Жаҳон | 13:23 / 05.06.2024
19400
10 дақиқада ўқилади

Остонадан Вашингтонгача – турли давлатлар пойтахтини нега ўзгартирган?

Шу пайтгача дунёнинг кўплаб давлатлари турли сабаблар билан ўз пойтахтини ўзгартирган. Қайсидир давлатда экологик муаммолар бошлангани ёки шаҳар жуда тиқилинч бўлиб қолгани учун, бошқасида эса мамлакатнинг турли ҳудудларини ривожлантириш учун пойтахтлар кўчирилган. Яна баъзиларининг кўчирилишига сиёсий, бошқаларига иқтисодий омиллар сабаб бўлган.

Режага кўра жорий йилда дунёдаги йирик мамлакатлардан бири Индонезия мамлакат пойтахтини Калимантан оролида тикланган янги Нусантара деб номланган шаҳарга кўчиради.

Индонезия мамлакат пойтахтини кўчириш ҳақида 2019 йилда эълон қилган ва ўшанда жой танланиб, қурилиш ишлари 2020 йилда бошланиши эълон қилинганди. Аммо коронавирус пандемияси режаларни ўзгартириб юборди ва қурилиш ишлари айтилган муддатдан анча кечикиб бошланди.

Янги пойтахт 2024 йилда қуриб битказилиши ва унга 30 млрд доллардан ошиқроқ маблағ сарфланиши режалаштирилганди.

Индонезия раҳбарияти пойтахт Жакарта экологик ва иқтисодий муаммоларга учраётгани сабабли пойтахтни бошқа жойга кўчиришга қарор қилган. Ҳозирда шаҳарнинг бир қисми ҳар йили 10 сантиметрга чўкиб бормоқда ва тошқинлар юз бериши хавфи мавжуд.

Пойтахтлар турли сабаблар билан кўчирилган. Баъзилари иқтисодий ёки сиёсий сабаблар билан, бошқалари экология туфайли кўчирилган.

Қуйида пойтахтини кўчирган давлатларнинг айримлари билан танишамиз. Уларнинг баъзилари ўз пойтахтини ўрта асрлардаёқ кўчирган бўлса, айримлари бундан бир неча йил олдин кўчирган.

АҚШ

Океан ортидаги бу давлат пайдо бўлгандан сўнг бир нечта шаҳар унга пойтахтлик қилган. Жумладан, АҚШ илк ташкил этилганда унинг пойтахти Филаделфия эди.

Сўнг Балтимор, Ланкастер, Нью-Йорк шаҳарлари ҳам турли йилларда Қўшма Штатлар пойтахти бўлган.

1880 йилда пойтахт Филаделфиядан Колумбия округи маркази бўлган Вашингтон шаҳрига кўчирилган. Ўшандан буён АҚШ пойтахти ўзгармай келяпти.

Россия

Бу давлатнинг пойтахти 1712 йилгача Москва шаҳри бўлган. 18-асрнинг бошларида Болтиқ денгизи бўйида Петр I томонидан Санкт-Петербург шаҳри қурилади ва 1712 йилда пойтахт шу шаҳарга кўчирилади.

Ўшанда пойтахтни кўчиришдан асосий мақсад Болтиқ денгизи орқали Европа давлатларига осон чиқиш ва Швеция ҳамда Полшадан бўлаётган хавфни камайтириш бўлган.

1917 йилда содир бўлган октябр тўнтаришидан сўнг Россияда фуқаролар уруши бошланиб кетади. Ана шундай талотўп замонларда, 1922 йилда пойтахт яна Москвага кўчирилади. Ўшандан буён бу шаҳар Россиянинг пойтахти бўлиб келяпти.

Покистон

1949 йилда Покистон инглизлардан мустақил бўлганда Карачи шаҳри унинг пойтахти бўлади. 1958 йилда пойтахт Панжоб вилоятида жойлашган Равалпинди шаҳрига кўчирилади.

1962 йилда Равалпинди яқинида пойтахт учун алоҳида шаҳар қурилиши бошланади. Шаҳар битгач унга Исломобод деб ном берилади. Ўшандан буён Исломобод Покистон пойтахти бўлиб келмоқда.

Бразилия

Жанубий Америкадаги бу давлатнинг пойтахти 1960 йилгача Рио-де-Жанейро бўлган. Шу йили пойтахт мамлакат ичкарироғида қурилган Бразилиа шаҳрига кўчирилган.

Бразилияда пойтахтни кўчиришга эҳтиёж бор эди. Чунки Рио-де-Жанейро Атлантика океани бўйида жойлашганди. Ҳукумат мамлакатнинг марказий ва ғарбий ҳудудларини ривожлантириш мақсадида пойтахтни анча ичкарига кўчиришга қарор қилади.

Бундан ташқари, Рио-де-Жанейро пойтахт бўлган даврларда мамлакатнинг яна бир йирик шаҳри Сан-Паулу шаҳри ҳам пойтахтликка даъвогарлик қиларди. Ҳукумат пойтахтни бошқа жойга кўчириб шу муаммони ҳам ҳал қилади ва шундан сўнг икки шаҳар ўртасидаги рақобат тўхтайди.

Германия

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Германия иккига бўлинади ва унинг пойтахти бўлган Берлин советлар таъсир доирасидаги ГДР ҳудудига ўтиб қолади.

Шундан сўнг шаҳар ҳам иккига бўлинади. Унинг “Ғарбий Берлин” деб аталган қисми ГФРга, қолгани ГДРга берилади.

ГДР шаҳарнинг ўзига тегишли қисмини мамлакат пойтахти деб эълон қилади. ГФР эса ўзига пойтахт сифатида Бонн шаҳрини танлайди. 1989 йилда Германия бирлашгач ГФР пойтахти Бонндан Берлинга кўчирилади.

Нигерия

Нигерия Африкадаги аҳолиси энг кўп давлат ҳисобланади. Бу давлатнинг пойтахти 1991 йилгача Лагос бўлган. Шу йили пойтахт Абужа шаҳрига кўчирилган.

Бунга Лагос шаҳрининг жуда ҳам катталашиб кетгани ва шаҳарда экологик вазият оғирлашгани сабаб бўлган. Бундан ташқари шаҳарда диний ва этник можаролар ҳам содир бўлиб турарди.

Пойтахтни Лагосдан Абужага кўчириш ҳақидаги қарор 1976 йилда қабул қилинган ва ўша пайтда Абужа кичик шаҳарча эди.

Янги пойтахт лойиҳасини япониялик меъмор чизган ва қурилиш ишлари 1980 йилда бошланган. Турли маъмурий идораларни янги пойтахтга кўчириш 1986 йилда бошланган ва жараён 1991 йилда тугатилган.

Пойтахт кўчирилгандан сўнг Абужа тез ривожланиб кенгая бошлайди. Ҳозир бу шаҳарда қарийб 1,5 млн аҳоли яшайди.

Танзания

1996 йилгача Танзания пойтахти Дорус-Салом шаҳри бўлган. Бу давлатда ҳам вазият Бразилиядаги каби эди. Дорус-Салом Ҳинд океани қирғоғида жойлашган, мамлакат ичкариси эса қолоқ эди.

Ана шундай вазиятда 1993 йилда ҳукумат мамлакатнинг марказий ва ғарбий ҳудудларини ривожлантириш мақсадида пойтахтни Додома шаҳрига кўчиришга қарор қилади.

1996 йилда пойтахт кўчирилади. Бироқ айрим хорижий давлатларнинг элчихоналари ҳанузгача Дорус-Салом шаҳрида сақланиб қоляпти. Шаҳарда ҳозир 2 млн кишидан ошиқ одам яшаяпти.

Мянма

Бу давлат пойтахти узоқ йиллар мобайнида Янгон (Рангун) шаҳри бўлиб келган. 2005 йилда пойтахт Нейпидо шаҳрига кўчирилади. Пойтахтнинг нега кўчирилгани сабаблари аниқ эмас.

Мянмада одамлар башоратчиларга жуда ишонади. Турли маълумотларга кўра мамлакат ҳукумати ҳам башоратчилар таъсирига тушиб пойтахтни кўчирган.

Мянмада ҳам пойтахтнинг кўчирилишига Рангунда аҳоли сонининг ортиб кетгани сабаб бўлган бўлиши ҳам мумкин. Бироқ бу ҳақда аниқ маълумотлар йўқ.

Ҳозирги кунда Рангунда 7 миллион, Нейпидода эса 1 миллиондан ошиқ одам яшайди.

Миср

2016 йил 27 апрел куни Миср президенти Абдулфаттоҳ Сиси Мисрнинг янги пойтахти, Янги Қоҳира шаҳрида барпо этилган ИИВ биносини очиб беради. Шу тариқа, Миср пойтахтини Қоҳирадан Янги Қоҳирага кўчириш бошлангани эълон қилинди.

Дунёдаги машҳур шаҳарлардан бири бўлган Қоҳира минг йиллардан буён Мисрга пойтахтлик қилиб келди. 20-асрга келиб шаҳар янада кенгайди, аҳолиси кўпайди. Шундан сўнг Қоҳирада оқава сувлар ва чиқиндилар билан боғлиқ муаммолар бўй кўрсата бошлади.

Бугунги кунда Қоҳирада шаҳар атрофи билан қўшиб ҳисоблаганда 15 миллиондан ошиқ аҳоли яшайди ва у чиқиндилар билан тўлиб тошган.

Ана шундай ҳолатда 2000 йилда Миср ҳукумати янги шаҳар қуриш ва мамлакат ройтахтини унга кўчириш бўйича қарор қабул қилади. Янги шаҳар учун Қоҳирадан 45 километр узоқликда, денгиз сатҳидан 250-300 метр юқорида бўлган 30 минг гектар ер ажратилади.

Шундан сўнг бош лойиҳа қабул қилиниб, унга кўра қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Янги пойтахт келажакда 5 миллион аҳоли яшашига мўлжал қилиб қурилган.

Қозоғистон

Пойтахтини кўчирганлар орасида қўшни Қозоғистон ҳам бор. 1991 йил 16 декабр куни Қозоғистон ўз мустақиллигини эълон қилганда унинг пойтахти Олмаота шаҳри эди. 1997 йилда пойтахт Оқмўла (собиқ Целиноград) шаҳрига кўчирилади.

1998 йилда шаҳар номи Остона, 2019 йил 23 март куни Нур-Султон деб ўзгартирилади. 2022 йил 17 сентябр куни Қозоғистон пойтахтига Остона номи қайтарилади.

Қозоғистон мустақил бўлгач ҳудудларни ривожлантиришда айнан пойтахт кўчирилиши ҳам катта рол ўйнади. Олмаота мамлакатнинг жанубий-шарқий қисмида, Қирғизистон билан чегарага яқин жойда жойлашганди.

Олмаота ва бошқа йирик шаҳарлар орасидаги масофа жуда узоқ эди. Пойтахт Остонага кўчгач ўнга яқин шаҳарлар билан унинг орасидаги масофа қисқарди.

Остона пойтахт бўлишидан аввал бу ерда 300 минг атрофида аҳоли бўлган. Пойтахт бўлгач шаҳар кескин ривожланди ва аҳоли сони миллион нафардан ошди.

Айнан пойтахт кўчирилиши билан Қозоғистон бир тарафдан ҳудудларни ривожлантирди. Бошқа томондан бу иш Олмаотани аҳоли сони кескин ошиб кетишидан ва шаҳарда турли муаммолар келиб чиқишидан асраб қолди.

Агар октябр тўнтаришидан кейинги қозоқлар республикаси тарихига қаралса илк тузилган Алаш-Ўрда мухториятининг пойтахти Семипалатинск (Алаш-қалъа) шаҳри бўлган.

1919 йил 10 июл куни РСФСР таркибида ташкил этилган Қирғиз ўлкаси (советлар Қозоғистонни бошда шундай деб номлашган) пойтахти этиб Оренбург шаҳри (Бу шаҳар ўша пайтда қозоқлар республикаси таркибида бўлган) танланади.

1925 йил 17 июл куни пойтахт Оқ Мачит шаҳрига кўчирилади. Орадан бир ҳафта ўтгач шаҳар номи Қизил Ўрда деб ўзгартирилади.

1927 йил 3 апрел куни бу пайтга келиб номи Қирғиз АССРдан Қозоғистон АССРга ўзгартирилган республика пойтахти Олмаота шаҳрига кўчирилади.

Австралия

Европаликлар Австралияга кўчиб боргач қитъанинг жанубий-шарқий қисмида иккита йирик шаҳар – Сидней ва Мелбурн шаклланади. Австралия мустақил бўлгач ҳар икки шаҳар пойтахт бўлиш учун рақобатга киришади.

Ана шундай вазиятда мамлакат ҳукумати пойтахт учун алоҳида шаҳар қуришга қарор қилади. Шунда Мелбурн шаҳар маъмурияти талаби билан янги пойтахт Сиднейдан камига 160 км узоқроқда бўлиши белгиланади.

1908 йилда Сиднейдан 250, Мелбурндан 450 км узоқликда, улар ўртасидаги ҳудудда пойтахт тиклаш ҳақида қарор қабул қилинади. 1913 йилда америкалик архитекторлар лойиҳаси асосида қурилиш ишлари бошланади.

Пойтахт Канберра деб номланади ва у 1913 йилдан буён Австралияга пойтахт ҳисобланади. Ҳозирги кунда Канберра-Куинбиан агломерациясида ярим миллион аҳоли яшайди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид