Спорт | 09:40 / 19.09.2025
11684
12 дақиқада ўқилади

Ҳоландда яна бир рекорд, «Барса» ғалаба билан бошлади. Кун ўйинлари

«Галатасарой» 5 та, «Қайрат» 4 та гол ўтказди, Ҳусанов ғалабали ўйинда тўлиқ ўйнади. Чоршанба оқшомида ЕЧЛнинг биринчи тури доирасидаги асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалидаги вазият.

Фото: Global Look Press

«Манчестер Сити» – «Наполи» 2:0
Голлар:
Ҳоланд, 56 (1:0). Доку, 65 (2:0)
«Манчестер Сити»: Доннарумма, О`Райли, Гвардиол (Аке, 80), Рубен Диаш, Ҳусанов, Родри (Гонсалес, 60), Доку (Савио, 69), Фоден, Рейндерс (Люис, 80), Бернарду Силва, Ҳоланд (Бобб, 80)
«Наполи»: Милинкович-Савич, Спинаццола, Буонджорно, Бекема, Ди Лоренцо, Лоботка (Гилмор, 71), Мактоминай, Де Брюйне (Оливера, 26), Замбо Ангисса (Элмас, 71), Политано (Жуан Жезус, 55), Ҳойлунд (Нерес, 71)
Огоҳлантириш: Политано, 52
Четлатиш: Ди Лоренцо, 21

ЕЧЛнинг 1-турида Манчестерга Италиянинг энг британча жамоаси ташриф буюрди. Де Брюйнени алоҳида таништириш шарт эмас, Кевин – «Сити» афсоналаридан бири. Шунингдек, «Наполи» сафида «МЮ»нинг собиқ футболчилари Мактоминай ва Ҳойлунд ўйнайди. Уларнинг учаласи ҳам бошланғич таркибдан ўрин олишди.

Лекин Кевиннинг «Манчестер Сити»га қарши илк учрашуви ўзи истаганидек кечмади. «Наполи» 21-дақиқадаёқ бир киши кам бўлиб қолди – жамоа сардори Жованни Ди Лоренцо қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Бу эса Антонио Контени де Брюйнени майдондан олиб, унинг ўрнига ҳимоячи Матиас Оливерани туширишга мажбур қилди.

Шундан кейин «Наполи» чуқур ҳимояга ётди, «Сити» меҳмонлар жарима майдонини қамал қилди. Италянлар 56-дақиқагача чидаб туришди, кейин эса Эрлинг Ҳоланд ўзини кўрсатди. Норвегиялик ҳужумчи бошда йўллаган зарбаси билан тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлади – бу ушбу форварднинг Чемпионлар лигасида 49 учрашувдаги 50-голи бўлди. Турнир тарихида ҳеч ким 50 голлик довонга бу қадар тез етиб келмаган. Таққослаш учун, «Арсенал» афсонаси Тиерри Анри ЕЧЛда 50-голини 112 ўйинда урган.

Тўққиз дақиқа ўтиб Жереми Доку «Наполи» ҳимоячиларининг бошини айлантириб ташлади ва жамоасининг ҳисобдаги устунлигини оширди. Шундан кейин ҳафта охирида АПЛ доирасида «Арсенал»га қарши ўйнайдиган «Сити» тежамкор режимга ўтди ва натижани сақлаб қолди.

Шу куни Абдуқодир Ҳусанов яна ўнг қанот ҳимоясида тушди ва мураббий ишончини оқлади.

Унинг «Наполи»га қарши ўйиндаги статистикаси:

✅ 93 марта тўпга тегиш
✅ 78/79 узатма (99 фоиз аниқлик)
✅ 2 марта рақибдан тўпни олиб қўйиш
✅ 2 та йўқотилган тўпни эгаллаб олиш
✅ 2/2 узун узатма
✅ 2/3 яккакурашда ғалаба
✅ 1 та зарбани блоклаш
✅ 1/1 муваффақиятли дриблинг
⭐️ 6.9 футболчига қўйилган баҳо.

«Нюкасл» – «Барселона» 1:2
Голлар:
Рэшфорд, 58 (0:1). Рэшфорд, 67 (0:2). Гордон, 90 (1:2)
«Нюкасл»: Поуп, Ливраменто, Берн, Шер (А. Мёрфи, 63), Триппиер (Ботман, 76), Жоэлинтон (Ж. Мёрфи, 63), Тонали, Гимарайнс, Барнс (Волтемаде, 63), Гордон, Эланга (Уиллок, 63)
«Барселона»: Х. Гарсия, Мартин (Э. Гарсия, 81), Кубарси (Кристенсен, 69), Араухо, Кунде, Педри, де Йонг, Рэшфорд (Олмо, 81), Фермин Лопес (Касадо, 90), Рафиня, Левандовски (Торрес, 69)
Огоҳлантиришлар: Жоэлинтон, 29. Бёрн, 45 – Мартин, 45. Фермин Лопес, 75. де Йонг, 82. Касадо, 90

Англиядаги ўйиннинг биринчи бўлими голсиз якунланди, танаффусдан кейин эса ўйин анча қувноқ кечди. Маркус Рэшфорд ватанидаги ўйинда ўзини кўрсатиб, тўққиз дақиқа ичида икки гол урди. Айниқса иккинчи гол чиройли чиқди — олис масофадан йўлланган тўп чиройли траектория бўйича ҳаракатланиб, дарвоза тўрига бориб тушди. Қайд этиш керакки, бу Рэшфорднинг жорий мавсумдаги илк голлари бўлди. У Испания чемпионатидаги тўрт ўйинда битта ҳам гол урмаганди.

Каталонияликлар хотиржамлик билан икки тўп фарқини сақлаб қолиш учун ўйнай бошлади, аммо «Нюкасл» 90-дақиқада интригани қайтарди. Энтони Гордон ҳисобдаги фарқни қисқартирди ва «Барселона» мухлислари сўнгги дақиқаларни ҳаяжон билан кузатишга мажбур бўлишди, аммо якунда ҳисоб ўзгармай қолди.

«Айнтрахт» Ф – «Галатасарой» 5:1
Голлар:
Юнус Оқкун, 8 (0:1). Санчес, 37 – автогол (1:1). Узун, 45 (2:1). Буркардт, 45 (3:1). Буркардт, 66 (4:1). Кнауфф, 75 (5:1)
«Айнтрахт» Ф: Цеттерер, Браун, Теат, Кох (Аменда, 79), Коллинз, Шаиби, Ларссон (Схири, 79), Кнауфф, Узун (Баойя, 71), Доан (Батшуайи, 84), Буркардт (Вахи, 71)
«Галатасарой»: Угуржан Чақир, Эрен Элмали (Якобс, 66), Санчес, Синго, Шоллои, Торрейра, Лемина (Икарди, 55), Бариш Йилмаз, Гундўған (Сара, 66), Сане (Кутужу, 66), Юнус Оқкун (Каан Ойхон, 77)
Огоҳлантириш: Буркардт, 5

«Галатасарой» Франкфуртдаги ўйинни соф марказий ҳужумчисиз бошлади. Осимхен жароҳатланган, ўтган мавсумда хочсимон боғламларини синдириб олган Икарди эса олти ойлик танаффусдан кейин эндигина индивидуал машғулотларга қайтган. Лекин «шерлар» бунга кўникиб қолган. Бу мавсумда вингер Бариш Йилмаз ҳужум марказида тушмоқда. Бу сафарги ўйинда эса жамоа бош мураббийи Окан Бурук бу позицияни Юнус Оқкунга ишонди ва хато қилмади. Ўйиннинг 8-дақиқасидаёқ айнан у Санедан пас қабул қилиб олди ва бир ҳаракат билан ҳимоячини йўлдан олиб, тўпни чиройли зарба билан олис бурчакка йўналтирди.

Сценарий «Галатасарой» учун идеал тарзда давом этиши мумкин эди, аммо Бариш дарвозагаа бир неча метр масофада туриб, тўпни юқорига тепиб юбориб, барчасини йўққа чиқарди. Унинг Туркия миллий жамоасидаги шериги Жан Узун эса вазиятни қадрлаш кераклиги бўйича унга сабоқ берди. Санчеснинг автоголи ортидан у қанотдан узатмани бир ҳаракат билан ўзига бўйсундириб, иккинчи ҳаракатда «тўққизлик»ни аниқ нишонга олиш орқали «бургутлар»ни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Бир дақиқа ўтмасдан меҳмонлар стандарт вазиятда учинчи голни ўтказиб юборишди. Танаффусдан кейин эса мезбонлар рақибни узил-кесил таслим этишди – 5:1. Жонатан Буркардт ажойиб ўйин ўтказди – икки гол ва голли пас. «Айнтрахт» охирги бор 1960 йилда еврокубок ўйинида беш гол урганди – «Селтик» дарвозасига. «Галатасарой»нинг бир йиллик танаффусдан кейин ЕЧЛга қайтиши эса жуда аянчли бошланди.

«Копенҳаген» – «Байер» 2:2
Голлар:
Ларссон, 9 (1:0). Грималдо, 82 (1:1). Роберт, 87 (2:1). Хатзидиакос, 90 – автогол (2:2)
«Копенҳаген»: Котарски, Лопес, Хатзидиакос, Габриэл Перейра, Уэскас, Ашури (Роберт, 79), Лерагер, Дилэйни (Мадсен, 55), Ларссон (Заге, 79), Мукоко (Классон, 69), Ал-Юнусси
«Байер»: Флеккен, Тапсоба, Баде (Эчеверри, 67), Куанса, Грималдо, Фернандес (Гарсия, 51), Андрих (Кофане, 88), Васкес, Тиллман (Маза, 51), Бен Сегир (Поку, 67), Шик
Огоҳлантиришлар: Лопес, 33. Хатзидиакос, 44. Дилэйни, 53 – Васкес, 62. Тапсоба, 89

Эрик тен Ҳагни ишдан бўшатгач, «Байер» Дания миллий жамоаси собиқ бош мураббийи Каспер Юлманнга ишонч билдирди. Лекин 53 ёшли мутахассиснинг Германияга олдинги келиши муваффақиятли чиқмаганди. 2014/15 йиллар мавсуми олдидан у «Майнц» бошқарувини қўлга олган, аммо бу лавозимда фақат ярим йил ишлаб, қониқарсиз натижалар туфайли қишда истеъфога чиқарилганди. Бу сафар нима билан якунланишини тахмин қилиш қийин, аммо Юлманнинг Леверкузендаги дебюти ёрқин кечди — мавсумни қаторасига икки ишончли ғалаба билан бошлаган «Айнтрахт» мағлуб этилди (3:1), ҳолбуки ўйин давомида «аспиринчилар»нинг икки футболчиси майдондан четлатилганди.

«Байер» ЕЧЛ ўйинида ҳам характер кўрсатиб, икки бор ҳисобни тенглаштирди. «Копенҳаген» тезкор гол уриб, ўйин охирларига қадар ҳисобдаги устунликни сақлаб туранди. Аммо меҳмонлар етакчиси, Алонсонинг чемпионлик таркибидан қолган Грималдо яна бир бор жарима зарбасини аниқ ижро этиб, ҳисобни тенглаштирди. Данияликлар яна бир бор ҳисобда олдинга чиқиб олганида эса Эчеверри уюштирган ҳужум Ҳацидиакос ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйиши билан якунланди.

«Спортинг» – «Қайрат» 4:1
Голлар:
Тринкан, 44 (1:0). Тринкан, 65 (2:0). Сантос, 67 (3:0). Кенда, 68 (4:0). Эдмилсон, 86 (4:1)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Юлманн, 21’
«Спортинг»: Виржиния, Араухо (Матеус Рейс, 66), Гонсалу Инасиу, Куарежма, Фреснеда, Кочорашвили (Морита, 61), Юлманн (Дебаст, 70), Гонсалвеш (Сантос, 61), Тринкан, Кенда, Суарес (Иоаннидис, 61)
«Қайрат»: Калмурза, Луиш Мата (Кургин, 81), Сорокин, Мартынович, Тапалов (Станоев, 70), Арад (Эдмилсон, 70), Касабулат (Садыбеков, 75), Громико, Жоржинио, Мринский (Рикардинио, 81), Сатпаев
Огоҳлантиришлар: Кочорашвили, 4. Суарес, 31. Кенда, 69. Дебаст, 79 – Жоржинио, 39. Сатпаев, 90

1-турда МДҲнинг турнирдаги икки вакилидан бири «Қорабоғ» Португалияда сенсация қайд этиб, «Бенфика»га қарши ўйинда 0:2 ҳисобини 3:2 га айлантира олганди. «Қайрат» эса фақат бир бўлим чидаб берди. Қозоғистон жамоаси ўйинни учинчи дарвозабон билан бошлади — 18 ёшли Шерхон Холмирза шундай даражадаги ўйинда дарвозани қўриқлашига тўғри келди. Ва ушбу йигитча биринчи бўлимда жуда яхши ҳаракат қилди. 21-дақиқада у Мортен Юлманнинг 11 метрдан йўллаган зарбасини оёқлари билан қайтариб қолди ва ЕЧЛда Миле Свилардан кейин пеналти қайтарган энг ёш иккинчи дарвозабонга айланди.

Аммо «Қайрат» танаффус арафасида барибир гол ўтказиб юборди. Иккинчи бўлим эса янада оғирроқ кечди. Франсиску Тринкан дублни расмийлаштирди, Жеовани Кенда ҳам «гол+пас» бўйича 2 (1+1) очко тўплади. Ўйин тақдири ҳал қилиб бўлинганида Эдмилсон «Қайрат»нинг Чемпионлар лигаси асосий босқичидаги илк голи муаллифига айланди. Унинг голи 86-дақиқада урилди, бу вақтга келиб қозоғистонликлар тўрт тўп фарқи билан ортда бораётганди.

«Брюгге» – «Монако» 4:1
Голлар:
Тресолди, 32 (1:0). Онедика, 39 (2:0). Ванакен, 43 (3:0). Дякон, 75 (4:0). Фати, 90 (4:1)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Аклиуш, 10’
«Брюгге»: Миноле (Яккерс, 19), Мейер (Сейс, 61), Меле, Ордонес (Спилерс, 81), Саббе, Станкович, Онедика (Аудор, 81), Ванакен, Тзолис, Тресолди, Боржеш (Дякон, 61)
«Монако»: Кен, Кайю Энрике (Керер, 46), Мависса (Уттара, 78), Дайер, Вандерсон, Минамино, Камара, Бамба (Кулибали, 46), Аклиуш, Балогун (Фати, 63), Бирет (Иленихеня, 63)
Огоҳлантиришлар: Миноле, 11. Ванакен, 67 – Мависса, 42. Кулибали, 72

Аввалига барчаси монегаскликлар учун жуда яхши бошланганди — меҳмонлар 10-дақиқадаёқ пеналти тепиш ҳуқуқига эга бўлди. Аммо Магнес Аклиуш «нуқта»дан 37 ёшли Симон Минолени алдай олмади. Белгиялик посбон эса 9 дақиқа ўтиб майдонни тарк этди — навбатдаги жароҳат.

Кейин эса ўйин бориши буткул ўзгариб кетди — «Брюгге» 11 дақиқа ичида учта гол урди. 33 ёшли Ҳанс Ванакен аввалига Николо Трезолдига ассистентлик қилди, кейин эса ўзи рақибларни ранжитди. «Монако» бундай зарбадан ўзига кела олмади, иккинчи бўлимда эса яна бир гол ўтказиб юборди. Фақат ўйинга қўшиб берилган дақиқалар бошланганида Ансу Фати ўз номини таблога ёздириб, ҳисобни бироз қисқартирди. «Брюгге» ўтган мавсумда кутилмаганда 1/8 финалгача борганди. Уларнинг бу сафарги юришини кузатиш ҳам қизиқ бўлади.

Муаллиф:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид