўртасидаги йўлдан Уилям Ҳаррисонга тегишли бош кийим, кўйлак ва ёқани топиб олади. Уларда қон изи бор эди. Аммо атрофни қидириб, чолнинг жасадини топа олишмайди.
Шундан сўнг маҳаллий маъмурлар хизматкор Жон Перрини сўроқ қилади. У хўжайинини кўрмаганини, қидириб топа олмаганини таъкидлайди.
Сўроқ пайтида хизматкор Перрини азоблашади. Шунда қийноқларга чидай олмаган хизматкор аввалроқ онаси ва укаси Ричард Уилям Ҳаррисон билан пул устида талашиб қолганини, чолни балки улар ўлдириб, мурдани яширган бўлиши мумкинлигини айтади.
Хизматкор укаси ва онасини мурдани тегирмон ҳовузига ташлаб юборганликда гумонлайди. Аёл ва Ричард барчасини рад этади. Тегирмон ҳовузи текшириб кўрилганда чолнинг жасади у ердан чиқмайди.
Хизматкор Перри, унинг онаси ва укаси Уилям Ҳаррисоннинг ўлимида асосий гумондор бўлишади. Улар ҳар қанча ўзларининг айбдор эмасликларини айтишса-да, буни исботлашлари керак эди.
Кўп ўтмай улар адвокат маслаҳати билан қотилликни бўйнига олади. Чунки ўша пайт қонунларига кўра айбини тан олган жиноятчилар жарима жазоси билан қутулиб кетишлари мумкин эди.
Адвокатнинг режаси иш беради ва Уилям Ҳаррисоннинг жасади топилмагани учун судя она ва унинг икки ўғлига нисбатан жиноят иши қўзғатилишини рад этади.
Бироқ 1661 йил баҳорида суд хизматкор Перри, унинг онаси ва укасига нисбатан жиноят иши очади. Улар яна Уилям Ҳаррисоннинг ўлимида айбланади. Шунингдек, айбловга аввалроқ содир этилган ўғирлик ҳам қўшилади.
Суд аёл ҳамда унинг икки ўғлини Уилям Ҳаррисонни ўлдирганликда айбдор деб топади ва учаласини ҳам ўлим жазосига ҳукм қилади.
Жазо осиб ўлдириш йўли билан ижро этилади. Уч маҳкум ўлимидан аввал Уилям Ҳаррисонни ўлдирмаганини айтиб, ялиниб-ёлворади. Бироқ уларнинг ноласига ҳеч ким қулоқ солмайди.
Уилям Ҳаррисоннинг топилиши ва янги қоида
1662 йилда Уилям Ҳаррисон ҳаммани ҳайрон қолдириб, Чиппинг Кампденда пайдо бўлади. Чолдан қаердан келаётгани сўралганда Португалия пойтахти Лиссабон шаҳридан кемада уйга қайтганини айтади.
Маълум бўлишича, ўша куни Уилям Ҳаррисон уйга қайтаётганида унга қандайдир оқ кийимли шахслар ҳужум қилади. Улар чолни яралайди ва кейин отга ўнгариб олиб кетади. Қон теккан шляпаси, кийими ва ёқаси йўл четига тушиб қолади.
Чолни олиб қочганлар уни кемага ўтқазиб Туркияга олиб боради ва ўша ерда уни сотиб юборишади. Тахминан бир йил тўрт ой ўтгач Уилямнинг хўжайини вафот этади. Шундан сўнг у португалларнинг кемасига чиқиб Лиссабонга келади. У ердан бошқа кемага чиқиб Англияга етиб олади.
Уилям Ҳаррисоннинг топилиши Англияда жуда катта шов-шувга сабаб бўлади. Ахир уни ўлдирганликда айбланиб уч киши ноҳақ қатл этилганди.
Шундан сўнг Англияда “Жасад йўқ, жиноят иши ҳам йўқ” қоидаси жорий қилинади. Ўшандан кейин бу давлатда аксарият ҳолларда ҳеч ким жасади топилмаган инсонни ўлдирганликда айбламайди.
Уилям Ҳаррисоннинг топилиши ортидан бир неча асрдан буён Англия қонунчилигида норасмий равишда амал қилиб келган “Жасад йўқ, жиноят иши ҳам йўқ” қоидаси 1954 йил бекор қилинади. Унгача инглизлар бу қоидадан қарийб 300 йил давомида фойдаланади.
Уилям Ҳаррисон ҳодисаси бўйича шубҳалар
Линда Стрэтменн исм-шарифли аёл ўзининг “Глостершир қотилликлари” китобида Уилям Ҳаррисон билан содир бўлган ҳодисани тўқима деб атайди.
Аёлнинг фикрича, 70 ёшга кирган чолни қул қилиб сотиб бўлмасди. Қолаверса, қул савдоси авжига чиққан пайтларда ҳеч ким Англия марказидаги шаҳарча ёки қишлоқдан одам ўғирлаб кета олмасди.
Агар Чиппинг Кампден шаҳарчаси денгиз соҳилида жойлашган бўлганда ҳам, қароқчилар қул қилиб сотиш учун ёш, навқирон йигит ва қизларни ўғирлаб кетганига ишонса бўларди. Бироқ ўшанда ҳам 70 ёшли чолнинг ўғирлаб кетилиши мантиққа тўғри келмайди.
Линда Уилям Ҳаррисон одамлардан йиғган ижара пулларни ўзлаштириш учун яширинган ва орадан маълум вақт ўтгандан сўнг қиролнинг афв ҳақидаги фармони эълон қилингач уйга қайтган деб ҳисоблайди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
14:52 / 21.04.2025
Океан устидан ғалаба
15:39 / 11.03.2025
Истеъфодаги полиция ити ўрмонда йўқолган қариянинг ҳаётини сақлаб қолди
15:15 / 19.02.2025
Олимлар ҳайвонларнинг ҳиссиётларини аниқлайдиган сунъий интеллект яратди
19:55 / 18.01.2025