Спорт | 13:05 / 28.04.2024
11557
25 дақиқада ўқилади

Мбаппе ҳал қилолмади, «Челси» ўйинида яна можаро. Кун ўйинлари

Шанба оқшомида Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Англия: «МЮ» яна ғалабани қўлдан чиқарди, «Ливерпул» тақдирга тан берди

«Вест Ҳэм» – «Ливерпул» – 2:2
Голлар:
1:0 – 43 Боуэн, 1:1 – 48 Робертсон, 1:2 – 65, автогол Ареоля, 2:2 – 77 Антонио.
«Вест Ҳэм» – Ареоля, Цоуфал, Огбонна, Зума, Эмерсон, Соучек (Уорд-Проуз, 74), Лукас Пакета, Алварес, Қуддус, Боуэн, Антонио.
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд (Гомес, 79), ван Дейк, Куанса, Робертсон, Эндо (Нунес, 79), Мак Аллистер, Гравенберх, Эллиотт, Диас (Салоҳ, 79), Гакпо.
Огоҳлантиришлар: Эндо (30), Мак Аллистер (90+5).

Ҳафта ўртасида бой берилган дерби амалда «Ливерпул»ни чемпионлик пойгасидан чиқариб юборганди. Навбатдаги ўйиннинг биринчи бўлими ҳам қизиллар бунга кўнганини кўрсатиб турди. Унинг мантиқий якуни Боэуннинг голи бўлди, у танаффус арафасида бурчак зарбасидан кейин ҳисобни очди ва самарадорлик бўйича клуб рекордини такрорлади. Унга қадар «Вест Ҳэм» сафида АПЛнинг бир мавсумида фақатгин Пауло Ди Канио 16 та гол урган.

Аммо иккинчи бўлим бошланиши билан жарима майдони марказида пайдо бўлган Робертсон мувозанатни тиклади. Меҳмонлар босимни кучайтиришда давом этишди ва бу сафар корнер Гакпога муваффақият келтирди. Нидерландиялик ҳужумчининг зарбасидан кейин тўп Огбонна, Соучек ва Ареоля орқали дарвоза тўрига бориб тушди.

Француз дарвозабон ўйин давомида «болғачилар»ни мунтазам равишда қутқариб турди, якунда эса жамоа Антонионинг саъй-ҳаракатлари билан ҳисобни яна тенглаштирди. Юрген Клопп эса яна омадсизлик ҳақида гапириши мумкин: Лондондаги ўйиндан кейин «Ливерпул» дарвоза устуни ёки тўсинига йўлланган зарбалар сони бўйича топ-5 лигаларда яққол етакчи. Шанба кунги ўйиндан кейин бундай зарбалар сони 24 тага етди, биринчи бўлимда Диаснинг зарбасидан кейин тўп устунга текканди, ўйин охирида эса Эллиот тўсинни нишонга олди. Захирадан майдонга тушиши арафасида мураббий билан тортишган Салоҳ эса ажойиб қарши ҳужумни ноаниқ пас билан тўхтатиб қўйди.

«Манчестер Юнайтед» – «Бёрнли» 1:1
Голлар:
1:0 – 79 Антони, 1:1 – 87, пеналти Амдуни.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Уан-Биссака, Магуайр, Каземиро, Диогу Далот, Маунт, Эриксен (Амрабат, 81), Бруну Фернандеш, Майну (Мактоминей, 65; Маунт, 90), Антони, Гарначо, Ҳойлунд (Диалло, 65).
«Бёрнли» – Мурич, Ассинон, О`Ши, Эстев, Витино, Каллен, Берге, Одобер, Фостер, Фофана (Амдуни, 57), Бруун Ларсен (Гудмундссон, 72).
Огоҳлантиришлар: Одобер (42), Антони (43), Каллен (60), Эстев (90+2).

«МЮ» шундай вазиятда қолдики, Каземиро ҳимоя марказида ўйнаши ҳеч кимни ажаблантирмаяпти. «МЮ»нинг жароҳат олиб сафдан чиққан ҳимоячиларини санаш – янгилик эмас, бу рўйхатдагиларни футбол мухлислари шусиз ҳам билишади (Мартинес, Варан, Линделёф, Шоу, Эванс, Камбвал). Кадрлар масаласидаги бундай вазият тен Ҳаг учун синов бўлмоқда, унинг кейинги мавсумда ҳам ишлаши савол остида турибди.

«МЮ» бу ўйинни анча ишончли бошлади. Брунунинг зарбаси устунга тегди, Гарначо эса пеналти ишлашга жуда яқин эди. Аммо бўлим охирида лигада қолиш учун курашаётган «Бёрнли» ўйинини кучайтирди. Меҳмонларда иккита қулай вазият юзага келди, аммо Онана «МЮ»ни қутқарди. Жумладан яккама-якка вазиятда ҳам.

Бу вақт оралиғида «МЮ» ўз уйида Чемпионшипга қарши ўйинда тўпга эгалик қилиш бўйича устунликни бой бериб қўйди. Лекин тен Ҳаг жамоасига бу мавсумда позицион ҳужумлардан кўра қарши ҳужумларда гол уриш осонроқ бўлмоқда. Ва танаффусдан кейин «МЮ» дарҳол ташаббусни ўзига қайтариб олди.

«Бёрнли» дарвозаси қаршисида вазият ортидан вазият юзага кела бошлади. Иккинчи бўлим бошида Антонининг ўзи иккита вазиятни йўққа чиқарди. Бразилиялик ҳужумчи аввалига дарвозабон ҳудудидан туриб аниқ зарба бера олмади, кейинги ҳужумда эса яккама-якка вазиятни барбод қилди.

Тен Ҳаг алмаштиришлар қилишга киришди: Ҳойлундни ўйиндан олди ва Диаллони майдонга ташлади. Натижада ҳимояланиш вақтида Бруну ҳужумда қолди, тўпга эгалик қилинаётганда эса ҳужум марказида гоҳ Диало, гоҳ Бруну ёки яна бошқа кимдир пайдо бўлди. Лекин бу билан мезбонларда голли вазиятлар кўпайиб қолмади. Аммо «МЮ» айнан шу таркибда гол урди. «Бёрнли» футболчиси Берги жарима майдони яқинида қўпол хатога йўл қўйди ва Антони яна бир марта яккама-якка вазиятга чиқиб кетди. Бу сафар «МЮ» вингери ўз имкониятини қўлдан бой бермади ва Англия чемпионатининг бу мавсумидаги илк голини 35-турга келиб нишонлади.

Бразилиялик футболчи умуман олганда ёмон ўйин ўтказди, аммо ҳисобни очиш унга насиб этди. Онанада эса бунинг акси бўлди. У бутун ўйин давомида қутқарди, аммо ўйин охирида дарвозага пеналти «олиб келди». 85-дақиқа ўтиб бораётганда «МЮ» ҳимоячилари жуда ёмон ўйнади, Каземиро ва Уан Биссака бир-бирини тушунмай қолди, дарвозабон эса ҳаводаги тўпга интилиб Амдунининг бошига тирсак билан зарба бериб юборди. Бош арбитр фолни пайқамай қолганди, аммо VAR ишга тушиб, ҳакамга хабар берди. Жабрланувчининг ўзи 11 метрлик нуқтадан ҳисобни тенглаштирди.

Ўйиннинг қўшимча дақиқаларида «МЮ» ҳам пеналти сўради, аммо майдондаги ҳакам ҳам, VAR ҳакамлари ҳам бунга асос кўришмади. «МЮ» барча турнирлар доирасида сўнгги олти ўйинда мағлубиятга учрамаяпти, лекин бу ўйинларда биргина ғалабага эришган. Жароҳатланганлар сафига эса Мактоминей ҳам қўшилди, иккинчи бўлим давомида майдонга тушган шотландиялик яримҳимоячи 90+2-дақиқада майдонни тарк этишига тўғри келди.

«Қизил иблислар» энди бешинчи ўринда бораётган «Тоттенҳэм»ни қувиб етиши даргумон, ҳозирги олтинчи ўринни эса бой бериб қўйиши ҳам мумкин. «Бёрнли» эса дуранг туфайли 17-ўринда бораётган «Эвертон»ни очколар сони бўйича қувиб ета олмайдиган бўлди.

«Астон Вилла» – «Челси» 2:2
Голлар:
1:0 – 4, автогол Кукуреля, 2:0 – 42 Рожерс, 2:1 – 62 Мадуэке, 2:2 – 81 Галлаҳер.
«Астон Вилла» – Мартинес (Олсен, 46), Кэш, Пау Торрес, Конса, Дин, Бэйли (Диего Карлос, 75), Макгинн, Тилеманс (Диаби, 27; Дуран, 83), Дуглас Луис (Ироэгбунам, 75), Уоткинс, Рожерс.
«Челси» – Петрович, Чалоба, Тиаго Силва (Дисаси, 90), Бадяшил, Кукуреля, Галлаҳер, Мудрик (Казадеи, 90), Палмер, Кайседо, Мадуэке, Жексон.
Огоҳлантиришлар: Дуглас Луис (49), Кайседо (49), Рожерс (64), Бэйли (66), Мудрик (82), Тиаго Силва (87), Мадуэке (90+10), Бадяшил (90+10).

Ҳафта ўртасида «кўклар» «Арсенал»дан йирик ҳисобда мағлуб бўлиб (0:5), Почеттинонинг бу «Коул Палмер» футбол клуби эмас, «Челси» футбол клуби экани ҳақидаги сўзларини исботлай олишмаганди. «Астон Вилла» билан ўйинда лондонликлар етакчиси сафга қайтди. Палмер ўйинни тўлиқ ўтказди, аммо натижани бошқа етакчи футболчи таъминлади. Ғалаба қозонилмаган бўлса-да, шунга яқин келинди.

Кукуреля бешинчи дақиқадаёқ гол урди. Аммо ўз жамоаси дарвозасига. «Вилла» оддий комбинация уюштирди, аммо «кўклар» ҳимояси бу вазиятни назорат қила олмади: Дин ҳужумга қўшилди ва жарима майдони марказида турган Макгиннга тўп етказиб берди, шотландиялик футболчи тўпни испаниялик ҳимоячининг тиззасига теккизган ҳолда дарвоза тўрига киритди.

Одатда бирмингҳемликлар ҳисобни очган ўйинларда рақиблар вазиятни ўзгартириши жуда қийин бўлади. Гол ўтказилганидан 10 дақиқа ўтиб  Жексон хатолар устида ишлаганини намойиш этди ва Кайседонинг узатмасидан кейин бирга-бир вазиятдан фойдаланди. Аммо яна «Челси»нинг омади келмади: VAR кичик офсайд қайд этди.

«Астон Вилла» тўпни топширди ва тўлиқ ҳимояга ётди. 28-дақиқада Тилеманс жароҳат олди — бу эса лондонликларга хавфли ҳужум уюштиришга имкон берди. Аммо Кукурелянинг қарама-қарши қанот томон узатмасидан Жексон фойдалана олмади — тўп устунга тегди.

Бўлим охирида мезбонлар иккита вазиятга эга бўлди. Биринчисида Уоткинснинг зарбасидан кейин Петрович меҳмонларни қутқарди, иккинчи вазиятда меҳмонларнинг тезкор қарши ҳужумида яна Кукуреля ишончсиз ҳаракат қилди, у ўзига келган тўпни икки бор қайтарди, аммо тўп ундан яна рақибга қайтиб борди ва Рожерс ҳисобдаги фарқни оширди.

Иккинчи бўлимда «Челси» ўйинни кучайтирди ва кетма-кет вазиятлар яратди, улардан бирида Мадуэке билярд услубидаги зарба билан ҳисобни қисқартирди. Бу ҳужумда Галлаҳер ва Палмер ҳам катта иш бажаришди. Агар Нонининг зарбаси ўхшамаганида, арбитр Макгиннинг Галлаҳерга қўполлиги учун пеналти қўйиши ҳам мумкин эди.

Кейин яна сардор жонбозлик кўрсатди. Галлаҳер қаршиликсиз жарима майдонига кириб борди ва кучли зарб билан тўпни тўққизликка жойлади. Эмерининг ҳимоявий футболи биринчи бўлимда иш берганди, иккинчи бўлимда эса рақиб босимига дош бера олмади.

Лондонликлар кучли босим ўтказганига қарамай, қоида бўйича ғалаба голини ура олишмади. Аввалига ҳали аввалги формасига қайта олмаган Палмер яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади. Қўшиб берилган дақиқаларда эса Дисаси Бадяшилнинг узатмасидан кейин дарвозани ишғол этди. Ҳакам аввалига майдон марказини кўрсатганди, аммо видеотакрордан кейин Бенуа узатма беришдан олдин рақиб ҳимоячисини туртган деб топди ва голни бекор қилди. 

Статистика «Челси» анча устунлик қилганини кўрсатди Дарвозага зарбалар сони бўйича: 21-9 (дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар бўйича 5-4), ўйин вақтининг 72 фоиз қисмида тўпга эгалик, кутилган голлар (xG) бўйича 0,87 га қарши 1,37. «Кўклар» кутилган голлар кўрсаткичи бўйича АПЛда бешинчи ўринда экани бежиз эмас. Энди футболчилар вазиятлардан фойдаланиш устида ишлаши лозим.

«Челси» «Арсенал»га қарши ўйиндаги 0:5 ҳисобидан кейин характер кўрсатди. Почеттино шогирдлари ҳамон еврокубокларга йўлланма учун курашни давом эттирмоқда. 

«Тоттенҳэм»дан узоқлашиб олиш имкониятини бой берган Унаи Эмери кейинги ҳафта ўртасида «Челси» «шпорлар»дан ҳам очко олишидан умид қилади. Ёки улар олдинроқ — «Арсенал» билан якшанба куни кечадиган дербида қоқилишидан.

Испания: Симеоне баҳордаги асосий ўйинида ғалаба қозонди

«Лас-Палмас» – «Жирона» 0:2
Голлар:
0:1 – 26 Давид Лопес, 0:2 – 57, пеналти Довбик.
«Лас-Палмас» – Валес, Марвин, Суарес (Мунир, 63), Коко, Мармол, Синкгравен (Кардона, 63), Молейро, Хави Мунос (Бенито Рамирес, 81), Родригес, Перроне (Фабио Гонсалес, 78), Сандро Рамирес (Кардона, 63).
«Жирона» – Гассанига, Эрик Гарсия, Блинд, Давид Лопес, Мигел Гутеррес, Ян Коуто (Порту, 70), Алеиш Гарсия, Эррера (Мартинес, 89), Мартин (Солис, 89), Савио (Торре, 80), Довбик (Циганков, 70).
Огоҳлантиришлар: Довбик (37), Эррера (39), Мармол (45+4), Ян Коуто (69).

Сўнгги ойларда ўз уйида барқарор равишда ғалаба қозонадиган «Жирона» сафар ўйинларида шундай барқарорлик билан ютқазаётганди. Каталонияликлар «Лас-Палмас» майдонига кетма-кет бешта сафар учрашувидаги мағлубиятли серия билан ташриф буюрганди, аммо бу сафарги рақиб 10 февралдан буён умуман ғалаба қозонмаганди. Якунда икки бўлимда биттадан гол урган Мичел Санчес жамоаси иккинчи ўринга чиқиб олди. Бир ҳафта олдин «Жирона» еврокубокдаги иштирокини кафолатлаганди. Энди жамоа камида «Барселона»нинг душанба кунги ўйини якунига қадар иккинчи ўринда қолади. Ҳозирда «Жирона» тўплаган очколар сони 71 тага етган ва бу ла лига тарихида 33 турдан кейин Испаниянинг «катта учлиги»га («Реал», «Барса», «Атлетико») кирмайдиган жамоалари учун энг яхши натижа ҳисобланади.

«Атлетико» – «Атлетик» 3:1
Голлар:
1:0 – 15 Де Паул, 1:1 – 45 Уилямс, 2:1 – 52 Корреа, 3:1 – 80, автогол Унаи Симон.
«Атлетико» – Облак, Молина (Рикелме, 67), Хименес, Эрмосо, Витцел, Коке, Де Паул (Аспиликуэта, 82), Лоренте (Саул, 82), Корреа (Барриос, 77), Гризманн, Лино.
«Атлетик» – Унаи Симон, Вивиан, Йерай Алварес (Эррера, 66), Паредес, Лекуэ, Прадос, Руис де Галаррета (Весга, 69), Сансет (Беренгер, 66), Уилямс, Уилямс (Раул Гарсия, 81), Гурусета (Муниаин, 66).
Огоҳлантиришлар: Де Паул (5), Сансет (59), Паредес (71), Эрмосо (90+3), Гризманн (90+4).

Тўртинчи ўрин учун кураш бутун мавсум давом этди, «Атлетико» ҳозирга қадар бешинчи ўриндан узоқлашиб кета олмади. Аммо мадридликлар таъқибчи билан ўйин бошида ўзига хос совғага эга бўлишди, рақиб ҳимоячиси тўпни узоқлаштиришга уриниб, Де Паулнинг оёқлари остига ташлаб берди, қолаверса рикошет дарвозабон Унаи Симонни иложсиз қолдирди. Шу билан биринчи бўлим охирида Гризманн ҳам хатога йўл қўйди ва тезкор қарши ҳужумда Гурусета тўпни Хименеснинг оёқлари орасидан ўтказиб, ҳисобни тенглаштирувчи голни урган Нико Уилямсни қулай вазиятга чиқарди.

Диего Симеоне танаффусда керакли ўзгаришларни амалга оширди ва Корреа иккинчи бўлим бошида яна мадридликларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Сўнгги ўн дақиқалик бошланганида эса Самуэл Лино интригани йўқ қилди. Симон тўпни қайтаргандек эди, аммо у аввалига устунга бориб, кейин дарвозабоннинг елкаси орқали тўрга бориб тушди. Басклар шу тариқа Чемпионлар лигаси орзуси билан хайрлашишига тўғри келди. Апрел ойи бошида Билбаога узоқ кутилган совринни олиб келган Эрнесто Валверде кейин икки ўйинда дуранг қайд этди, Мадриддаги мағлубиятдан кейин эса тўртинчи ўрин билан орадаги фарқ олти очкога етди.

Италия: «Милан» орадаги фарқни сақлаб қолди

«Ювентус» – «Милан» 0:0
«Ювентус» – Шченсни, Бремер, Гатти, Данило, Веа (Маккенни, 71), Камбиязо, Костич (Киеза, 63), Рабио, Локателли, Йилдыз (Миретти, 82), Влаҳович (Милик, 62).
«Милан» – Спортелло, Габбия, Тиав, Флоренци, Лофтус-Чик (Дзероли, 82), Пулишич (Чуквуэзе, 83), Адли (Беннасер, 62), Рейндерс, Муса (Бартезаги, 82), Рафаэл Леау, Жиру (Окафор, 71).
Огоҳлантириш: Муса (45+1).

Бошқа йилларда бу ўйин марказий баҳсга айланган бўларди. Аммо ҳозирда вазият шундайки, Туриндаги ўйиндан алоҳида нарса кутиш ўринсиз. «Милан» ҳозирги иккинчи ўринни бой бериши даргумон, Стефано Пиоли мавсум якунида истеъфога чиқарилиши тўғрисидаги хабарлар эса нафақат мураббийни, балки футболчиларни ҳам асабийлаштирмоқда. Италия вакиллари кейинги мавсумда ЕЧЛда бешта квотага эга бўлиши маълум бўлгач, «Ювентус» учун йўлланма нақд бўлди. «Кекса синиоралар» учун ҳозирда Италия Кубоги финали муҳимроқ, аммо шанба кунги ўйинда айнан мезбонлар ғалабани кўпроқ хоҳлади.

Фақат истакнинг ўзи етарли эмас. «Милан» ўйин охирида дарвоза томон етти бор аниқ зарба йўлланганига қарамай, дурангни ушлаб қолди. Россонерилар сўнгги йигирма йилликда фақат икки марта рақиб ўзидан кўпроқ зарба йўллаган ўйинларда дарвозаси дахлсизлигини сақлай олган. Бу дуранг миланликларга «Ювентус»дан беш очколик фарқни сақлаб қолиш имконини берди. Энди иккинчи ўринни ким эгаллаши деярли аниқ. Дарвозабон Спортиелло ўйин қаҳрамонига айланди, у ҳам Рабионинг зарбаси қаршисида ожиз қолганида эса Тшау тўпни чизиқ устида тўхтатиб қолди.

Германия: Кейннинг дубли ва «Байер»нинг характери

РБ «Лейпциг» – Боруссия Д 4:1
Голлар:
0:1 – 20 Санчо, 1:1 – 23 Опенда, 2:1 – 45+2 Шешко, 3:1 – 46 Симакан, 4:1 – 80 Баумгартнер.
РБ «Лейпциг» – Гулачи, Симакан (Хенрихс, 52), Орбан, Лукеба, Раум, Шлагер (Кампл, 88), Олмо, Айдара (Зайвалд, 88), Симонс, Опенда (Клостерманн, 88), Шешко (Баумгартнер, 70).
«Боруссия» Д – Кобел, Ҳуммелс (Зюле, 52), Шлоттербек, Рюэрсон (Мукоко, 71), Брандт, Ўзжан (Байно-Гиттенс, 63), Нмеча, Волф, Адейеми (Ройс, 46), Фюллкруг, Санчо.
Огоҳлантиришлар: Симакан (37), Санчо (37), Шлоттербек (76).

«Боруссия»ни Чемпионлар лигаси яримфиналига чиққани учун олқишлаш мумкин, аммо Эдин Терзич жамоаси бу сафар ҳам чинакамига ҳал қилувчи ўйинда ортга чекинди. Бир йил олдин Дортмунд сўнгги турда мюнхенликларга «Кумуш товоқ»ни бериб юборганди. Энди эса «асаларилар» кейинги мавсумда асосий еврокубоксиз қолиши 99 фоизга аниқ. Бир фоизлик имконият — «қулоқли» совринни ютиш орқали йўлланмага эга бўлишдир.

Лейпцигдаги ўйин — ҳозирги «Боруссия»нинг ҳолатини яққол кўрсатиб берди. Аввалига бир ярим ойдан буён гол урмаган Санчо чиройли зарба билан «тўққизлик»ни аниқ нишонга олди. Ва кейин дарҳол гол ўтказиб юборди, бу гол Ҳави Симонсда ҳам, Опендада ҳам офсайд қайд этмаган VAR аралашуви билан ҳисобга олинди. Кейин эса бўлим охири ва иккинчи бўлим боши — меҳмонлар учун шунчаки даҳшатга айланди. Танаффус арафасида Шешко жамоасини олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлим эса «Лейпциг» «3 га 1» кўринишидаги қарши ҳужумга чиқиб кетиши билан бошланди, бу ҳужум тўп майдоннинг иккинчи қисмида аутдан тўп ташлаб берилиши билан уюштирилиб, ҳимоячи Симакан учинчи голни уриши билан якунланди. Икки йил муқаддам «Боруссия»дан ишдан ҳайдалган Марко Розе ўзига хос қасос олди. Энди унинг жамоаси бешинчи ўрин билан фарқни беш очкога етказмоқда.

«Бавария» – «Айнтрахт» Ф 2:1
Голлар:
1:0 – 9 Кейн, 1:1 – 23 Экитик, 2:1 – 61, пеналти Кейн.
«Бавария» – Нойер, Дайер, де Лигт (Ким Мин Жэ, 46), Мазравий (Дэвис, 69), Геррейру (Звонарек, 81), Горетцка, Лаймер (Павлович, 28), Киммиҳ (Тел, 69), Мюллер, Шупо-Мотинг, Кейн.
«Айнтрахт» Ф – Трапп, Бута (ван де Бек, 77), Кох, Тута, Пачо, Дина-Эбимбе (Нкунку, 70), Гётце (Ларссон, 77), Схири (Чендлер, 88), Мармуш, Кнауфф, Экитик (Баойя, 70).
Огоҳлантиришлар: Кох (60), Схири (62), Гётце (63).

Жума куни ўйнаган ва класикодаги билан солиштирганда тўққиз футболчини алмаштирган «Реал»дан фарқли ўлароқ «Бавария» бундай ротацияга йўл қўя олмасди. Биринчи навбатда ресурслар етарли жмас, Мюнхен клуби лазаретидаги футболчилар сони тўққиз нафарни ташкил этмоқда. Шундай экан, «Айнтрахт»га қарши ўйинда сафдаги футболчиларнинг энг яхшиларини туширишга тўғри келди. Жумладан Кейнни ҳам, унинг икки голи кучли рақибга қарши ўйинда ғалабани таъминлади. Ҳарри бундеслигадаги илк мавсумидаёқ ўзи қарши ўйнаган 17 рақибдан 16 тасининг дарвозасини ишғол этди. 1967 йилда бу борада турнир рекордини ўрнатган Герд Мюллер ҳам барча рақибларга гол ура олмаган. «Бавария»нинг ҳозирги тўпурари эса аввалроқ Айлтон ва Левандовски такрорлаган (икки бор) натижани такрорлади.

«Байер» – «Штутгарт» 2:2
Голлар:
0:1 – 47 Фюрих, 0:2 – 56 Ундав, 1:2 – 61 Адли, 2:2 – 90+6 Андрих.
«Байер» – Градецки, Фримпонг (Телла, 89), Та (Инкапиэ, 46), Тапсоба, Коссуну, Грималдо (Станишич, 89), Ҳофманн (Виртц, 74), Андрих, Паласиос, Адли, Шик (Бонифасе, 74).
«Штутгарт» – Нюбел, Стергиу (Мвумпа, 81), Антон, Ито, Миттелштедт, Каразор, Фюрих (Руо, 81), Мийо (Дауд, 74), Левелинг, Гирасси, Ундав (Жон Ву Ен, 74).
Огоҳлантиришлар: Паласиос (31), Ундав (41), Коссуну (42), Андрих (58), Мийо (69), Хаби Алонсо (70), Миттелштедт (77), Инкапиэ (83).

Хаби Алонсо умидсиз кўринган вазиятларда ҳам чиқиш йўлини топмоқда. Европа Лигасида «Қорабоғ»га қарши икки ўйинда ҳам 0:2 ҳисобидан чиқиб кетиб, бир дуранг ва бир ғалабага эришганди (2:3, 2:2). «Байер» мағлубиятсиз сериясини шундай сақлаб қолди ва Европа рекордини янги чўққиларга кўтарди. Ҳозирда бу нуқта 46 ўйинга етди. Европа лигаси чоракфиналида «Вест Ҳэм»га қарши ўйинда Фримпонг 89-дақиқада ҳисобни тенглаштирганди. Бир ҳафта олдин Дортмундда кечган ўйинда эса Станишич қўшиб берилган еттинчи дақиқада гол урганди.

Энди бундеслигада исталган рақиб билан ўйинда устунлик қила оладиган «Штутгарт» билан ўйинда «Байер» икки тўп фарқини йўққа чиқаришга муваффақ бўлди. Ишнинг ярми тезда бажарилганди — Адли тезкор жавоб гол урди. Кейин эса воқеалар ривожи қизиқ кечди. Коссуннинг ҳисобни тенглаштирувчи голи офсайд туфайли бекор қилинди ва агар  Градецки асосий вақт охирида Гирассининг яқин масофадан йўллаган зарбасини қайтармаганида бу сафар ҳеч қандай қутулиб қолиш бўлмасди. Қўшимча дақиқаларнинг олтинчиси ўтиб бораётганида эса Вирцнинг жарима зарбасидан кейин рақиб ҳимоясида палапартишлик юзага келди ва Андрих ҳисобни тенглаштирди. Энди жамоа Европа Лигасида «Рома»га қарши ўйинларда серияни давом эттиришга ҳаракат қилади.

Франция: Мбаппе сеҳргар эмас

«ПСЖ» – «Гавр» 3:3
Голлар:
0:1 – 19 Опери, 1:1 – 29 Барколя, 1:2 – 38 Айю, 1:3 – 61, пеналти Туре, 2:3 – 78 Ҳакими, 3:3 – 90+5 Гонсалу Рамуш.
«ПСЖ» – Навас, Ҳакими, Маркинос (Шкриняр, 62), Данилу Перейра, Лукас Бералдо, Витиня, Заир-Эмери, Дембеле (Мбаппе, 46), Асенсио (Ли Кан Ин, 46), Барколя (Меюлю, 46), Коло-Муани (Гонсалу Рамуш, 62).
«Гавр» – Дема, Него, Лорис, Салме, Санганте, Опери, Туре, Таргаллин (Кузяев, 82), Айю (Кешта, 71), Казимир (Жужу, 82), Сабби (Ал-Ҳожам, 90).
Огоҳлантиришлар: Заир-Эмери (74), Мбаппе (90+3), Санганте (90+7).

Албатта, ҳозирги вазиятда «ПСЖ» Чемпионлар лигасини эътиборга устуворлик беради, шунинг учун Мбаппе яна ўйинни захира ўриндиғида бошлади. Луис Энрике хавфли ҳудуддаги «Гавр» жиддий муаммо туғдиришига ишонмасди ва сардорни ўйин охирида чемпионликни нишонлаш учун туширишни мўлжаллаганди. Аммо Қатар миллионлари давридаги ўнинчи чемпионликни шу даврдаги 700-ўйинда нишонлашнинг имкони бўлмади.

Мбаппени эса ғалабани нишонлашга эмас, ўйинни қутқариш учун туширишга тўғри келди. Қолаверса, Данилу Перейранинг жарима майдони ичидаги ўнғайсиз ҳаракатини кўриб чиққан VAR парижликлар дарвозасига пеналти белгилади ва ҳисоб 1:3 кўринишига келди. Иккита гол фарқини йўққа чиқариш Гонсалу Рамушнинг хизматлари билан бўлди, португалиялик ҳужумчи аввалига Ҳакимига ассистентлик қилди, қўшимча дақиқаларда эса Ли Кан Иннинг узатмасидан кейин мувозанатни тиклади. Муддатидан олдинги чемпионликни расмийлаштириш учун эса ғалаба қозониш талаб этиларди. Энди «ПСЖ» якшанба куни «Монако» Лионда ғалаба қозона олмасагина диванда ўтириб чемпион бўлиши мумкин.

Кун статистикаси

  • Исмоил Картал «Фенербаҳче»нинг икки мавсумда ҳам «Бешиктош»га қарши дербиларда ғалаба қозонган 1-мураббийи бўлди.
  • Игор Тудор «Лацио»нинг сўнгги 65 йилликдаги дастлабки учта уй учрашувида ҳам ғалаба қозонган 2-мураббийи бўлди.
  • «Нюкасл» «Шеффилд Юнайтед»га қарши икки ўйинда 13 гол урди (8:0, 5:1). Бу АПЛда бир мавсумнинг ўзида бир жамоа иккинчи жамоага кўп гол уриши бўйича рекорд ҳисобланади.
  • «Байер» ҳимоячиси Грималдо 13 голли узатма билан леверкузенликлар тарихидаги энг яхши ассистентлик кўрсаткичини қайд этди — бундай ҳисоб 2004/05 йиллар мавсумидан бошлаб юритилган.
  • 21 та уй учрашувини мағлубиятсиз ўтказиш — «Бенфика»нинг сўнгги ўн йилликдаги энг яхши натижаси.
  • «Атлетико» барча турнирлар қўшиб ҳисобланганда 22 та уй учрашувида ғалаба қозонди. Клуб рекордини такрорлаш учун яна битта ўйин қолди.
  • «Штутгарт» форвардлари Гирасси (25), Ундав (18) ва Фюрих (8) жами 51 гол уришди. Бу шваблар тарихидаги энг яхши ҳужум триосига айланди, бу учлик Бобич, Элбер ва Балаковнинг 1996/97 йиллар мавсумидаги натижасини ҳозирнинг ўзида иккитага яхшилади.

Мавзуга оид