Жаҳон | 09:27
1352
3 дақиқада ўқилади

Россия мудофаа вазири собиқ ўринбосари Попов 19 йилга қамалди

Россия мудофаа вазирининг собиқ ўринбосари Павел Попов қаттиқ тартибли колонияда 19 йил жазога ҳукм қилинди. Жумладан, 69 ёшли собиқ амалдор Москва вилоятидаги “Патриот” боғидан 25,8 миллион рубл маблағни талон-торож қилишда айбдор деб топилди.

Фото: AP

Собиқ мудофаа вазири ўринбосари Павел Попов Москва вилоятидаги “Патриот” боғидан 25,8 миллион рубл ўғирлаш иши бўйича қаттиқ тартибли колонияда 19 йил жазога ҳукм қилинди. Бу қарорни 10 апрел, жума куни, Москвадаги 235-гарнизон ҳарбий суди қабул қилди.

Бундан ташқари, 69 ёшли Попов 85 миллион рубл миқдорида жаримага тортилди, армия генерали унвони ҳамда давлат мукофотларидан маҳрум қилинди. Унга, шунингдек, етти йил давомида давлат хизмати ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида лавозим эгаллаш тақиқланди. Яна суд қарорига кўра, Поповдан 45,6 миллион рубл федерал бюджет фойдасига мусодара қилиниши белгиланди.

Собиқ вазир ўринбосарига бундай жазо тайинланишига сабаб, у пора олиш, фирибгарлик, қуролни ноқонуний сақлаш, хизмат сохтакорлиги ва мансаб ваколатини ғаразли манфаат йўлида оғир оқибатларга олиб келган ҳолда суиистеъмол қилиш каби айбловлар бўйича айбдор деб топилганидир. Попов соғлиғи туфайли суд залида бўлмаган ва мажлисда тергов ҳибсхонасидан видеалоқа орқали иштирок этган. У айбини тан олмаган. Поповнинг адвокати РБК'га берган изоҳида ҳукмни “жоҳиллик” деб атаб, шикоят қилишини айтган.

Павел Попов 2013 йил ноябридан бери мудофаа вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган. Россия президенти Владимир Путин уни 2024 йил июн ойида, яъни вазир Сергей Шойгу лавозимидан олинганидан бир ой ўтиб, вазифасидан озод қилган. 2024 йил 29 августда Попов қўлга олинган ва ўша куниёқ унга алдаш йўли билан пул маблағларини талон-торож қилиш ҳамда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш айбловлари қўйилган. Гап 2021–2024 йилларда Мудофаа вазирлиги маблағлари ва “Патриот” боғини таъмирлаш ҳамда хизмат кўрсатиш учун ажратилган пуллар ҳисобига Красногорск яқинидаги шахсий далаҳовлини қуриш ҳақида кетмоқда.

Попов билан бирга шу иш бўйича “Патриот” боғининг собиқ директори Вячеслав Ахмедов ва Мудофаа вазирлигининг Инновацион ривожланиш бош бошқармаси собиқ раҳбар ўринбосари, генерал-майор Владимир Шестеров ҳам жавобгар сифатида ўтган. Иш фигурантларининг ноқонуний бойиши умумий суммада 60 миллион рублдан ортиқ деб баҳоланган.

Шестеров ва Ахмедов тергов билан ҳамкорлик қилиш бўйича судгача келишув тузган. Биринчиси 2025 йил июл ойида умумий тартибли колонияда олти йилга, иккинчиси эса август ойида беш йилга ҳукм қилинган. Худди ўша пайтда Попов ишида ўта катта миқдорда пора олиш билан боғлиқ яна икки эпизод пайдо бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид