«Томорқани суғориш учун сув сотиб олиб, ёмғир сувини ичяпмиз» — Намангандаги сувсиз Баҳористон ҳақида
Kun.uz таҳририятига Наманган вилояти, Косонсой туманининг қўшни Қирғизистон билан чегара ҳудудидаги Қоратоғ ёнбағрида жойлашган Баҳористон қишлоғидан мурожаат келиб тушди. Шу манзил томон йўл олдик.
Аҳолида мавжуд муаммолар шуни кўрсатдики, Баҳористон номи қишлоққа умуман ярашмай қолибди. Сабаби – 600дан зиёд хонадон истиқомат қилувчи ҳудуд сувсизликдан қийналиб яшамоқда.
Яхшиямки, тоғли ҳудудда ёғингарчилик миқдори кўп. Хонадон эгалари катта сиғимдаги сув сақлаш идишлари ва ҳовузларини оқин сув ҳамда ёмғир суви билан тўлдириб олишади. Бу сувдан рўзғор, томорқани суғориш, кир ювиш ва ҳаттоки истеъмол қилиш учун фойдаланишар экан.
Ҳозирги кунда эса томорқани 50-80 минг сўмдан сув сотиб олиб суғоришмоқда.
Косонсой туман ирригация бўлимига қарашли «Тошқўрғон» сув насос станцияси 3 майдан бери маҳаллани муқим оқин сув билан таъминлай олмаяпти. Маҳалла аҳли насос станциясига мурожаат қилганида, электр бўйича ажратилган лимит тугаганини айтишган.
Баъзида оқиб келадиган сув маҳалла ерлари тошлоқ бўлгани сабаб ерга тезда сингиб кетади. Оқибатда эса оз миқдорда берилган сув маҳалла аҳлининг бир-бири билан тортишувларига сабаб бўлмоқда.
«Томорқа суғориш учун сув сотиб олиб, ёмғир сувини ичяпмиз»
Тошқўрғон кўчасида истиқомат қилувчи, ичимлик суви ва экинларни суғориш учун оқин сув муаммоси ичида яшаётган одамларнинг арзига қулоқ тутдик.
«15 йил олдин хонадонимизга ҳовуз қаздирганмиз. Уни бир ойда бир марта тўлдириб оламиз. Томдан тушадиган ёмғир суви тўпланиши учун тарновни ҳам ҳовузга мослаштириб ўрнатдик. Болаларим ва невараларим ҳам шу сувдан истеъмол қилади. Томорқани ҳам суғорамиз.
Сув тугаб қолса, турмуш ўртоғим қўшни қишлоқдан «бидон» идишда олиб келади. Сув сақланиб турган сари ҳидланиб кетади. Иложимиз йўқ, ўша сувни тиндириб ичамиз», – дейди Баҳористон маҳалласи фуқароси Марғуба Сиддиқова.
«Бу йил бир сотих ерга даромад олиш мақсадида иссиқхона килгандим. Кўчатларни экаётган пайтда сув бор эди. Экиб бўлганимиздан кейин оқин сув келмай қолди. Кўчатларга раҳмим келди. Суғориш учун сувни 60-80 минг сўмдан сотиб оламиз.
Сотиб олган сув иссиқхона ва боғни бир марта суғориб олишга етади. Ҳозирги кунда помидорлар пишди ҳисоб. Лекин сув муаммо. Бу қачонгача?.. Пулимизни сув сотиб олиш учун сарфлаяпмиз.
Оқин сув бўлганда, каттароқ иссиқхона қилиш режаларимиз бор. Бу ҳолат яна шундай давом этса, меҳнат ва ҳаражат қилиб амалга оширадиган бўлсак, иссиқхонани бузиб ташлаб, ишлаш учун Россияга кетишга тўғри келади. Бошқа иложимиз йўқ.
Бу ерни шу даражага етказгунча, қанча тошларни олиб чиқдик. Сувли жойларда ҳам бунчалик мева оладиганлар кам топилади. Шунча меҳнат қилдик, лекин сув муаммо», – дейди Баҳористон маҳалласида яшовчи Қобилжон Қодиров.
Маҳаллада оқин сув бўлмаса-да томорқа ва боғларида меҳр билан меҳнат қилишади. Хонадонларда сув тўплайдиган ҳовузлар қилинган. Бироқ ҳовуздаги сув ҳам томорқа суғоргани етмайди. Экилган дарахт ва кўчатлар қуриб ётибди.
«Сув кўчамизга келгунча орадаги масофа 9 км 400 метр. Бизга 3 май куни сув берилган. Шундан бери сув келмади. Кеча 50 минг сўмга сув сотиб олиб, томорқамни суғоргандим. Унинг устига кеча жала ёғди. Шу пайтгача ёмғир билан экинларни кўкартириб олдик.
Кўп жойларга мурожаат қилдик. Наҳотки, бизда 10 км.га сув тортиб бера олишмаса? Водопровод суви умуман йўқ. Бир «бидон» ичимлик сувини ўн минг сўмдан сотиб оламиз. Керак бўлса, ёмғир сувини ҳам ичяпмиз. Болалар касал бўлмоқда.
Бизнинг қишлоқда ривожланиш умуман йўқ. Сув бўлса, яшнатиб юборган бўлардик. Ўттиз йилги дарахтлар қуриб ётибди. Уч йил олдин яшаш учун ер берилган эди. Одамлар сув йўқлигидан уйларини бузиб, кўчиб кетишяпти.
Апрель ойида сув насосини юргизгани электрга лимит тугади, дейишди. Сентябрь ойигача томорқаларимизни қандай суғорамиз? Ариза билан мурожаат қилган эдик, «бир ойдан кейин келинглар», дейишди.
Томорқадаги экинларимиз ташналикдан қақшаб ётибди. Бир ойдан кейин дарахтларимиз ҳам қуриб бўлади-ку! Сув йўқлиги учун мол-қўй ҳам боқа олмаймиз», – дейди Баҳористон маҳалласида яшовчи Абдусамад Эшонжонов.
Маҳалла мироби Яҳёхон Юсуповнинг айтишича, туман «Сув хўжалиги» ташкилоти раҳбари, сув тортувчи насос учун электр энергияси лимити тугагани учун насосни юргизишга рухсат бермаяпти.
Қишлоқ 1984 йилдан бери шу ҳолатда яшаб келмоқда Мутасаддилар ваъдаларидан эса самара йўқ.
Косонсой туман ҳокимлигида
Туман ҳокимлигида бўлиб, Баҳористон маҳалласидаги ҳолат бўйича мутасаддилардан изоҳ сўрадик.
«Ҳақиқатан ҳам Баҳористон маҳалласи томорқаларига оқин сув насос орқали етказиб берилади. Май ойида бир неча кун катта насосда узилиш бўлди. Лекин кичкина насос билан аҳолини оқин сув билан бир маромда таъминлаб келинди. Ҳаммаси бартараф этилди. Айни пайтда катта насос ҳам ишлаб турибди. Аҳолини график асосида сув билан таъминлаб берамиз», – дейди Насос станциялари ва энергетика бошқармаси Косонсой ишлаб чиқариш бўлими раҳбари Равшанхон Саидкамолов.
Ҳокимият вакилининг фикрича, Баҳористондаги ичимлик суви масаласи «дастурга киритилган», оқин сув бўйича эса «муаммо қолмаган». Бу эса мутасаддиларнинг ўша ҳудудга бориб аҳоли муаммоларини чуқур ўрганмаганидан далолат бериб турибди.
Балки бизнинг мақола ва видеолавҳаларимиздан сўнг Баҳористонга сув борар...
Сарварбек Назаров, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов.
Мавзуга оид
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
16:39 / 15.11.2024
Наманган вилоят суди раиси ўринбосарининг қилмиши яширилмоқда: ёпиғлик қозон ёпиғлигича қоладими?
08:48 / 08.11.2024
Сув таннархи ошиб кетаётган ҳудудлар маълум қилинди
21:48 / 28.10.2024