Жаҳон | 21:13 / 10.06.2024
11264
2 дақиқада ўқилади

Бортида Малави вице-президенти бўлган самолёт радарлардан йўқолиб қолди

Малави вице-президенти Саулос Чилима ва яна 9 кишини олиб учган самолёт йўқолиб қолган. Бу ҳақда Малави президенти офиси маълум қилди.

Фото: REUTERS / Eldson Chagara

Расмий хабарга кўра, Малави мудофаа кучларига тегишли самолёт душанба куни маҳаллий вақт билан соат 9:17 да мамлакат пойтахти Лилонгве шаҳридан ҳавога кўтарилгач, радарлардан йўқолиб қолган.

Самолёт парвоз бошланганидан 45 дақиқа ўтиб Мзузу халқаро аэропортига (мамлакатдаги учинчи энг йирик шаҳар) қўниши керак бўлган.

Тегишли хизматлар қидирув ва қутқарув ишларини бошлаб юборган. Республика президенти Лазарус Маккарти Чаквера Баҳам оролларига режалаштирилган сафарини бекор қилган.

Малави Республикаси – Африка қитъасининг жанубида жойлашган, 20 миллионга яқин аҳолига эга, дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири.

Эслатиб ўтамиз, 19 май куни бортида Эрон президенти Иброҳим Раисий ва яна 6 киши бўлган вертолёт Озарбойжон билан чегара яқинида ҳалокат учраган, оқибатда улардан ҳеч бири тирик қолмаганди. Ҳодиса бўйича бирламчи ҳисоботга кўра, ҳалокатга учраган вертолёт бўлакларида ўқ излари ёки шунга ўхшаш талафот аниқланмаган, диспетчерлар ва экипаж ўртасидаги суҳбатларда шубҳали ҳеч нарса сезилмаган.

Мавзуга оид