Жаҳон | 20:35 / 09.04.2026
4481
2 дақиқада ўқилади

Мигрантларни Россиядан чиқариб юбориш учун асослар сони икки баробар оширилади

Чиқариб юбориш учун янги асослар рўйхатига жамоат тартибини бузиш, хизмат вазифасини бажариш чоғида полиция ва Росгвардия ходимларининг талабларига бўйсунмаслик каби ҳаракатлар киритилади.

Фото: ТАСС

Россия Давлат думаси кенгаши келгуси ҳафтада чет эл фуқароларини Россиядан чиқариб юбориш асосларини кенгайтиришга қаратилган қонун лойиҳасини кўриб чиқади, деди Давлат думаси спикери Вячеслав Володин.

Қонун лойиҳаси билан мигрантларни Россиядан чиқариб юбориш учун асослар сонини икки баробарга ошириш режа қилинмоқда. Чиқариб юбориш учун янги асослар рўйхатига жамоат тартибини бузиш, хизмат вазифасини бажариш чоғида полиция ва Росгвардия ходимларининг талабларига бўйсунмаслик, шунингдек, ҳаётни таъминлаш объектлари ва транспорт инфратузилмаси ишига тўсқинлик қилувчи ҳаракатлар киритилади.

Қўшимча асослар орасида интернетда инсон қадр-қимматини камситувчи материалларни тарқатиш, шунингдек, Россия Қуролли Кучларини обрўсизлантириш сифатида баҳоланадиган оммавий ҳаракатлар ёки Россия, унинг фуқаролари ёки компанияларига қарши санкциялар жорий этиш ёки уларни узайтиришга чақириқлар мавжуд. Бир қатор ҳуқуқбузарликлар учун чиқариб юборишдан ташқари, қонун лойиҳаси жарималарни ҳам назарда тутади, уларнинг миқдорини ошириш таклиф қилинмоқда.

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда хорижликларни 22 та модда - хусусан, гиёҳванд моддалар савдоси, педофилия ва жинсни ўзгартиришни тарғиб қилиш, шунингдек, иммиграция қоидаларини бузганлик учун маъмурий тарзда чиқариб юбориш назарда тутилган. Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда Россия қонунчилигини бузгани сабабли 72 минг чет эл фуқароси мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.

Ҳукумат аввалроқ Давлат Думасига меҳнат мигрантларидан мамлакатда қолиш ҳуқуқини сақлаб қолиш учун яшаш минимумидан кам бўлмаган даромадни тасдиқлашни талаб қилувчи қонун лойиҳасини киритган эди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид