Ўзбекистон | 17:55 / 13.01.2026
3931
3 дақиқада ўқилади

Иссиқхоначилик соҳаси қайта кўриб чиқилади. Бунинг учун Лойиҳа офиси очилмоқда

Президент фармони ва ҳукумат қарори асосида, Ўзбекистонда иссиқхона соҳасини ислоҳ қилиш бўйича дастур қабул қилинади. Дастурни халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида очилаётган Лойиҳа офиси ишлаб чиқади.

Фото: Kun.uz

Иқлим ўзгариши, тупроқ деградацияси, сув тақчиллиги, геосиёсий чақириқлар – буларнинг ҳаммаси озиқ-овқат хавфсизлиги масаласига жиддий ёндашишни, хусусан соҳадаги охирги – юқори технологик ечимларни жорий қилишни буюрмоқда.

Kun.uz Ўзбекистондаги иссиқхоналар ҳолатини кўрсатувчи “Ўлган иссиқхоналар” ҳамда бешинчи авлод иссиқхоналари ҳақидаги “Келажак иссиқхонаси” номли ҳужжатли филмларини эътиборингизга ҳавола қилганди.

Ҳукумат ҳозирда соҳани ислоҳ қилиш чораларини кўрмоқда. 2025 йил 8 октябр куни “Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” президент фармони қабул қилинган эди. Фармонга мувофиқ, халқаро консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган дастур ишлаб чиқиш ва бунда самарали бошқарув тизимини йўлга қўйишга масъул ташкилот таъсис этиш белгиланган эди.

2026 йил 7 январ куни ушбу дастурни ишлаб чиқиш ишларини мувофиқлаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2-сонли қарори қабул қилинди ва унда 6 та штат бирлигидан иборат Лойиҳа офиси (Иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган дастурни ишлаб чиқиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича лойиҳа офиси) очилиши белгиланди.

Лойиҳа офиси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида алоҳида юридик шахс бўлади. Унинг раҳбари ва ходимлари Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Лойиҳа офиси ўз фаолиятида Вазирлар Маҳкамасининг Инвестициялар, экспорт, савдо, қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари котибиятига ҳисобдор бўлади.

Лойиҳа офисининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган дастурга қўйиладиган талаблар ва техник шартларни белгилаш;
  • дастурни ишлаб чиқишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш;
  • халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, шунингдек, халқаро баҳолаш ташкилотлари ва консалтинг компанияларининг иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича берган тавсияларини умумлаштириш, таҳлил қилиш ҳамда мақбул ташаббусларни амалиётга жорий этишни таъминлаш.

Лойиҳа офиси иссиқхона хўжаликларини ривожлантириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларини институционал таҳлил қилиш ва ислоҳотларнинг асосий йўналишларини белгилаш билан машғул бўлади.

Шокир Шарипов
Тайёрлаган Шокир Шарипов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид