Иқтисодиёт | 12:30 / 16.09.2021
37143
6 дақиқада ўқилади

Якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқ ставкаси икки бараварга пасайтирилади

Фото: iStock

Жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб Якка тартибдаги тадбиркорларнинг (ЯТТ) солиқ идораларига даромад солиғини тўлаганлиги ҳақидаги ҳисоботни топшириш мажбурияти бекор қилинади. 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи ЯТТлар белгиланган ижтимоий солиқ ставкасини икки бараварга пасайтирилган ҳолда тўлайди.

«Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги президент фармони имзоланди.

Белгиланишича, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагилар бекор қилинади:

·       Якка тартибдаги тадбиркорларнинг (ЯТТ) солиқ идораларига даромад солиғини тўлаганлиги ҳақидаги ҳисоботни топшириш мажбурияти;

·       алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган тақиқ;

2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи ЯТТлар белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси икки бараварга пасайтирилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида тўлайди.

Савдо-саноат палатасига маҳаллий шартномалар доирасида юзага келадиган форс-мажор ҳолатларини тасдиқлаш ваколати берилади.

2021 йил 1 октябрдан давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг назорат функциялари тегишли тартибда бекор қилинади.

Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг қонунчилик талабларига мувофиқлигини текшириш бўйича давлат назорати функциялари рўйхати қонун билан тасдиқланади ва рўйхатга киритилмаган давлат назорати функцияларини амалга оширишга йўл қўйилмайди.

2022 йил 1 апрелдан босқичма-босқич мажбурий талабларнинг электрон реестри жорий қилинади. Мазкур реестр Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан шакллантирилади ва юритилади.

2022 йил 1 январдан бошлаб:

·       назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текширади;

·       текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисоби электрон тарзда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан юритилади.

2022 йил 1 апрелга қадар тадбиркорлик соҳасида давлат назорати билан боғлиқ катта ҳажмдаги маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш имконини берувчи, шунингдек, қуйидаги имкониятларга эга «Ягона давлат назорати» ахборот тизими ишлаб чиқилади ва ишга туширилади:

·       давлат назорати функциялари, мажбурий талаблар, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ҳуқуқига эга мансабдор шахсларнинг электрон реестрларини шакллантириш ва юритиш;

·       текширувларни электрон рўйхатга олиш ва Текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисобини юритиш;

·       тадбиркорлик субъектларини тегишли мажбурий талаблар бўйича онлайн ўқитиш ва фаолияти мажбурий талабларга мослиги бўйича ўзини ўзи текшириш механизмларини жорий қилиш;

·       назорат қилувчи органлар томонидан амалга ошириладиган текширишларнинг белгиланган тартибда ўтказилишини баҳолаш.

2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси жорий қилинади.

 

2021 йил 1 ноябрга қадар Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Ягона давлат назорати» ахборот тизимини ишлаб чиқиш учун 1 миллиард сўмгача бўлган миқдорда маблағлар ажратилади.

Бундан аввалроқ ҳам, Президент Шавкат Мирзиёев 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида «Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолаган эди.

Фармонга мувофиқ:

·       2022 йил 1 январдан бошлаб камерал солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланмайди;

·       тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ ҳисоботини белгиланган муддатларда тақдим этмаганлик учун молиявий санкциялар бекор қилинади.

Шунингдек, президентнинг «Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари учун қуйидаги имтиёз ва преференциялар назарда тутилган:

·       2020 йил 1 октябрь ҳолатига махсус иқтисодий зона иштирокчиси бўлган тадбиркорлик субъектларининг фойда солиғи бўйича имтиёзи қайта тикланмоқда;

·       2021 йил 15 сентябрдан махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига ўз эҳтиёжлари учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар импорт қилишда ҚҚС ва божхона божларини таъминотсиз ва фоизсиз 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилмоқда;

·       ҚҚС бўйича ҳосил бўлган ортиқча тўловларни соддалаштирилган тартибда 7 кун ичида қайтариш тизими жорий этилмоқда.

Мавзуга оид